1,5 ТОННА ОЛТИН «ЎҒРИСИ»НИНГ ИШИ ҚАЙТА КЎРИБ ЧИҚИЛАДИМИ?

318

Ўзбекистон Республикаси Олий Судида ўнлаб, юзлаб жиноий ишлар қайта кўриб чиқилаётгани яқин ўтмишда йўл қўйилган хатолар туфайли ноҳақ айбланганларни яна адолат қарор топишига ишонтира бошлади. Самарқандлик Бахтиёр Ибрагимов ҳам ана шундай ноҳақликка учраган юртдошларимизнинг бири. Биз иккинчи марта ушбу фуқаронинг ўй-кечинмаларини қоғозга туширяпмиз. Чунки…

Маълумки, юртбошимизнинг Бош Қомусимиз қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида 2018 йилда 1 минг 881 та жиноят иши етарли далиллар бўлмагани учун тугатилгани, судлар томонидан 590 нафар шахс оқлангани тилга олинди. 2016 йилда бу рақам 28 та, 2017 йилда эса 263 тани ташкил этган.

Айни пайтда Бахтиёр Ибрагимов соҳадаги ўзгаришларни кўриб, ўзига қўйилган айбловларни адолат нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилишига умид қилмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд туман судининг 2014 йил, 18 июлдаги ҳукми билан 9 йилу 6 ой муддатга жавобгарликка тортилган Б.Ибрагимов Бош прокуратура протестига асосан тўрт йилу ўн бир ой деганда қамоқдан озод қилинган.

– Ўша пайтда на терговчи ва на судья тақдим этилган ҳужжатлар, гувоҳлар ҳамда келтирилган далилларни инобатга олмадилар, – дейди Б.Ибрагимов. – Тўғри, унда давр, суд-ҳуқуқ идораларининг мақсад ва вазифалари бутунлай бошқа эди. Шунинг учун ҳам бугунга келиб, оилам, фарзандларим ва маҳалла-кўй олдида ўз номимни оқлаш учун Олий cудга адолатни тиклаш юзасидан мурожаат қилишга қарор қилдим.

Тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиш жараёнида Б.Ибрагимовга нисбатан 140 нафар коллеж битирувчисини ишга қабул қилиб, давлатга 238 миллион сўм миқдорида зарар етказганлик, энг муҳими, 1,5 тонна миқдоридаги соф олтинни ўзлаштирганлик ҳамда ҳужжатларни сохталаштириш каби айблар қўйилгани маълум бўлди.

Айблов хулосалари, турли инс­танцияларга йўлланган хатлар, суд ҳукми, адвокатлар хулосалари билан қайта-қайта танишиб, чиндан ҳам дастлабки тергов жараёнида кўплаб далилларга эътибор қаратилмаганини кўриш мумкин. Хусусан, «Зармитан» конига коллеж битирувчиларини ишга қабул қилиш Б.Ибрагимовнинг эмас, Жанубий Кон Бошқармаси ваколати билан амалга оширилганини терговчилар эътиборга ҳам олмадилар.

Ваҳоланки, «Зармитан» кони ўша пайтда ҳам, бугунги кунда ҳам алоҳида юридик шахс бўлмагани учун фуқароларни мустақил равишда ишга қабул қила олмасди.

Шунинг учун ҳам юридик шахс бўлмаган, банкда на ҳисоб рақами ва на муҳри, энг асосийси, ишга қабул қилиш тўғрисида Буйруқ чиқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ташкилот раҳбарига бундай айб қўйилишининг ўзи мантиққа зид эди.

Иккинчи айблов эса Голливуд киноларида акс этадиган шов-шувли воқеаларни эсга солади, холос. Яъни Б.Ибрагимовга бир гуруҳ шахслар билан тил бириктириб, оз эмас, кўп эмас 1,5 тонна соф олтинни ўзлаштирганлик айби қўйилади.

Маълумки, «Зармитан» кони Навоий тоғ-кон металлургия комбинатига қарашли бўлиб, унинг фаолияти қимматли металлар қазишга қаратилгани учун ҳам алоҳида қўриқланадиган объектлар сирасига киради.

Энди бир тасаввур қилиб кўринг: ана шундай объектдан шунча олтинни олиб чиқиб кетиш мумкинмиди? Мумкин бўлса, нега махсус хизматлар узоқ вақт давомида «аср жинояти»ни фош этмадилар? Бу айб­лов чиндан ҳам тўқилган эртак эди. Аммо ана шу «эртак»ка Самарқанд тумани суди раиси жаноби Акром Ўтаев ишонди. Гарчи, жами 146 млрд. 302 млн. сўмлик 1.539. 562, 072 грамм олтинни растрата йўли билан талон-торож қилганлик тўғрисидаги айб Самарқанд туман судида ўз тасдиғини топмаган бўлса-да, судья «қарор қатъий, шикоятга ўрин йўқ» қабилида иш тутди.

Яна бир масала. «Зармитан» конида олтин соф ҳолда эмас, балки руда кўринишида қазиб олиниши ва заводда қайта ишланиб, маъдан таркибидан ажратилишини таъкидлаш жоиз. Мутахассисларнинг қайд этишларича, бу жуда мураккаб жараён бўлиб, уни оддий тил билан тушунтириш анча мушкул. Соддароқ айтганда, 1,5 тонна олтин олиш учун камида 50 минг тонна рудани қаергадир ташиб кетиш, махсус техникалар ёрдамида қайта ишлаш лозим бўлади. Бу энг камида 50 та эшелон, деганидир. Шу ўринда 17 ой мобайнида кон ҳудудидан руда ортилган шунча эшелон ғойиб бўлади-ю, қўриқлаш хизмати ходимлари бунга томошабин бўлиб тураверишганми, деган савол туғилмайдими? Бу саволларга на тергов, ва на суд жараёнида жавоб қайтарилди.

Ҳужжатларни сохталаштириш ҳақидаги айблов хусусида ҳам анча-мунча эътирозлар билдириш мумкин. Масалан, ушбу кон ходимлари доимо Навоий кон-металлургия комбинати ва Жанубий кон бошқармаси масъул ходимлари назоратида бўлганини, улар томонидан хизмат сохтакорлиги у ёқда турсин, ҳатто тасодифий хатоликларга ҳам йўл қўйиш имкони бўлмаганини ҳеч ким эшитишни хоҳламади.

Шу маънода ҳам Бахтиёр Ибрагимов иши айни пайтда Олий Суд томонидан оқланаётган ўнлаб, ҳатто юзлаб фуқаролар ишига умумий жиҳатлари билан ўхшаш экани, яъни уларнинг аксариятида гуноҳкорлар олдиндан танланганини ишонч билан айтиш мумкин. Улар Жиноят Кодексининг қайси моддаси билан жиноятчига айлантирилишига ҳам олдиндан келишилган, десак хато бўлмайди. Агар айбланаётган шахс кўрсатилган йўлдан юрса, гувоҳга, адолат истаб қолса, жиноятчига айланган. Бахтиёр Ибрагимов ҳам қайсарлик қилиб, кимларнидир ёмонотлиққа чиқариш учун ёлғон кўрсатмалар беришдан бош тортди…

Бир сўз билан айтганда, 6523-сонли жиноят ишига оид ҳужжатларда жавобсиз саволлар кўп.

Таҳририятга тақдим этилган ҳужжатларда ўнлаб инсонларнинг кўрсатмалари, илтимос ва эътирозлари ўрин олган. Аммо битта мактубда ёзилган ушбу фикрларни эътиборсиз қолдира олмадик.

«… Ўғлимизнинг 30 йиллик меҳнати, мисқоллаб тўплаган обрўси бир кунда йўқ бўлди. У ҳатто ўзига шахсий автомашина олишни, дабдабали иморат солишни ҳам ўйламади, халқ ва давлат манфаатини ҳамиша устун қўйган эди. Суддан кейин оиласи яшаб турган оддийгина уйи ҳам мусодара қилиниб, хотини, 3 нафар фарзанди ва 6 набираси кўчада қолди»

Бу 1,5 тонна соф олтинни ўзлаш­тирганликда айланган фуқа­ронинг отаси – Исмат Ибрагимов томонидан ёзилган хатдан парча эди. Айни пайтда Б.Ибрагимовни билган, у билан бирга ишлаган ҳамкасблари ва, албатта ўзи каби ноҳақ айбланган инсонлар ҳам номлари оқланишига умид қилиб яшамоқдалар.

Хўш, ана шу умидлар, ишончлар оқланадими? Йўл қўйилган хатолар, адолатсизликлар учун кимдир беайб айбдорлардан узр сўрайдими?

Умид АРСЛОНБЕКОВ,

«Иқтисодий Газета» махсус мухбири