ЗАРБДОРЛИК ШАҲЗОДАНИНГ МУВАФФАҚИЯТЛАРИ

265

Шаҳзода Яркулова 2007 йили Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида туғилган. Ёшлигидан стол теннисига меҳр қўйган Шаҳзода айни пайтда 2-умумтаълим мактабининг 5-синфида таҳсил олмоқда. Ўқувчилар орасида Шаҳзодага ўхшаган спортчи ёшлар сони ортиб бораётгани эса мактабнинг спорт борасида қўлга киритаётган ютуқлари салмоғини кўрсатади, албатта. Хусусан, мактабнинг волейболчилар жамоаси 2017 йилда «Умид ниҳоллари» мусобақасининг вилоят босқичида 3-ўринни эгаллаган бўлса, жорий йилда ҳам ушбу босқичда муваффақиятли иштирок этди. Бундан ташқари, футбол, шахмат-шашка, енгил атлетика сингари спорт турлари бўйича ўтказилаётган мусобақаларда ҳам  ушбу мактаб ўқувчилари кетма-кет ғолибликни қўлга киритмоқдалар.

– Спорт билан шуғулланаётган ўғил-қизларимиз жами ўқувчиларимизнинг 30 фоиздан зиёдини ташкил этади, – дейди мактаб директори Пардақул Ҳамроқулов.  – Масалан, Шаҳзода Ярқуловани олайлик. У ўтган йили Гулистон ҳамда Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган стол тенниси мусобақаларида Ўзбекистон чемпионлигига эришди. Тошкент шаҳри мезбонлик қилган «Соғлом авлод кубоги» мусобақасида эса 2-ўринга муносиб топилди. Бундай ўқувчиларни соғлом турмуш тарзининг реал тарғиботчилари, деб атагим келади. Шунинг учун ҳам улар ҳар доим мактабимиз фахри бўлиб қоладилар.

Шу ўринда чемпион қизга бир неча йилдан буён тарбия бериб келаётган фидойи мураббий Улуғбек Бўрибоев ҳам унга жуда катта ишонч билдираётганини таъкидлаш жоиз.

–          Шаҳзодага ўхшаган қизларимиз ҳамда спортнинг бошқа турлари бўйича туман ва вилоят мусобақаларида ғолиб ҳамда совриндор бўлиб келаётган йигитларимиз эртага шубҳасиз, катта спортда ҳам муваффақият қозонадилар, – дейди У.Бўрибоев.

 Биз ҳам Шаҳзода ва унинг мактабдош дўстларига жаҳон ареналарида ҳам юртимиз байроғини баланд кўтаринг, деб қоламиз.

Дилноза БАФАЕВА