ЗЎРАВОНЛИК ҚАЧОНГАЧА?

233

Ушбу йўналиш 16 км.масофадан иборат бўлиб, йўловчи ташиш меъёри­га кўра, унда 28 та автомашинанинг фаолият кўрсатиши белгиланган. 2017 йилнинг декабрь ойига келиб кутилмаганда «Лочин» фирмаси раҳбари Ҳакимжон Ҳасановнинг ўғли Лочин Ҳасанов 28 нафар ҳайдовчи ва «Damas» автомашиналарини ўзи билан бирга олиб келиб, «Янги Марғилон – Марказ – Қумтепа» йўналишини тендерда ютиб олгани ва энди ушбу йўналишда унинг ҳайдовчилари ишлашини айтиб қолди. Биз эса бундай ўзгаришдан бехабар эканимиз ва бу ҳақда «Асос транс сервис» МЧЖ раҳбарияти билан маслаҳатлашиш кераклигини айтиб, воқеа жо­йига МЧЖ директори Алишер Рустамовни чақиртирдик. Бироқ жамият раҳбари бу учрашувга кела олмади. Аммо кейинроқ у билан учрашганимизда «Лочин» фирмасининг бу йўналишни ютиб олгани тўғрисидаги гаплар асоссиз эканини таъкидлади. Шундан кейин хотиржам бўлиб, ишимизни давом эттиравердик. Аммо «Лочин» ва «Асос транс сервис» ўртасидаги зиддиятлар барҳам топавермади. Аксинча, ўзаро низо ва қарама-қаршиликлар кучайиб кетди. Шундан кейин мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида турли ташкилотларга бориб, маълумотлар олдик. Аниқланишича, «Лочин» фирмаси ҳақиқатдан ҳам 33-йўналишни тендерда ютиб олган экан. Шундан кейин фаолиятимиз қонуний бўлиши учун «Лочин» таркибига ўтиб, хужжатларимизни шу фирмага расмийлаштирдик. Лекин шундан кейин ҳам тинч ишлай олмадик. 2018 йилнинг 11-декабрь куни Алишер Рустамов тўрт нафар шериги билан давлат белгиси 40741 WAA бўлган «GENTRA» русумли автоуловида ҳайдовчиларимизга тегишли бўлган«Damas» машиналарини йўл четида тўхтатиб, йўналишга бошқа «Damas»ларни киритди. Ҳамкасбларимиз ва йўловчиларнинг норозилиги ҳамда уларни инсофга чақиришлари ҳам фойда бермади. Ўша куни Алишер Рустамов ва унинг шерик­лари бизга яна фаолиятимизни давом эттирсак, охири ёмон бўлади, дея огоҳлантириб кетдилар. Шундан кейин «Лочин» фирмаси раҳбари Ҳакимжон Ҳасановдан ушбу муаммони ҳал қилишни сўрадик. Бу орада Алишер Рустамов ушбу йўналишга 75 та «Damas» киритди. Бу эса ўз-ўзидан ҳайдовчилар ўртасидаги зиддиятларни янада кучайтириб, турли жанжалларга олиб кела бошлади.

Ниҳоят, ўзаро маслаҳат­лашиб, Марғилон шаҳар прокуратураси, кейинроқ прокуратура кўрсатмаси билан шаҳар ИИБга мурожаат қилдик. ИИБ эса хужжатларни Марғилон шаҳар маъмурий судига кўриб чиқиш учун юборди. Марғилон шаҳар маъмурий суди белгиланган кунларида икки маротаба Алишер Рустамовни чақиртирган бўлса-да, судда иштирок этишдан бош тортиб келмади.

Шундан кейин яна шаҳар прокуратураси, ИИБга, шаҳар халқ қабулхонаси ва Ўзбекистон Республикаси автомобиль транспорт агентлиги Фарғона вилоят ҳудуддий бошқармаси бошлиғи Ҳ.Деҳқоновга ёзма ҳамда оғзаки тарзда бир неча бор мурожаат қилдик.

Мана, икки йилдирки, мурожаатларимизнинг биронтасига жавоб ёки изоҳ ололмаяпмиз. Шу ўринда Автомобиль транспорт агентлиги Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи сони кўрсатилмаган лицензияларнинг биронтаси йўналишлар бўйича белгиланмаганини айтиш жоиз.

Бундай меъёрларнинг номукаммаллиги эса «Асос транс сервис» МЧЖ раҳбари Алишер Рустамовга ўхшаганларга хоҳлаган йўналишда ўзи хоҳлагандек иш юритишга имкон бераяпти. Натижада аҳолига транспорт хизмати кўрсатувчи оддий ҳайдовчилар ўртасида зиддият ва низолар келиб чиқмоқда. Бундай зиддият ва низолар оқибатида ҳайдовчилар ўртасида тан жароҳатлари олиш, ҳатто бир-бирларининг умрига зомин бўлиш каби салбий ҳолатлар юз бериши мумкинлигини эса ҳеч ким ўйламаяпти. Чунки биз – 28 нафар ҳайдовчи ўтган икки йиллик сарсонгарчиликлар даврида бундай ҳолатларга кўп бора гувоҳ бўлдик.

Таҳририятдан: Бир қарашда юқоридаги мурожаат республика даражасида муҳокама этиладиган масаладек туюлмаслиги мумкин. Аммо 28 нафар оддий ҳайдовчининг оила боқувчиси, улар кимнингдир отаси, акаси ёки ҳалол меҳнат қилишни ният қилган укаси эканини назарда тутсак, энг аввало, ушбу муаммога автомобиль транспорти агентлиги мутасаддиларининг лоқайдлиги сабаб бўлаётганини таъкидлаш жоиз. Халқни рози қилиш, оддий одамлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш асосий мезонга айланган шу кунларда агентлик ҳодимларининг бундай эътиборсизлиги чиндан ҳам ҳайдовчилар таъкидлаганидек, кутилмаган холатларга олиб келмаслигига ким кафолат беради?

Ишончимиз комилки, ушбу ҳолатга тез орада барҳам берилиб, 28 нафар ҳайдовчи талабига амалдаги қонунлар доирасида ечим топилади.

Маъмуржон Юлдошев,

«Иқтисодий Газета» мухбири