БОЛАЛАРНИ ТУНАЁТГАН ТАРЖИМОНЛАР ҚИДИРИЛМОҚДА

ЁКИ «ИШОНЧ» ГАЗЕТАСИДА ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН «ШАЙТОН МОЙИ СОТИЛАДИ...» МАҚОЛАСИ ХУСУСИДА

332

Энг аввало, ушбу мақола ниҳоятда истиҳола билан ёзилганини таъкидлаш керак. Гарчи муал­лиф – Алижон Абдураҳмонов ёшлар тарбиясига миллиардлаб маблағ сарфлаб ҳам ўрнини тўлдириб бўлмайдиган зарарли ёндашувлар ҳақида асосли мулоҳазалар билдирган бўлса-да бундай «ижодкор»ларни ўғри, муттаҳам ёки болаларни тунаётган юлғичлар, дея аташга жазм этмайди. Ваҳоланки…

– Яқинда қўлимга «Япония халқ эртаклари» китоби тушиб қолди, – деб ёзади муаллиф. – Ўқий бошладим-у… Ишонсангиз, ўрнимдан туриб кетдим. Эртакнинг қисқача мазмуни қуйидагича: «…Бир куни чол зараркунанда бўрсиқни тутиб олибди ва  кампирига  унинг гўштидан шўрва қилишни тайинлаб кетибди. Чол кетгач, бўрсиқ «ўғир даста» билан кампирнинг калласига уриб, уни ўлдирибди. Бўрсиқ кампирнинг танасини қиймалаб одам гўштидан шўрва тайёрлабди. Бўрсиқ бир юмалаб, кампир тусига кирибди-да, чолнинг қайтишини кутиб ўтирибди… Чол шўрвани мақтаб, ҳузур қилиб тилларини шапиллатиб ичибди. Шундай қилиб, чол ўз кампирининг гўштидан пиширилган шўрвага роса тўйиб олибди…»

Ваҳшийлик, одамхўрлик акс этган бу эртак японларда бўлса бордир, лекин уни болажонларга «ҳавола этиш»ни қандай баҳолаш мумкин?!»

Мақола муаллифи, шунинг­дек, таржимага енгил-елпи ёндашиб бўлмас­лигини, унда ўша халқнинг ҳаёт тарзи ва руҳиятидан тортиб сўзлашув оҳангигача бузмасдан акс эттириш кераклигини таъкидлайди.

«Япон эртаклари ўзбек тилига жуда ғализ таржима қилинган. Бунга китобда мисоллар «тиқилиб ётибди».

«Сичқоннинг никоҳла­ниши» номли эртакни ўқиб, ҳам куласиз, ҳам куя­сиз. «Ўтган замонда бир ўрмонда эр-хотин сичқон жуда фаровон ҳаёт кечирган экан. Лекин улар бефарзанд эканлар. Улар кечаю кундуз Худодан фарзанд сўрашар экан.

Кунлардан бир куни улар бир қиз кўришибди. Бу қиз вояга етгач, жуда гўзал бўлиб кетибди.

– Бизнинг қизимиз Япония­даги гўзалларнинг гўзали, – деган фикрга келишибди ота билан она. – Демак, ўзига ўхшаш энг гўзал куёв топиш керак.

…Улар қизларини қўшни сичқонга эрга беришибди. Ёшлар аҳил ва хушчақчақ ҳаёт кечиришибди».

Қалай, таржима зўрми?

Маълумки, Япония маъму­рий-ҳудудий жиҳат­дан 47 та прeфектура ва  шаҳарларга бўлинади. Китобда «прeфектура» сўзига кўзим тушмади, нуқул «вилоят, вилоят» дея такрорланади.  Менимча, префектура ўзбек тилига ўгирилмасдан берилганда тўғрироқ бўларди.

Княз, князлик, бош княз…

Қойил, буниси энди ошиб тушди. Ахир, Японияда ҳеч қачон князлик бўлмаган ва японлардан ҳеч қачон «княз»лар чиқмаган.

«… Княз кўзачада жуда ширин «чайнаманг-шиминг» сақлар экан…». Эртак давомида дам «кўза»да, дам «кувача»да сақланган ўша «чайнаманг-шиминг» нима эканини тушунолмай ҳайрон бўласиз. Оддий оққанд ёки «япон хўрозқанди»  шевада «нг-нг» бўладими?

Азиз газетхон! Гап бу ерда 2016 йили Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан 5000 нусхада чоп этилган «Япон халқ эртаклари» китоби ҳақида бораяпти. Муаллифнинг ёзишича, китобда имловий хатоларни «излаш» шарт эмас. Деярли ҳар бир эртакда (жумлаларда) ғашга тегадиган ғализликларни учратасиз. Одамкўзли маймун ҳақида ҳеч эшитганмисиз?.. «Мана буни гуруч» деса бўлади! Фақат, ўзини шундай ейишга одамнинг кўзи қиймаяпти, – дебди маймун».

Эртаклар – яхшиликка етак­лар, дейишади. Дарҳақиқат, эртакларнинг сирли олами болажонларни эзгуликка ундаши керак. Лекин китобда эзгуликнинг «э» ҳарфи ҳам йўқ, «Чарс-чарс тепалиги», «Жинлар чолни қандай даволадилар», «Шайтон мойи», «Маймуннинг қайлиғи», «Тентакнинг ҳамма гапи пойма-пой» каби бемаъни ва бемаза эртаклар қайси «калла» билан китобга киритилганини тушуниш қийин. Биргина «Шайтон мойи» эртагини олайлик. Унда «… Ёдзиронинг балиғи билан отини шайтон еб қўяди… Ёдзиро шайтонни қозонга «қамаб», уни оловда куйдириб, эритади. Эртасига қозоннинг тувоғини кўтариб қараса, қозон қулоғигача қора мой билан тўла. У ёғни шаҳарга олиб борибди-да, кўз кўриб қулоқ эшитмаган катта пулга сотибди». Тамом, эртак шу билан тугайди. Ана сизга «кирмошина-ю», мана болаларга «сюрприз!».

Негадир китобда на таржима қилинган манба, на таржимоннинг исми-шарифи кўрсатилган».

Мақолада муаллиф яна бир муҳим масалага эътибор қаратади: «Ҳатто, битта китобни иккита ном билан чиқарса ҳам бўларкан. Абдуғани Абдуллаев ёки Ғани Абдуллаев – «20 дан яқин насрий ва назмий асарлар муаллифи». Сиз «20 дан яқин»ни 20 га яқин деб ўқишга шошилманг. Бу имловий хато бир эмас, «бор-йўғи» тўрт-бешта китобнинг муқовасида учрайди. Муаллифнинг ўзи қисқача ижодий таржимаи ҳолига эътибор бермагандан кейин «масъу­лиятли ношир»лар нега бунга эътибор қаратсинлар! Улар «мендан кетгунча, эгасига етгунча» қабилида иш тутиб, «флешка»да нима бўлса, ўшани чоп этаверадилар. Натижада «ичи» бир хил, аммо номи икки хил – «Китобим – меҳрибоним» ва «Китобим – энг яқин дўстим»дек «буюк» асарлар пайдо бўлади. 2018 йилда «нашр этилган» наш­риёт ва босмахона манзили кўрсатилмаган бу китоб­ларда ёзувчи Зоир Зиёнинг муаллиф ҳақидаги мухтасар сўзи ҳам берилган. Китоблар қайси нашриёт ёки босмахонада чоп этилганини, балки, Зоир Зиё жаноблари яхши билар?!

«Охират сандиғи» ҳам ана шундай «асар»лардан бири. Ушбу китоб 2005 ва 2018 (?) йилларда «Мовароуннаҳр» наш­риётида чоп этилган. Бирида муаллиф Ғани Абдуллаев, иккинчисида Абдуғани Абдуллаев. «Ичи» ўзгармаган китобнинг ҳар иккала нусхаси ҳам бир вақтда чоп этилган: «Босмахонага 2005 йил 6 августда топширилди. Босишга 2005 йил 29 июлда рухсат этилди». Қизиқ, китоб аввал босмахонага топширилиб, сўнг босишга рухсат этиларди, шекилли. Китобга Ўткир Ҳошимов сўзбоши ёзган экан ва уни «қайта нашр»да беришда «ношир»лар хол қўйишган.

Тўғри, ёши улуғ инсон Абдуғани Абдуллаевни кечирса бўлар, аммо «илтимос» қилинса, «эга-кесими» йўқ китобларни ҳам «кимўзарга» чоп этаётган «ношир»ларни-чи? Компьютер ва рангли принтердан фойдаланиб, «қўлбола» китоб чиқараётганларни-чи… Уларни, албатта,  «муал­лиф»­лар топиб беришлари мумкин. Шундай ҳолат юз бериб, улар «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги Қонун ҳужжатлари талабларини бузганлари учун белгиланган тартибда «отнинг калласи»дай жарима тўлаб, ўз лицензиясидан айрилса… бу бошқаларга сабоқ бўлар, қолганлар «билиб-билмай» иш қилмайдиган бўлишармиди?

Шу ўринда кейинги пайтларда мактаб ўқувчи­­лари ҳам китоб чиқа­раётганларини айтиш жоиз. Бунинг нимаси ёмон дерсиз? Агар ўқувчи фавқулодда иқтидорли, истеъдодли бўлса, у ҳар қанча қўллаб-қувватланса арзийди. Аммо бунинг акси бўлса-чи? Айни пайтда «Илтимос, шуни чиқариб берсангиз» дея фарзанди ёки набирасининг «асари»ни қўлтиқлаб юрувчиларга дуч келмаган бош муҳаррир бўлмаса керак.

Тунов куни «Отчопар»дан қайтаётиб, йўналишли такси ҳайдовчиси билан келажакда «шоира» бўладиган қизчанинг суҳбатини эшитиб келдим. «Ўткир Ҳошимовнинг шеърларини кўп ўқиган, аммо ҳозир эслолмаётган» қизча гап орасида мақтаниб қолди: «Келаси йил дадам китобимни чиқартириб, туғилган кунимга совға қилар экан». Бўлажак «шоира»нинг саводи ва сўзларидан «таъсирланиб» бекатда тушиб қолдим…»

Барчани китобхон бўлиш­га, мутолаага чорлаяп­миз-у, лекин уларнинг қандай китоб ўқиётгани билан қизиқмаяпмиз. Шакли китоб бўлса, уни мутолаа қилиш мумкин, деб ўйлаймизми? Чоп этилаётган китобларнинг мазмуни билан наш­риётларнинг иши йўқ экан, унда БОШҚАЛАР-чи? Ёки улар фақат томошабинми?..»

«Ишонч» газетасида эълон қилинган ушбу мақола бугун кўплаб давраларда турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Муаллиф ва нуфузли нашр томонидан кўтарилган мавзу кимгадир ёқди, бошқаларга эса… Шу ўринда муҳтарам газетхонда ушбу мақоланинг «Иқтисодий Газета»га қандай алоқаси бор, деган савол туғилиши мумкин. Аммо миллионлаб нусхада чоп этилаётган китоблар гарчи аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, онгу тафаккурини ўстиришга хизмат қилса-да, бундай эзгу амаллар нафақат битта китобхон, балки, бутун бир миллатнинг иқтисодий ривожланишида ҳам беқиёс аҳамиятга эга эканини тушунтиришга ҳожат бўлмаса керак.

Саводсиз, онгсиз авлодни тарбиялашга хизмат қилувчи бундай «асар»ларга сарфланаётган қоғоз, босмахона харажатларининг турган-битгани ҳам иқтисод билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам нуфузли нашрда эълон қилинган мақолани бироз қисқартирган ҳолда ҳукмингизга ҳавола қилдик. Токи айрим ноширларимиз миллионлаб маблағларни, куч ва имкониятларини қандай «асар»ларга сарфлаётганларини тушуниб етсинлар. Бундан қанча фойда олаяптилар-у, бутун бошли жамиятга қанча зарар келтирмоқдалар. Бу эса китоблар мавзуси иқтисодимиз билан чамбарчас боғлиқ эканини кўрсатади.

Ниятимиз пешона тери билан топган пулига шундай буюк «асар»ларни харид қилиб, гўёки фарзандининг китоб ўқиётганидан қувонаётган ота-оналарни ҳам ўз маблағларини беҳудага сарфламасликларига даъват этишдир.

Бундай эртакларни таржима қилаётганларни эса ҳеч бир иккиланмасдан куппа-кундузи содда ота-оналар ва мурғак болажонларни тунаётган ўғрилар, деб атасак мақсадга мувофиқ бўлади.

Умид АРСЛОНБЕКОВ