ФАРҒОНА ИНВЕСТИЦИОН МАРКАЗГА АЙЛАНА ОЛАДИМИ?

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятида бўлганларида ҳудудга хорижий инвестицияларни жалб этиш жараёнларини фаоллаштириш ҳамда вилоятни Инвестицион марказ (инвестицион ХАБ)га айлантириш масаласида мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйган эдилар.

214

Ўтган икки ой мобайнида ана шу муҳим вазифа ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан тизимли ишлар олиб борилди. Хусусан, ҳокимлик мутасаддилари, тадбиркор ва ишбилармон­лардан иборат делегация қатор давлатларда бўлиб, манфаатли шартномаларни имзолашга муваффақ бўлдилар. Хусусан, Хитой Халқ Республикаси билан вилоятга 400 миллион АҚШ долларидан ортиқроқ миқдорда инвестиция киритиш бўйича икки томонлама шартномалар тузилди. Айни пайтда улар ижроси устида иш олиб борилмоқда.

24-26 июль кунлари эса Фарғона вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев бошчилигидаги делегация Жанубий Кореяда бўлди. Сафар давомида Сеул, Инчеон, Кванджу, Хвасон ва Почеон шаҳарлари раҳбарлари ва маҳаллий тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ва амалий учрашувлар ўтказилди. Ҳар бир учрашув ва тадбирларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, хусусан, хорижий сармоядорлар учун яратиб берилаётган шарт-шароит ва имтиёзлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Шу ўринда Инчеондаги Ўзбек-корейс бизнес-марказида «Evergreen Motors Group» компанияси ташаббуси билан маҳсулотларимизнинг доимий кўргазма зали ташкил этилганини таъкидлаш лозим. Делегация аъзолари кўргазма ва «Инчеон» ЭИЗ натижалари билан танишиб, Фарғона вилояти ва «Инчеон» ЭИЗ ўртасида меморандум имзоладилар. Учрашув ва музокаралар чоғида Фарғонадан жанубий Кореяга маҳсулотлар экспортини ошириш тўғрисида ҳам келишувларга эришилди.

Фарғона вилояти ҳокимлигининг тажрибали ходимлари Н.Комилов ва Н.Тилаволдиевларнинг Ўзбекистоннинг Кореадаги элчиси В.В.Фен билан бирга ишлаш учун қолдирилгани эса вилоят мутасаддиларининг вилоятга хорижий сармояларни жалб этиш масаласига жуда жиддий эътибор қаратаётганидан далолатдир.

Кванджу шаҳри раҳбарияти ва Савдо-саноат палатаси мутасаддилари билан ташкил этилган учрашув ҳам реал натижалар билан якун топди. Унда иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилиниб, Фарғона вилоятини Инвестицион Хабга айлантириш юзасидан меморандум имзоланди. Бундан ташқари Кванджунинг йирик компанияларни жалб этиш ҳамда инвесетицион оқимни қўллаб-қувватлашни кўзда тутувчи «Кванджу Бизнес Технопарк» илмий-тадқиқот, инновация­лар, бизнес ва илм узлуксизлиги соҳаларида ҳамкорлик шартномаси тузилди.

Почеон шаҳри раҳбарияти билан ҳам инвестицион ҳамкорлик юзасидан меморандум имзоланди.

Шу ўринда делегация аъзоларининг «Ходимлар малакасини ошириш» институти раҳбари Ким Юю Сэ ва «Чоонам» университети ректори Юн Тек Рим билан Фарғонада мутахассислар малакасини ошириш юзасидан ҳамкорлик қилишга келишганларини таъкидлаш жоиз.

Хвасон шаҳридаги учрашувларда эса «POSCO Daewoo» компаниясининг Фарғона вилоя­тидаги фаолияти масалалари муҳокама қилинди.

Делегация аъзолари, шунингдек, «Korea Heating Corporation» компанияси президенти Пак Ёнг Хьюн билан учрашиб, ҳудудда иситиш тизимини реконструкция қилиш юзасидан шартнома имзоладилар. Натижада Қўқон шаҳрида кўпқаватли уйлар учун янги иситиш тизими маркази, Учкўприк туманида эса 12 гектар майдонга соғломлаштириш-туристик марказ ва тиббиёт комп­лекси қуриладиган бўлди. Ушбу объектлар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобидан қурилиб, ушбу лойиҳалар билан «Sang Myong» корейс компанияси шуғулланиши кўзда тутилди.

«UKO Global Light» компанияси билан эса маиший чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган қўшма корхона ташкил этишга келишилди. Бундан ташқари, «Doori Enginering» компанияси Фарғона туманидаги «Баҳодир Агросаноат» МЧЖ билан 50 гектар майдонда гидропоника усулида экспортга сабзавот етиштирадиган иссиқхона қурадиган бўлди. «Taeho Machinery» ва «Баҳодир Логон Текстил» ҚК ўртасида келишувга асосан эса трикотаж ишлаб чиқариш, «Sang Myong» компанияси ва Учкўприк туманидаги «Мехригиё» корхонаси билан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва сотиш бўйича линия ташкил этиш бўйича шартномалар имзоланди.

Маълумки, бутун дунёда бўлганидек мамлакатимизда муқобил энергия мавзуси долзарб масалага айланган. Ана шу талабдан келиб чиқиб, «UKO Global Light» компанияси ва вилоят ҳокимлиги ўртасида қуёш батареяларини ўрнатиш ва уларни ишлаб чиқарувчи завод қурилиши бўйича меморандум имзоланди. «Chung Construction Design Group», «Crechiko», «Century», «Easy Industries Co», «Сhammidang Co., Ltd» компаниялари билан эса лойиҳалаш ва тўрт юлдузли меҳмонхоналар ва кўпқаватли уйлар, паррандачилик комплекс­лари, скотч, саноат учун совутиш ускуналари, хўжаликда ишлатиладиган бир марталик қўлқоплар ишлаб чиқариш корхоналари қуриш бўйича шартномалар имзоланди.

– Президентимизнинг вилоятимизга ташрифлари давомида 500 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция киритиш вазифаси қўйилган эди, – дейди Фарғона вилояти ҳокимининг инвестициялар бўйича ўринбосари М.Абдураҳмонов. – Хитой ва Жанубий Кореяга уюштирилган сафарлар давомида ушбу мақсадга эришилди. Яъни умумий қиймати 600 миллион долларлик шартномалар имзоланди. Фарғонани Инвестицион марказга айлантириш учун Кванджу ва Инчеон шаҳарлари билан тегишли шартномалар тузилиб, Қўқон ва Почеон шаҳарлари ўртасида дўстлик алоқалари йўлга қўйилди. Сентябрь ойида Фарғонада Инвестицион марказ фаолиятини йўлга қўядиган корейс мутахассислари Ўзбекистонга келадилар. Унгача эса бизнес-марказ қурилиши лойиҳасини ишлаб чиқиш учун «Chung Construction Design Group» мутахассислари Фарғонага етиб келишади. Ушбу лойиҳанинг дастлабки қиймати – 80 миллион долларга тенг бўлиб, иш жараёнида бу қийматнинг ортиши ҳам мумкинлиги назарда тутилган. Бизнес-марказ учун 20 гектар майдон ажратилиб, ундан кўпқаватли уйлар, меҳмонхона ва бошқа инфратузилмалар жой олади. Харажатларнинг 50 фоизини «KOICA» жамғармаси ўз зиммасига олмоқда. Ана шундай келишувларга мувофиқ 20-27 сентябрь кунлари Жанубий Кореядан 200 кишилик делегация Фарғонага келади. Уларнинг 150 нафари бизнесмен ва тадбиркорлардир. Меҳмонларнинг 50 нафари тиббиёт соҳасининг энг яхши мутахассислари эканини, улар кам таъминланган оилаларда тиббий кўрик ўтказиш, ташхис қўйиш, офтальмологик, ортопедик касалликларни даволаш, пластик жарроҳликлар ўтказиш билан шуғулланишларини айтиш жоиз. Тиббий мутахассислар ўз анжомлари, шунингдек, дори-дармонларини олиб келиб, фуқароларга бир неча миллион долларлик хизмат кўрсатадилар. Жанубий кореялик тиббиёт ходимларининг вилоятимизга келиши «Чоонам» университети профессорлари ташаббуси билан ташкил этилаётганини, тиббий хизмат учун барча харажатлар «Evergreen Motors Group» ва «POSCO Daewoo» компаниялари томонидан қопланишини таъкидлаш жоиз. «Evergreen Motors Group» компанияси раҳбари Эдвард Ким эса айни пайтда Фарғонада ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўймоқчи. Унга «Фарғона вилоятининг Фахрий фуқароси» унвони берилди.

Чиндан ҳам Фарғона вилоя­ти ҳокимлиги инвестициялар масаласига мавсумий тадбир сифатида қарамай, бу жараённи муттасил ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда. Буни ҳокимликнинг Жанубий Кореяда ўқиган, ишлаган икки нафар мутахассиси ўша мамлакатда қолдирилганида ҳам кўриш мумкин. Бундай ҳамкорликнинг янги шакли эса мамлакатимиз вилоятларида биринчи марта қўлланилмоқда. Ҳокимлик мутасаддиларининг фикрича, ушбу тажриба кутилган натижани берса, бошқа мамлакатларда ҳам қўлланилади.

Бир сўз билан айтганда Фарғона­ни ривожланган инвестицион марказга айлантириш борасида муҳим қадам қўйилди. Эндиги мақсад бу жараённинг узлуксизлигини таъминлашдан иборатдир.

 

Гулбаҳор Саидғаниева,

«Ферганская правда» газетаси бош муҳаррири