ХОЖИАКБАР АБДУЛЛАЕВ: «КУНДАЛИКЛАР– МУВАФФАҚИЯТИМ ГАРОВИ»

Жисмоний тарбия ва спорт, шубҳасиз, баркамол авлодни вояга етказиш, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришнинг энг муҳим омилига айланди. Қувонарлиси, шундаки, спорт туфайли янгидан-янги истеъдодлар ҳам кашф этилаётир. Ёш мураббийлар, замонавий клубларнинг тобора кўпайиб бораётгани эса спортнинг амалда оммалашаётганидан далолат беради.

278

Каратэ бўйича 3-дан қора белбоғ соҳиби, Москва шаҳрида малака ва тажриба орттирган “PROFI” каратэ спорт клуби директори Хожиакбар Абдуллаев ҳам юртимизда ёш иқтидор эгаларини тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган мураббийлардан.

– Хожиакбар, айтингчи, айнан каратэни танлашингизга нима сабаб бўлган?

–  Спортга, тўғрироғи каратэга дадам сабаб қизиқиб қолганман. Етти ёшимдан бери ушбу спорт турининг wadoryu йўналиши бўйича мунтазам шуғулланаман. Мураббийларим Михаил Голованов ҳамда Анфиса Пирназаровадан каратэнинг сир-асрорларини ўрганиб, катта-катта мусобақаларда қатнашдим. Каратэ туфайли юртимиз шарафини ҳимоя қилиш насиб этди менга. Спортга шон-шараф, машҳурлик манбаи сифатида қарамайман. Яъни спортга шунчаки қизиқмайман, балки у билан яшайман, нафас оламан, десам тўғри бўлади.

– Халқаро мусобақаларда иштирок этаётганда спортчи одатда нималарни ҳис қилади?

– Ҳар қандай спортчи ўз юртидан узоқда бўлганида, энг аввало зиммасида катта маъсулият борлигини ҳис қилади. Юртдошлари ундан фақат ғалаба кутаётгани учун ҳам ғолиблик сари дадил интилади. Мен ҳам, қаерда бўлмай, аввало Ўзбекистон спортининг шарафи учун беллашаётганимдан фахрланганман. Шу ўринда ноябрь ойида Москва шаҳрида ўтказиладиган мусобақага тайёргарлик кўраётганимни айтиб ўтмоқчиман.

– Айни пайтда нималар билан машғулсиз, шогирдларингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз…

– Ҳозир 100 га яқин шогирдим бор. Йигирмадан ортиғи жаҳон мусобақаларида қатнашиб, Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилмоқда. Каратэга ўқувчи ёшларни кенгроқ жалб қилиш мақсадида пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 295, 123 ва 168-мактаблар қошида тўгараклар ташкил этганман. Мураббий сифатида каратэга қизиқувчи ёшлар сони кун сайин ортиб бораётганидан, мураббийлар меҳнати  юзага чиқаётганидан хурсанд бўламан, албатта.

– Шогирдларингизнинг аксарияти мактаб ўқувчилари экан, бу уларнинг дарсдаги фаоллигига таъсир қилмайдими?

– Кўп нарса мураббийга боғлиқ. Шахсан мен шогирдларим тарбияси, кўча-кўйда ўзини тутиши, дарсларни қандай ўзлаштириши билан доимо қизиқаман. Мураббий бу нарсаларга бефарқ бўлмаслиги керак. Шундагина бирон натижага эришиш мумкин. Шогирдларимга ҳам буни уқтираман. Бундан ташқари камтарлик, одамларга доимо ёрдам қўлини чўзиш спортчига хос хусусият эканини кўп таъкидлайман. Болаларнинг фанларни ўзлаштиришларига келсак, бу мен учун тўгарак машғулотларидан ҳам муҳим. Машғулотга келолмаслик­лари мумкин, аммо сабабсиз дарсларни қолдиришига йўл қўймайман. Хатто ҳар ҳафта уларнинг кундалик дафтарларини назорат қиламан. Чунки, боланинг фанларни паст ўзлаштириши машғулотларга ҳам таъсир этади. Шунинг учун дарсдаги фаоллик, кундаликдаги баҳолар мен учун жуда муҳим. Худога шукрки, ҳали бирон-бир шогирдим мени ноқулай ҳолатга солиб қўйгани йўқ. Аксинча ота-оналар ҳам ўз фарзандларидан миннатдор.

– Келажакдаги режаларингиз билан ўртоқлашсак!

– Режаларим жуда кўп, юртимизни жаҳонга танитадиган спортчиларни тайёрлаш асосий мақсадим. Шунинг учун ҳам шогирдларимнинг жаҳон чемпиони бўлиши учун бор куч-ғайратимни сарфлайман. Яқин орада эса “PROFI” карате спорт клубини кенгайтириб, бошқа вилоятларда ҳам тўгараклар очиш ниятим бор. Негаки чекка вилоятларда ҳам иқтидорли болалар жуда кўп. Бундай болалар билан ишлаш эса менга фақат куч бағишлайди.

Камола ҲАТАМОВА тайёрлади.