МИЛЛИАРДЛАР ЎЙИНИ

Ёки футболнинг тижорийлашуви ва жаҳон иқтисодиётига таъсири хусусида

167

Маълумки, ФИФА фаолиятининг дастлабки 25 йили давомида футболга фаєат оддий спорт тури сифатида муносабат билдириб келинди. Аммо йиллар ўтгач, ушбу спорт тури дунё иєтисодиётининг ажралмас бўлагига айланди, дейиш мумкин.

Яқин тарихга назар ташласак, 1998 йилги жаҳон чемпионатида ФИФАнинг бор-йўғи120 млн.доллар миқдорида фойда кўргани маълум бўлади. 2002 йилдан бошлаб эса ФИФА миллионлари миллиардларга айлана бошлади. Хусусан, 2002 йилги чемпионат ФИФАга 2,5 миллиард, 2006 йилги турнир 3,2,  2010 йил 2,4, 2014 йилги жаҳон чемпионати эса 4 миллиард доллар миқдорида даромад келтирди. Унинг асосий манбаи ўйинлар трансляцияси ва ҳомийлик маблағлари ташкил этганини қайд этиш жоиз.

Ҳа, чиндан ҳам кўнгилли инсонлар ташаббуси билан иш бошлаган, ўз даврида миллий терма жамоалардан 50 француз маркаси миқдорида аъзолик бадали йиққан, ҳатто дурустроқ биносига ҳам эга бўлмаган ФИФА бугунга келиб қудратли ташкилотга айланди.

1966 йилги Англия чемпионати биринчи марта ФИФАга 12 миллион фунт миқдорида маблағ келтирган эди. Жоао Авеланжнинг ташкилот раҳбарлигига келиши эса футболнинг тижорийлашув даврини бошлаб берди. Шундан кейин ФИФА кўп миллиардли кўнгилочар индустрия сифатида ўз фаолиятини кенгайтирди.

Бугунга келиб ташкилотнинг йиллик даромади 30 миллион еврони ташкил этмоқда. Мухлисларнинг ёдида бўлса, 2015 йили ушбу ташкилот билан боғлиқ можаролар туфайли ижроия қўмитанинг 6 нафар аъзосига нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, уларнинг 4 нафари 10 йил давомида 10 млн. евродан маблағ олганларини тан олгандилар. Бу эса футболга нисбатан қўлланиладиган «миллионлар ўйини» ибораси кўчма маънода ҳам,чин маънода ҳам тўғри танланганини кўрсатади.

Азиз газетхон! Сизга қизиқарли маълумотлар тақдим этиш мақсадида футбол индустрияси тарихига бироз назар ташладик. Энди муддаога ўтсак.

2018 йилнинг 14 июнь куни Россияда футбол бўйича навбатдаги Жаҳон чемпионатига старт берилади. Гарчи унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси қатнашмаётган бўлса-да, Равшан Эрматов етакчилигидаги 5 нафар юртдошимиздан иборат «микромиллий терма жамоа»нинг «ЖЧ–2018»да иштирок этаётгани барчамизни қувонтиради, албатта.

Хабарингиз бор, Россия ушбу мундиалга 2013 йилдан буён қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Таҳлилчиларнинг қайд этишларича, ушбу чемпионат туфайли мамлакат иқтисодиёти кенг имкониятларга эга бўлади. Хусусан, ялпи ички маҳсулот ҳажми 1 фоизга ортиши, бошқа бир манбаларда эса ушбу турнир 1 триллион сўм миқдорида фойда келтириши таъкидланаяпти. Бунда, шубҳасиз, бунёд этилган замонавий спорт мажмуалари ва обод бўлган шаҳарларда сайёҳлар оқимининг ортиши эътиборга  олинмоқда.

Иқтисодчилар замонавий стадион, спорт мажмуалари, меҳмон­хона ва транспорт инфратузилмалари қурили­шига 1,2 триллион рубль сарфлаганига эътибор қаратмоқдалар. «McKinsey» компанияси таҳлилчилари томонидан эса чемпионатдан кейинги 5 йил давомида мамлакат бюджетига ҳар йили 40 – 70 миллиард рубль миқдорида маблағ келиб тушиши таъкидланаяпти.

Компания мутахассислари хорижлик сайёҳлар оқими 14–18, чемпионатдан кейин эса ички сайёҳларнинг 26 фоизга кўпайишини таҳмин қилмоқдалар. Бу жараёнда меҳмонхона ва ресторанлар ҳам катта фойда кўриши ўз-ўзидан маълум.

«Ведемости» газетаси Ресторанлар ва меҳмонхона эгалари федерацияси вице-президенти Вадим Прасовнинг фикрларига асосланиб, 4-5 юлдузли меҳмонхоналар даромади 40 фоизга, 3 юлдузлилариники 15 фоизга ортиши ҳақида ёзади. Нуфузли ресторанлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи «Ginza Project» компанияси бош директори Алексей Волков эса чемпионат даврида ушбу соҳа тушумининг 30 фоизга ортишини билдирди.

Энг муҳими, чемпионатдан кейинги 5 йил давомида Россияда 150-200 минг киши иш билан таъминланиши боис давлат бюджетига 20-30 миллиард, аҳоли даромадига эса 60-90 миллиард рубль қўшилиши мумкин. Шу ўринда Жаҳон чемпионатининг кичик ва ўрта бизнес вакилларига 100 – 150 миллиард рубль қўшимча даромад келтириши кутилаётганини ҳам таъкидлаш жоиз.

Маълумки, «ЖЧ-2018» бюджети дастлаб 638,84 миллиард рубль атрофида белгиланган эди. Бугунга келиб эса мундиал учун жами 1,2 триллион рубль сарфлангани айтилмоқда. Бу эса Россиянинг кутилганидан кўп ҳаражат қилгани оқибатида ФИФАга нисбатан бир неча баробар кам даромад кўришидан далолатдир. Бизнес ва инвестициявий лойиҳаларни баҳолашга ихтисослашган «Swiss Apprasal» компанияси ҳисоб-китобларига қараганда, мезбон мамлакат ФИФАга қараганда 10 баробар кам фойда кўради.

Жаҳон чемпионатлари тарихидан мезбон мамлакатларнинг фойда ўрнига жуда катта зарар кўрганлари хусусида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, 2006 йилги мундиалга мезбонлик қилган Германия мусобақа якунида мамлакат сайёҳлик тизими 400 миллион доллар миқдорида, турнир тимсоллари туширилган футболка ва бошқа сувенирлардан эса 3 миллион фойда кўрганини, энг асосийси 50 мингта янги иш ўрни яратилгани билан ғурурланган бўлса-да, кўп ўтмай таҳлилчилар сайёҳлар оқими аввалги ҳолатда қолганини таъкидлашган эди. Ваҳоланки, ўшанда жаҳон чемпионати билан боғлиқ тадбирларга 3,7 миллиард евро сарфланган эди.

2010 йили ЖАРда ўтган чемпионат эса мезбон мамлакатга 3,9 миллиард долларга тушганди. Янги спорт мажмуалари қурилишига 1,3 миллиард харажат қилинганди ўшанда. Агар чемпионатга қадар ЖАРга ҳар йили 220 минг сайёҳ ташриф буюрган бўлса, мундиал сабаб бу кўрсаткич 300 мингга етган холос. Ваҳоланки, катта режаларни қоғозга туширган ҳукумат мундиал бошлангунга қадар ҳар бир сайёҳ учун 13 минг доллардан маблағ сарфлаб бўлганди.

Мундиалдан кейин эса Жанубий Африкаликлар боши ғалвадан чиқмай қолди. Чунки янги қурилишларда ишлаган 70 минг ишчи ва инженер ўз ойлигини талаб қилиб, намойишларга чиққанди.

Ана шундай кутилган ва кутилмаган вазиятларга қарамай, «ЖЧ-2018» Россиянинг дунё миқёсидаги обрў-эътиборини янада юксалтириши, айрим давлатлар билан узилиб қолган алоқаларини тиклашга хизмат қилажаги таъкидланаяпти. Нима бўлганда ҳам ушбу мундиал жаҳон ҳалқлари ўртасида дўстона муносабатларни кенгайтириш ва спортнинг оммавийлигини таъминлашга қаратилганлиги билан барибир жуда катта аҳамиятга эгадир.

Фирдавс Ҳамидуллаев