Ҳикмат

265

Бир бадавлат киши ўз ўғлини ўқишга берибди. Ўғил етарли билим олиб, уйига қайтгач, ота унга дебди:

– Ўғлим, энди тижорат билан ҳам шуғулланиб кўринг.

Ота ўгитига амал қилган ўғил катта бир карвонга қўшилиб, йўлга чиқибди. Чўлда кетаётганларида ўғил шернинг қўтосга чанг солиб йиқитгани, ўлжанинг аранг бир қисмини еб, қолганини ташлаб кетганига гувоҳ бўлибди. Пайт пойлаб турган қашқир ва қузғунлар эса ўлжа қолдиғига ташланибдилар.

Бундай ҳолатни кўриб, ўғил ўйланиб қолибди.

– Одам ҳам шер каби барча бойлигини еб адо қила олмайди. Отамнинг бойлиги кўп бўлгани холда менинг тижорат йўлида сарсон юришимдан не фойда. Ундан кўра отамнинг бойлигидан фойдаланиб, илм билан шуғулланганим дуруст эмасми?

Ўғил шу қарорга келиб, изига қайтибди-да, мақсадини отасига айтибди.

– Ўғлим, дуруст фикр қилмабсиз, – дебди ота ўйланиб. – Мен сизнинг қолдиқларни еювчи қашқир ёки ўлаксахўр эмас, ўлжани қўлга киритувчи шер бўлишингизни истаб эдим. Токи, сиз қўлга киритган ўлжадан бошқалар ҳам манфаат кўрсин.

Бундай ибрат ўғлига маъқул келиб, боқиманда бўлмасликка, ўзи меҳнат қилиб бойлик орттиришга аҳд қилибди. Бундан бошқалар ҳам манфаатланибди. Шунинг баробарида илм билан шуғулланмоққа ҳам фурсат топибди.