МИЛЛИОНЛАР ЎЙИНИГА БЕҲУДА САРФЛАНГАН МИЛЛИАРДЛАР

Яқинда ФИФА Конгресси ҳамда Россия Федерациясида ўтаётган Жаҳон чемпионати очилиш ўйинида иштирок этган Ўзбекистон Футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов  championat.asia сайти ва бошқа бир қатор нашрларнинг мухбирлари саволларига жавоб қайтариб, ўзбек миллий футболини оғир аҳволга солиб қўйган ҳолатлар, хусусан, айрим мутасаддиларнинг ўз шахсий манфаатларини ҳар нарсадан устун қўйганликларига эътибор қаратди.

285

– Умид Маҳамаджонович, Жаҳон чемпионати давом этаётган шу кунларда миллий чемпионатимизда танаффус юзага келди. Энди жамоалар жазирама июлда тўп суришга мажбур бўли­шади. Бундай ҳолат аввал­дан ҳисобга олинганмиди?

– Нимагадир эришиш учун, албатта, бошқа бир нарсадан воз кечишга тўғри келади. Клублар ўз вақтида электр энергиясига сарфланадиган харажатдан қочиб, ўйинларини қош қорайгунча ўтказиб олишарди. Биз эса Pepsi Суперлига клубларининг ҳаммасига ёритиш ускуналарини талаб даражасига келтириш талабини қўйдик ҳамда учрашувлар иш вақтида старт олмаслигини таъминладик. Сиз айтаётган июль ойидаги ўйинларни бемалол кечроқ тайин қилиш имконияти бор. ИИБ билан келишувимизга кўра, футбол учрашувларини 22:00 қадар бошлаб олишимиз мумкин.

Агар кимдир июль ойида футбол ўйнаб бўлмайди, деб нолиётган бўлса, мен унинг фикрига қўшилмайман. Профессионал спортчи ҳар қандай ҳолатга тайёр туриши керак. Ундан кўра, мураббийларимиз ҳам, футболчиларимиз ҳам мундиал ўйинларини кўришсин, таҳлил қилишсин, интилишсин ва ниманидир ўрганишсин. Биз истаётган нарса айнан мана шу. Қолаверса, 4 йилда бир марта мундиални ёлчитиб кўришга аҳд қилган мухлисларимизнинг ҳам эъти­борини чалғитмаслик керак.Терма жамоамиз «ЖЧ–2018»га чиқа олмагани ўзбекистонлик мухлисларни катта футболдан узиб қўя олмайди.

– Сиз тўхталиб ўтган клублар ёритиш тизимини ўрнига қўйганлиги ва бошқа талабларни бажаргани рост. Бироқ профессионал футбол лигасининг 25 миллиард сўмлик йиллик сметаси масаласи очиқ қолиб кетди. Бунга нима дейсиз?

– Битта жиҳатни тўғри тушуниш керак. Биз 25 миллиард сўми йўқ клубни лигага қўймасак, унда ҳеч кимни киритмаслигимиз лозим. Чунки ҳеч кимнинг ҳисобида бунча пул турмайди. Айланма маблағ, одатда, йил давомида шакллантирилади. Бинобарин, профессионал футбол лигаси бу борада клублар таъсисчиларининг кафолатини олишга мажбур.

Бошқа томондан олиб қараганда, ПФЛ томонидан тилга олинган 25 миллиард талаб эмас, балки тавсия ўрнида қабул қилиниши керак. Чунки бундан кам пулга рақобатбардош жамоа тузиб бўлмайди. Эҳтимол, баъзиларга камлик ҳам қилиши мумкин. ПФЛ 25 миллиардни осмондан олгани йўқ, албатта. Клубларга футзал, аёллар футболи, ёшлар жамоаларига бўлган эътиборни кучайтириш вазифаси қўйилгач, ўз-ўзидан чиқимларнинг ортиши табиий эди. Шундай бўлди ҳам. Энди замон ўзгарди. Демак, масалага бошқача ёндашишимиз лозим.

–  Биласиз, баъзи бир клуб­ларнинг йиллик сметаси 10–15 миллиардга ҳам бормаслиги хусусида гап-сўзлар юради…

– Бундан хабаримиз бор. Асосан, нефть ва газ компания­ларига қарашли бўлган «Бунёд­кор», «Бухоро», «Машъал», «Насаф», «Нефтчи», «Шўртан» каби клубларнинг сметаси жуда камайиб кетди. Улар мавсумни қандай якунлашади, ҳайронман.

– Баъзи манбаларда таъкидланишича, «Бунёдкор» ва «Насаф» каби клублар ЎФАга керак бўлмай қолган. Улар йил якунигача тугатилиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Нима дедингиз?

– Ўзим ҳам бундай фикрларни кўп эшитдим. Айтишим керакки, «Насаф» ўз тузилмаси жиҳатдан Ўзбекистондаги энг яхши ва энг иқтидорли клублардан бири. Унинг фаолият юритишидан мамлакат футболи фақат манфаат кўради. Зеро, ушбу клубда стадион бор, академияси ҳам ҳавас қилса арзигулик.

«Бунёдкор» учун ҳам кўп ишлар қилинган. Аммо клуб раҳбарияти сўнгги 4–5 йил ичида «Насаф» йўлидан юриш ўрнига, стадионни ўз ҳолига ташлаб қўйганини яхши биламиз. Стадион қурилганидан кейин қанча вақт ўтган бўлса-да, уни клуб балансига олиш ҳақида ҳеч ким ўйлаб кўрмади. Бундай лоқайдлик оқибатини бугун кўриб турибмиз.

– Унда «Бунёдкор» стадиони ЎФА балансига олиб қўйилаётганини қандай изоҳлаш мумкин?

– «Насаф» стадионини биз тортиб оляпмизми? Ололмаймиз ҳам, чунки ушбу ушбу стадион клубнинг ўзига тегишли. Аммо бу ерда нафақат футболчилар, балки раҳбарларнинг ўзи ҳам кўтарма пуллар, кишини ҳайратда қолдирадиган даражада катта-катта ойлик-маошлар, мукофот пуллари олганини таъкидлаш жоиз. Бироз қийинчилик пайдо бўлиши билан эса улар клубни сақлаб қолинг, дея жар солишга тушдилар. Клуб фаолияти ривожини, унинг истиқболини ўз манфаатидан устун қўядиган кишилар, аслида, шундай ишлаши керак эди. Аммо улар ишни тўғри йўлга қўйган бўлсалар-да, бу иш учун керагидан ортиқ ҳақ ҳам талаб қилишди.

«Бунёдкор» мутасаддилари ҳам худди шу йўлдан боришди. Айни пайтда реал натижа учун ҳаракат қилаётган мураббий билан «Бунёдкор»ни совринли ўринлардан тушириб юборган мураббий олаётган иш ҳақини солиштириб кўринг, ҳаммасини тушуниб оласиз. Клуб раҳбарияти беш панжасини оғзига солгану, «Бунёдкор» стадиони ҳеч кимга керак бўлмай ётаверган. Агар улар профессионал бўлганларида эди, стадион билан боғлиқ муаммоларни тез бартараф этиб, ўзлари учун хатлаб олишга ҳаракат қилган бўлмасмидилар? Бутун мамлакат шу стадион сари интилса, барча ота-оналар фарзандини айнан «Бунёдкор» академиясига олиб келишни орзу қилса-ю, аслида, стадион ва академия кимгадир керак бўлмай, раҳбарият ўз қорнини ўйласа! Энди эса ушбу стадион бурнидан нарини кўролмайдиганлар қўлида ўйинчоқ бўлмайди. У чинакам халқ стадионига айланади,  академия ҳам ўз ўрнида ЎФАга қарашли бўлиб, унда мамлакатнинг энг кучли ўсмирларини жамлашга ҳаракат қиламиз.

– Энди «Бунёдкор» клуби қандай йўл тутиши керак?

– Бу саволни клуб таъсисчилари ўзларига берсинлар. Биз клубни кўчага ҳайдаётганимиз йўқ. Йил охиригача «Миллий стадион»да ўйнайверсин, керак бўлса, «Жар» бўшагунига қадар ҳам ўйнаш учун имкон берамиз. Академия масаласида эса чуқурроқ ўйлаб кўришсин. Давлат маблағи ҳисобига қурилган шундай катта объектлар уларга керак бўлмадими, энди ақлни бир жойга қўйиб ишлайдиган бўлишади. Аслида, бу –боқимандалик эди. Ундайлар белини оғритиб пул топмаганидан кейин тайёрини еб ётаверади.

Мени бир нарса ҳайрон қолдиради? Клубга пул берганлар ҳам йиллар давомида унинг ҳисобини худди сўрамагандек туюлади. Стадионни қачон ўзингга оласан, қай бир ишинг учун шунча маблағ оляпсан, қандай ишчилар билан шартнома тузяпсан, нега йил бўйи захирада ўтирган футболчига 400 миллион, ёши 35 га етган футболчига эса 800 миллионлаб кўтарма пули бераяпсан, деб сўрашмаган. Гўёки пул бераётган томоннинг ўзи ҳам бундан манфаатдордек. Энди эса халқ маблағи ҳисобига қурилган стадион шу халқнинг ўзига хизмат қилиши керак, дейилса, улар стадионни биздан тортиб олишяпти, деб жар солишмоқда. Аслида, эса улар айтаётган душман йиллар давомида ўзларининг ичларида бўлган ва аста-секин клубни емириб келган. Сўнгги 4–5 йилда клуб пул йўқлигидан қийналяпти, деган раҳбар бекорларнинг бештасини айтибди. «Насаф»да ҳам, «Бунёдкор»да ҳам яхшигина пул бўлган, фақат улардан мақсадли фойдаланилмаган, холос.

Мен нефть ва газ компанияларини ҳам тушунаман, балки, бугунга келиб улар ҳам клуб раҳбарлари чўнтагига солиб қўйган пуллардан норози бўлаётгандирлар. Бироқ текшириш ҳам, тартибга солиш ҳам, аслида, уларнинг қўлида эди. Модомики, шундай бўлмадими, энди улар ўрнига биз клубларга қандай мутахассис керак, уларнинг энг баланд маоши қанча бўлиши керак, штат бирликларигача тартибга соламиз. «Пахтакор» бундан мустасно, албатта. Чунки клуб ўз пулини ўзи топ­япти. Яна кимдир хусусий клубга асос солсин-да, билганини қилсин. Давлат пулининг талон-тарож бўлишига эса энди йўл қўймоқчи эмасмиз. «Насаф»га пул бермаслик ёки маблағни камайтириш муаммодан қочиш, дейилади. Биз эса унинг ечими тарафдоримиз. Клубда ҳамма нарса бўлса, яхши инвесторлар топиб, уни сотиш керак. Зора, «Пахтакор»га ўхшаб яна битта клубимиз хусусий бўлса. Йўқса, ўзлари яхши бир клубга айлантиришсин. Бунинг учун пул ҳам, шароит ҳам бўлган, шу билан бирга ўз қорнини ўйлайдиганлар ҳам етарлича топилган.

– Бу урушдан нимадир чиқишини яна қанча кутиш мумкин?

– Биз ҳеч ким билан уришаёт­ганимиз йўқ. Президентимиз Шавкат Миромонович қандай топшириқ берган бўлсалар, шу йўсинда ишлаяпмиз. Спортга  бизнесимизни ривожлантириш, қариндош-уруғларимизни «Бунёдкор» стадиони, клуби ёки бошқа жойларга жойлаштириш учун келганимиз йўқ. Агар бирон бир клуб пешана тери билан маблағ ишлаб топаётган бўлса, қандини урсин. Менга деса Мессини олиб келмайдими. Аммо пул халқники, корхоналар давлатники бўлса-ю, нега у кимларнингдир манфаатига хизмат қилиши керак?! Давлатимиз раҳбарининг ўзи кимларни фош қилиб, улар ҳақида ўз позициясини билдириб, адолатни тиклашга уринётганини барчамиз кўраяпмиз. Биз худди шу сиёсатни спортга тадбиқ қиляпмиз, холос. Бу эса кимларгадир ёқмаяпти чоғи.

– Стадион масаласида қандай янгиликлар бор?

– Биз шу масала ечимини ўйлаб, ишни тезлаштириш учун кечалари билан ухламай чиқяпмиз, айримлар эса аксинча секинлатиш учун. Ваҳоланки, стадионнинг 250 дан зиёд ишчи-ходимлари ярим йилдан буён ойлик олишмаяпти. Тасаввур қиляпсизми, уларнинг ҳам оиласи, бола-чақаси бор.

Президент қарорига кўра, стадионни молиялаштириш манбалари сақлаб қолингани ҳолда, ЎФА балансига ўтиши керак. Чунки бундай улкан объектни молиялаштириш учун ташкилотда пул йўқ. Мана шу «Бунёдкор» стадионида ҳам кимларнингдир танишлари, жиянлари ишлаб келган. Энди эса бирданига унинг сарф-харажатларини сунъий равишда пасайтиришга ҳаракат қилишяпти. Шу вақтгача айримлар деярли иш қилмасдан, бирор янгиликка қўл урмасдан шунча пулни олиб юрган-у, бирданига стадион ЎФА балансига ўтаётганда, унга бериладиган пулни қисқартириш ишлари бошланди. Бу эса бора-бора стадионнинг емирилишига олиб келиши мумкин. Мамлакатнинг бош стадионини юқори савияда ушлаб туриш миссияси ҳам бор ўртада.

Биз «Миллий стадион»ни аввалги ҳолатда панада ушлаб турмоқчи эмасмиз. Унинг дарвозаларини очамиз. «Сантьяго Бернабеу», «Камп Ноу», «Олд Траффорд» каби машҳур стадионларда бўлганидек, истаган мухлис стадионни айланиши, музейларига кириши, футболчиларнинг ечиниш-кийиниш хоналари, ҳакамлар, шарҳловчилар хоналарини томоша қилиши учун шароитлар яратамиз. Ресторан, бар, кафелар ишга тушиб, аҳоли учун хизмат қила бошлайди. «Ўзбектуризм» билан ҳамкорликда туристлар ташрифи, уларнинг тушликлари стадионда бўлиши юзасидан иш олиб борамиз. Фарзандини сайрга олиб чиққанлар, уларнинг кўнглини ёзишни истаган ота-оналар ҳам «Миллий стадион» билан дўст тутиниши учун шароит яратамиз.

Штатлар масаласини  ҳам ўзимиз ҳал қиламиз. Айримлар ортган пулни орқалаб кетади, деб ўйлашмасин. Биз бу пулга стадион тузилмасини ривожлантирамиз, кўнгилочар масканлар қурамиз, савдо расталарини ишга соламиз, секин-секин боқиманда стадион пул топиш йўлига ўтса ёмонми? Ўзимиз бошлаб берамиз ва албатта, клубларни ҳам босқичма-босқич шунга ундаб борамиз. Еб ётганга тоғ чидамайди ахир.

– Демак, яқин орада масала ҳал бўлиб қолади, шундайми?

– Худо хоҳласа, тез орада буни ҳал қиламиз. Фақат тўсиқлардан ўтиб олишимиз керак. Биз «Насаф» ва «Бунёд­кор» каби клублар сунъий синдирилишини истамаймиз, зеро бундай клублар мамлакат футболига фақат ва фақат фойда келтиради, уларнинг фаолиятидан манфаатдормиз. Ўша давлат корхоналари ҳам, бошқалар ҳам Президент қарорига бўйсуниши шарт. Мамлакат спортини юқорига кўтариш учун шунча ҳаракат бўлса-ю, ўртада шахсий манфаатларнинг ётиши тўғри эмас.