«Hamkorbank» облигацияси Лондон фонд биржасига жойлаштирилди

160

«Самарқанд», деб номланган ушбу облигация Лондон фонд биржасига жойлаштирилди. Мутахассисларнинг фикрича, икки йиллик облигация ривожланаётган бозорлар учун мўлжалланган активларни бошқариш бўйича Европа фондлари билан бирга жойлаштирилган бўлиб, мазкур битим ташкилотчиси сифатида эса ING Bank иштирок этди.

Облигация сотувидан тушадиган даромад Ўзбекистоннинг етакчи банкларидан бири бўлган «Hamkorbank» АТБни молиявий қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилади, албатта. Бу эса банкнинг молиявий салоҳиятини ошириб, кичик бизнес субъектларининг хорижий валютада қарз олиш билан боғлиқ таваккалчиликларини барқарорлаштиришга имкон беради.

– Миллий валюта – сўмдаги инаугурация облигацияларининг чет эллик инвесторларда қизиқиш уйғотганлигидан мамнунмиз, – дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов.

–Ушбу келишувнинг муваффақиятли якунланиши юртимизда инвесторлар сафини кенгайтириш ва халқаро капитал бозорида валюта профилини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ушбу муҳим келишувни амалга оширишда катта ёрдам берган IFCга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

– Миллий валюта яъни сўмда деноминация қилинган облигациялар бўйича келишувда IFC билан ўзаро ҳамкорлигимиз яхши самара бермоқда, – дейди «Hamkorbank» АТБ кенгаши раиси Икром Ибрагимов. – Бу, ўз навбатида, мижозларимизни миллий валютада кредитлаш имкониятларини кенгайтиради ва энг муҳими, хорижий валютага таваккалчиликларни камайтиришга хизмат қилади.

IFC вице-президенти ва ғазначиси Жин-дун Хуа эса IFC кафолати билан (Triple AАА) чиқарилган ушбу облигацияни Ўзбекистон тарихидаги дастлабки облигация сифатида эътироф этди. Унинг фикрича, бу айни пайтда капитал бозоридаги муҳим инновация ҳамдир. Ушбу янгилик «Hamkorbank» АТБнинг хорижий валюта билан боғлиқ таваккалчиликларини самарали ҳал қилишга кўмаклашади. Қолаверса, кичик ва ўрта бизнес ҳамда тадбиркорларни кредитлаш имкониятларини кенгайтиради.

Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, IFC – Жаҳон банкининг шўъба корхонаси бўлиб, ривожланаётган давлатларда хусусий секторларни ривожлантиришга хизмат қиладиган глобал институт ҳисобланади. Мазкур ташкилот дунё бўйича 2 000 дан ортиқ компания билан ҳамкорлик қилади.

Шу ўринда «Hamkor­bank» ва IFC ўртаси­даги иттифоққа 2001 йилда асос солинганини айтиш лозим. Халқаро Молия корпорацияси 2010 йилдан буён «Hamkorbank» нинг акционери ҳам саналади. Ушбу тузилма билан банк капиталига инвестиция ва кичик бизнесни молиялаштириш йўналишларида 20 млн АҚШ долларидан ортиқ келишувларга эришилган. 2011 – 2014 йиллар мобайнида IFC кредит таваккалчиликларини бошқариш, шунингдек, ички назорат, ички аудит, маркетинг ва операцион таваккалчиликларни йўналтириш корпоратив бошқарув тамойиллари, банкда агрокредит маҳсулотини жорий қилиш ва ривожлантириш соҳаларида банкка самарали техник кўмак кўрсатади. 2015 йилда эса банк филиалларининг ишчанлигини ошириш ва ходимларни бошқариш тизимини яхшилаш йўналишлари бўйича ҳам ўзаро шарт­нома имзоланган. Бу борадаги ҳамкорлик айни пайтда ҳам изчил давом эттирилмоқда.

Банк ахборот хизмати