«Ҳалол туризм» нимани англатади?

179

Маълумки, дунё миқёсида Ислом динига эътиқод қилувчи 1,6 миллиард аҳоли бўлиб, шундан қарийб 150 миллиони ҳар йили саёҳатга чиқади.

«Ҳалол туризм», бу – оилавий ҳордиқ чиқариш, ҳамёнбоп турар жойларда тунаш, сифатли ва покиза шохобчаларда овқатланиш, камчиқимликни хуш кўриб, исрофдан ўзини тиядиган кишилар учун яратилган хизматдир.

8 май куни «Ortadogu Grup» компанияси томонидан «Radisson Blu Hotel Tashkent» меҳмонхонасида ташкил этилган «Ҳалол туризм йўналишида тажриба алмашинуви, ҳамкорлик ва истиқболли ҳаракат мавзу»сидаги анжуманда ана шундай маълумотлар берилди.

Айни пайтда юртимизга олиб кирилаётган «ҳалол» ёрлиқли озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматларга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки яқин-яқиндан минтақамизда «Ҳалол туризм» атамаси қўлланила бошланди.

2017 йили «Ҳалол туризм» бўйича «Crescent Rating» томонидан тузилган рейтингда Ўзбекистон 28-поғонани эгаллади. Биринчи ўнталикдан эса Малайзия, Индонезия, Марокаш ва Туркия сингари мамлакатлар ўрин олган.

«Ҳалол туризм»  соҳасида халқаро тажрибани таҳлил этсак, 40 йилдан буён нафақат Туркия, балки дунёнинг турли мамлакатларида йирик лойиҳаларни амалга ошираётган «Ortadogu Grup» компанияси «Ҳалол туризм» стандартларига тўла жавоб берадиган «Wome Deluxe» оилавий меҳмонхонаси ва «Nisantasi» шифохонаси хизматлари билан тилга тушганини кўрамиз.

Ушбу меҳмонхона 2017 йилнинг 365 куни давомида танаффуссиз 255 минг кишига хизмат кўрсатган.

Унда эркаклар ва аёллар учун алоҳида ҳовузлар, оилавий ҳордиқ чиқариш объектлари, болалар учун ўйингоҳлар мавжуд. Айни пайтда ушбу амалиётни Ўзбекистонда ҳам қўллаш орқали туризмдан катта фойда олиш мумкинлиги таъкидланаяпти.

– Ўзбекистон ва Туркия Президентларининг ташаббуси билан ўзаро ҳамкорлигимизнинг янги саҳифаси очилди, – дейди «Ortadogu Grup» компания­си вакили Масуд Мендерес Карабоға.

Ўзбек халқи – Истанбул, Анталия ва Бодрумни қанчалик яхши кўрса, Туркияда ҳам Самарқанд, Бухоро ва Хивани севувчи миллионлаб фуқаролар бор. Биз Ўзбекистонни ота юртимиз, деб биламиз ва унинг туризм соҳасида ҳам ривожланишига ўз ҳиссамизни қўшиш истагидамиз. Шу боис Ўзбекистонга шунчаки йиғилиш ўтказгани эмас, балки ўз амалиётимизни таништиргани, тажриба алмашгани келдик.