ВЬЕТНАМ ТАЖРИБАСИ ЎЗЛАШТИРИЛМОҚДА. БИРОҚ…

2010 йили Самарқанд вилоятида 81 тонна балиқ етиштирилган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич 1870, ўтган йили эса қарийб 3 минг тоннани ташкил этган

297

Соҳа мутасаддиларининг маълум қилишларича, Президентимизнинг 2017 йил 1 майдаги «Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида «Балиқсаноат» уюшмаси ва жойларда ҳудудий бўлимлари ташкил этилиб, улар таркибига кирувчи ташкилотлар 2023 йилнинг 1 январигача личинка, балиқ чавоқлари ва балиқ етиштириш, балиқ маҳсулотлари тайёрлаш ва қайта ишлашдан олинган даромадлар бўйича ягона солиқ тўлашдан озод этилганлар.

Шу ўринда вилоятда ушбу тармоқни ривожлантириш учун Вьетнам тажрибаси ўзлаштирилаётгани, яъни садок усулида балиқ етиштириштирила бошланганини айтиш жоиз.

– Президентимизнинг 2018 йил 6 апрелдаги «Балиқчилик тармоғини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори эса биз учун янада кенг имкониятлар яратди, – дейди «Самар­қанд­­балиқсаноат» МЧЖ директори ўринбосари Илҳом Ҳалимов. – Унда ҳудудларда «Балиқ ишлаб чиқарувчи» эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш ва 2018 – 2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида балиқчилик йўналишида бакалаврлар тайёрлаш қабул квотасини икки баробарга ошириш ва магистратура йўналишини ташкил этиш ҳам белгилаб қўйилди.

Энг асосийси, 2018 – 2023 йилларда соҳани инновацион ривожлантиришга доир чора-тадбирлар дастури қабул қилиниб, ноёб балиқ турлари ва чавоқларини интенсив етиштириш учун питомник ва наслчилик ишлари давлат-хусусий шерикчилик шартларида такомиллаштириладиган бўлди. Қарорда балиқ ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аквакультурани ривожлантириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, соҳада илмий-тадқиқотлар олиб бориш, кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, маҳсулот экспорти ҳажмини оширишгача бўлган барча жараёнлар қамраб олинган.

Айни пайтда балиқ етиштириш ҳажмини 10 минг тоннага етказиш, Венгриядан наслли карп балиғи увилдириқларини олиб келиш учун 100 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилгани айтиляпти. Ҳозирданоқ жойларда реп­родукторлар қурилмоқда. Уларда йилига 200 миллион дона балиқ личинкаси етиштириш учун венгриялик мутахассислар билан ҳамкорлик ҳам ўрнатилди. Маълумки, карп тез ўсиши, шароитга тез мослашиши ва гўштининг мазалилиги билан бошқа турлардан кескин фарқ қилади. Шунинг учун ҳовузларни балиқлантириш ва аҳоли­нинг ушбу маҳсу­лот­га бўлган талабини қондириш учун шу турдаги балиқлар кўпайтириляпти.

Самарқандлик балиқчи­ларнинг қайд этишларича, ишлаб чиқилган режага асосан маҳсулотнинг тенг ярми сунъий ҳавза­лар­да етиштирилади. Янги ташкил этиладиган хўжаликларда 1100, кўл ва сув омборларида эса 1000 тоннага яқин маҳсулот тайёрланади. Интенсив усулдаги кичик ҳовузларида 1100 тонна, қафас (садок) мосламаларида 1350 тоннадан ортиқ, ёпиқ сув айланма тизимида эса 300 тонна ҳамда аҳоли томорқаларидаги мини-ҳовузларда 200 тонна балиқ етиштириш кўзда тутилган. Аҳоли томорқасида балиқ етиштирилаётганини эшитганлар бироз ажабланишлари мумкин. Аммо Жомбой туманидаги 42 хонадонда 80 – 100 квадрат метр ҳажмдаги ҳовузларда балиқ боқиш йўлга қўйилиб, биринчи йилдаёқ 200 тонна маҳсулот етиштириш кўзда тутилаётгани бор гап. Бу эса Самарқандда Вьетнам тажрибаси ўзлаштирилаётган бўлса-да, бироқ балиқ етиштиришнинг ўзига хос мактабини яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини кўрсатади.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ, журналист