СУНЪИЙ ТЎСИҚЛАР

184

Бирон-бир фан жамиятни қонунлар каби олдинга етаклаш қудратига эга эмас.  Президентимиз томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг имзоланиши мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар учун ҳуқуқий замин тайёрлашга устивор вазифа сифатида эътибор қаратилаётганининг яна бир тасдиғи бўлди.

Маълумки, Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида инвес­тицияга «бу иқтисодиёт драйвери, ўзбекча айтганда, иқтисодиётнинг юраги» дея таъриф берилган эди. Чиндан ҳам жаҳон иқтисодиёти тарихи ва бугунги ўзгаришлар инвестициясиз бирон-бир мамлакатда ривожланиш бўлмаслигини кўрсатмоқда.

Тадбиркорликнинг асосий тамойилларини ўзида акс эттирган бир қатор қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар эса аввало инвестиция борасидаги қарашларимиз ўзгариб, масалага кенгроқ ёндошилаётгани, миллий иқтисодиётимизни сунъий равишда депсинишга мажбур қилаётган нуқсонлар дадил бартараф этилаётганини англатади.

 Ушбу қонун ҳақида гап борганида, у энг аввало Юртбошимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ғоялар асосида ишлаб чиқилганини таъкидлаш жоиз. Янги қонун миллий банк тизимини ривожлантириш ва барқарорлигини ошириш, жаҳон бизнес ҳамжамиятида мамлакатимизнинг тараққиёт рейтингларини янада яхшилашга хизмат қилади, албатта. Шу ўринда хужжат Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрдаги «Республика банк тизимини янада ривожлантириш ва барқарорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ва унинг ижроси юзасидан тасдиқланган чора-тадбирлари комплексининг 5-банди, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги «Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш чора- тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «Йўл ҳаритаси»нинг 5, 29-, 31-бандларига асосан ишлаб чиқилганини таъкидлаш жоиз.

Қонун қимматли қоғозлар бозори ва акциядорлик жамиятлари фаолият кўрсатишининг қонуний асосларини ривожлантириш, ривожланишнинг жорий босқичи талабларига мос келмайдиган талабларни бекор қилиш ҳамда акциядорлик жамияти ва масъулияти чекланган жамият шаклидаги тижорат ташкилотларининг фаолиятини либераллаштиришга қаратилгани билан ҳам ниҳоятда муҳимдир.

Мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда жамиятнинг барча соҳаларини либераллаштиришга доир кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида асосий эътибор иқтисодиётни жадал ривожлантириш орқали аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, бунинг учун эса биринчи навбатда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали иқтисодиёт тармоқларига инвестицияларни, энг аввало, тўғридан-тўғри чет эл инвес­тицияларини жалб этишга қаратилмоқда.

Маълумки, дунё мамлакатларида тадбиркорлар учун яратилган имкониятлар, қулайликлар ва уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминловчи қонунчилик нормаларини баҳоловчи бир катор ташкилотлар бўлиб, улар орасида энг нуфузлиси Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботи (рейтинг) саналади.

Кейинги йилларда олиб борилган ислоҳотлар туфайли Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» ҳисоботида Ўзбекистон рейтинги 2 баравардан ортиқ яхшиланиб, жаҳоннинг 190 та мамлакати орасида 146-ўриндан 2018 йилда 76-ўринга кўтарилди. «Бизнес юритиш» ҳисоботида тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи норматив-хуқуқий ҳужжатлар ва уларга амал қилиниши 10 та йўналиш бўйича баҳоланиб, шулардан бири бу-миноритар инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналиши саналади.

 Эътиборли жиҳати «Бизнес юритиш» ҳисоботини миноритар инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналиши бўйича Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари сезиларли даражада яхшиланиб, 2016 йилдаги 88-ўриндан 2018 йилда 62-ўринга кўтарилди. Аммо ана шундай ижобий ўзгаришларга қарамай, мамлакатимиздаги шарт-шароитлар халқаро нормалар ва стандартлар талабига тўлиқ жавоб бермаётган эди. Шунинг учун ҳам «Бизнес юритиш» ҳисоботининг «Миноритар инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» йўналиши методологиясига асосан миноритар акциядорларни ҳимоя қилиш, битим тўғрисида маълумотларни ошкор қилиш ва таклиф бериш, директорлик корпусининг жавобгарлиги, корпоратив бошқарувда акциядорларнинг ҳуқуқлари, корпоратив ошкоралик, бошқарув тизимининг ривожланганлиги ва бир қатор бошқа индекс­лар кўриб чиқилиши белгиланган бўлиб, лойиҳада «Бизнес юритиш» ҳисоботи методологиясида қулай тадбиркорлик муҳитини яратишга қаратилган талабларни конун ҳужжатларига киритиш назарда тутилган эди.

Ана шундай талаб асосида янги қонун ишлаб чиқилиб, унда бир қатор чекловлар бекор қилинди. Хусусан, юридик шахсларнинг кўчмас мулкини сотиш тўғрисидаги шартномасини нотариал тасдиқлашнинг мажбурий тартиби бекор қилинди.

Акциядорлик жамиятлари устав капиталидаги чет эллик инвесторнинг улуши камида 15 фоизни ташкил этиши кераклиги тўғрисидаги талабдан ҳам воз кечилди.

Янги қонун асосида акциядорлик жамиятлари томонидан мажбурий аудиторлик текширувини ўтказиш учун аудиторлик ташкилотини танлаш ваколатини фақатгина акциядорлар умумий йигилишига берилиши ҳам акциядорлар ҳуқуқининг кенгайтирилганидан далолатдир.

Бундан ташқари, хорижий инвесторларни жалб қилишда кўпчилик АЖлар қийналаётгани учун ҳам 100 дан ортиқ АЖ шаклидаги корхоналар мазкур корхоналарнинг бизнес манфаатлари, уларнинг акциядорлари, айниқса, миноритар акциядорларининг қонуний манфаатларига зид равишда бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларни танлашга мажбур бўлаётган эдилар.

Шу сабабли ҳам мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш, авваламбор, тадбиркорлик фаолиятидаги юқоридагидек тўсиқларни бартараф этиш мақсадида ушбу норма чиқариб ташланди.

«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ҳам бир қатор ўзгартишлар киритилганини қайд этиш жоиз. Масалан, 14-модда янги таҳрирда берилиб, «жамиятни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим этиш санасидаги ҳолатга кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг қирқ бараваридан кам бўлмаслиги лозим» деган сўзлар олиб ташланди.

Ушбу қонуннинг бирданига 5 та муҳим моддасига ўзгартиш ёки қўшимчалар киритилганининг ўзиёқ юртимизда тадбиркорлик тузилмаларининг фаолият юритиши масаласига жиддий эътибор қаратилаётганини кўрсатади. Киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар энг аввало тадбиркор ёки корхона манфаатдорлигини таъминлаш ва уларнинг янада эркин фаолият юритишларига мустаҳкам замин яратганини алоҳида таъкидлаш лозим.

«Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги ҳамда «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар хусусида ҳам ана шундай фикр билдириш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги янги қонун мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга, инвесторлар ва албатта маҳаллий тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда мустаҳкамлашга қаратилган муҳим хужжат бўлди. Эндиги вазифа эса ушбу қонуннинг тўла ишлашига эришишдан иборат. Бу эса барчамизнинг, айниқса, парламент аъзолари, давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда ушбу қонун туфайли қўшимча имкониятларга эга бўлаётган тадбиркорларимиз зиммасига жуда катта масъулият юклайди.

Илҳом НАСРИЕВ,

Юридик фанлар доктори, профессор