ДАВЛАТ ДАСТУРИНИНГ 24 ТА БАНДИ БАЖАРИЛМАЙ ҚОЛДИ

124

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатига Адлия вазирлиги ҳамда «Тараққиёт стратегияси» маркази билан биргаликда Давлат дастури ижросини тизимли мониторинг қилиш, уни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун қўшимча чоралар кўриш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган эди.

Шу муносабат билан «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати «Тараққиёт стратегияси» маркази билан ҳамкорликда «Фаол инвес­тициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг I чоракдаги  ижросига оид маълумотларни атрофлича таҳлил қилиб, жамоатчилик эътиборига ҳавола қилди.

Маълумки, 2018 йили «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастури асосида 274 та бандда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришга оид 34 та, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш – 15 та, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш – 84 та, ижтимоий соҳани ривожлантириш – 100 та, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш устувор йўналишида – 41 та банддаги тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

Шундан 90 та банднинг ижро муддати 2019 йилнинг январь–март ойлари (1-чорак)га белгиланган эди. Мониторинг натижаларига (2019 йилнинг 1 апрель ҳолатига) кўра, Давлат дастурининг 39 та банди (43,3 фоизи) тўла ижро этилиб, дастурда қайд этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган, мутасадди идоралар томонидан тасдиқланган. 27 та банд (30 фоизи) бўйича ҳужжатлар лойиҳаси масъул вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилиб, норматив ҳужжатларни қабул қилувчи субъектларга тақдим этилган.

Аммо «Юксалиш»  умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати маълумотларига кўра, дастурнинг 24 та банди (26,6 фоизи) бажарилмай қолган. Хусусан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини янада такомиллаштириш (112-банд), Республика ҳудудига олиб киришда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар ва хом ашёлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш (130-банд) ёки таълим муассасаларини аккредитациялаш тизимини такомиллаштириш (214-банд)га доир ҳужжатлар лойиҳаси белгиланган муддатларда ишлаб чиқилмаган.

А.АННАЕВ