Ўқитувчи-тадбиркор 800 кг. лимон олмоқчи

171

Шавкат Жуманов Пайариқ туманининг Кўпаки қишлоғида жойлашган 26-умумтаълим мактабида жисмоний тарбия фанидан дарс беради.

– Тўрт йил олдин томорқанинг кунгай томонидан 1,5 сотих ер кавлаб, табиий иссиқхона қургандик, – дейди Шавкат Жуманов. – Иссиқхонанинг икки четидаги тўрт метрли иккита қудуқ, тупроққа аралаштирилиб солинган гўнг лимон учун зарур ҳарорат ва намни сақлаб туради. Ўша йили экилган 14 туп лимон икки йилдирки ҳосил бераяпти. Бултур 600 килограмм ҳосил олгандик. Насиб бўлса, 2019 йил арафасида 800 килограммни мўлжаллаб турибмиз.

«Иш билганга минг танга», деган нақл айнан Шавкат Жуманов кабиларга нисбатан айтилгандай. Тадбиркор-ўқитувчи лимондан олаётган даромадини янада кўпайтириш мақсадида 3,5 сотих ерга 28 туп апельсин ва мандарин кўчати эккан эди. Бу йил улар ҳам нишона тугди. Бу йил эса томорқадаги ернинг бўш қисмига 100 туп интенсив ёнғоқзор ҳам барпо этди.