Эктор Купер: «ЎЗБЕК ФУТБОЛЧИЛАРИ ИМКОНИЯТИГА ИШОНМАГАНИМДА ТАКЛИФГА РОЗИЛИК БЕРМАСДИМ…»

Бугун Миллий олимпия қўмитасида футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасига янги бош мураббий этиб тайинланган Эктор Купер иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда аргентиналик мутахассис оммавий ахборот воситалари ходимлари саволларига жавоб қайтарди.

155

– Ўзбекистонда эканлигимдан хурсандман, – дейди Эктор Купер. – Мени юртингизда жуда катта ҳурмат билан кутиб олишди. Бундан жуда ҳайратдаман. Бу ерга келишимда нафақат Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти, балки Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳам ўрни катта бўлди, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам барчаси учун катта раҳмат айтмоқчиман.

– Иш қай тарзда ташкил этилади?

– Биринчи навбатда барча билан танишиб олишим керак. Бунинг учун эса мамлакат чемпионати учрашувларини кузатиб бораман. Олдимизга қўйилган мақсад сари барчамиз бирлашиб, иш олиб боришимиз керак. Ўйин услубини футболчиларга қараб тузмайман, аксинча, улар менинг ўйин услубим ва фалсафамга мослашишлари лозим бўлади.

– Шартнома қанча муддатга имзоланди?

– Терма жамоа билан 3+1 кўринишида шарт­нома имзоладик. Мен фақат миллий терма жамоага жавоб бераман. Олимпия терма жамоасини фақат кузатишим мумкин. Олдимизга фақат иккита асосий мақсад қўйилган. Биринчиси, «Осиё Кубоги-2019» да муваффақиятли қатнашиш ҳамда 2022 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритиш.

– Нима учун айнан Ўзбекистон танланди?

– Бунинг иккита катта сабаби бор. Биринчиси, 23 ёшгача бўлган мамлакат терма жамоаси Осиё чемпиони бўлди. Демак, ўзбек футболчиларида салоҳият бор. Иккинчидан, ассоциация томонидан қўйилган вазифа мен учун жуда қизиқ кўринди.

– Жаҳон чемпионатига олиб чиқа оладими?

– Мен сеҳргар эмас, оддий мураббийман. Қисқа вақт ичида мўъжизалар кутмаслик керак. Мен оптимистман. Мабодо ўз ишимни яхши бажара олмасам хайрлашаман. Бу футболда оддий ҳолат, ҳисобланади. Аммо, бор кучим билан ишлашга ваъда бераман. Ишимни уддалай олишимга ҳам ишонаяпман. Агар ўзимга, қолаверса, ўзбек футболчиларининг потенциалига ишонмаганимда ушбу таклифга розилик бермаган бўлардим.

“Bolalar sporti” gazetasi