НОРАСМИЙ СЕКТОРДА ЎЗГАРИШ ЙЎҚ. УШБУ СЕКТОРДА 7 963. 9 МИНГ КИШИ МЕҲНАТ ҚИЛЯПТИ

273

Агар мамлакатимизда жами ижтимоий фаол аҳоли сони 14767.1 минг нафар эканини инобатга олсак, юқоридаги рақамлардан бандлик масаласига мутасадди бўлган ташкилотлар, айниқса, вилоят ҳоким­ликларининг жуда жид­дий хулосалар чиқариш­лари лозимлиги англашилади.

Бу айни пайтда халқ хўжа­лиги соҳаларида талаб даражасида иш ўрин­лари яратилмаётгани, айниқса, муайян малакага эга бўлмаган фуқаролар учун иш жойлари ташкил этил­маётганини ҳам билдиради. Марказ томонидан ўтказилган ижтимоий текширувларда 108 та туман ва шаҳарлардаги 462 та ўз-ўзини бошқариш органлари, 4900 та уй хўжалиги ва 25 691 нафар фуқаро қамраб олингани қайд этилаётгани эса рақамларнинг ниҳоятда асосли эканидан далолат бермоқда. Текширув натижаларига кўра, иқтисодий фаол аҳолига нисбатан ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил этган.

Бу кўрсаткич 2018 йилнинг январь-декабрига (9,3 фоиз) нисбатан 0,1 фоизга кўп, бироқ 2018 йилнинг январь-март ойларига нисбатан 0,3 фоизга камайган.

Энг юқори ишсизлик даражаси 9,7 фоиз билан Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида, бўлса, энг паст кўрсаткич эса Тошкент шаҳрида (8,0 фоиз) қайд этилган.

Ишга муҳтож аҳоли сони 1 391,1 мингтани ташкил этиб, ишсизлик даражаси 30 ёшгача бўлганлар орасида 15,3 фоиз, шундан 15-25 ёшлилар ўртасида 17,1 фоиз, аёллар ишсизлиги эса 13,0 фоиздан иборат бўлган.

Меҳнат ресурслари миқдори меҳнатга лаёқат­лилар сонининг 183,2 минг кишига ортгани ҳисобига 18 953,8 минг аҳолини ташкил этди. Бу 2018 йилнинг январь-март ойларига нисбатан 1 фоизга кўп.

Шу ўринда мамлакатимизда ижтимоий фаол аҳоли сони 14 767,1 минг нафарга етганини (2018 йил январь-март ойларига нисбатан 1 фоиз юқори) таъкидлаш жоиз. Бунда расмий ижтимоий сектордаги бандлик 5 412,1 минг кишини ташкил қилади. Мазкур кўрсаткич ижтимоий соҳада банд бўлганлар (92,2 мингга), шунингдек, патентга эга юридик шахс бўлмаган тадбиркорлар (76,9 мингга) ортиши ҳисобига 176,3 мингтага (3,4 фоизга) кўпайган.

Норасмий сектордаги бандлик эса ўтган йилги даражада қолган – 7 963,9 минг киши. Аммо бунда вақтинчалик ва мавсумий ишларга жалб этилувчилар сони (41,9 мингга) ошгани кузатилган. Меҳнат шарт­номаларисиз ишлаётган ва махсус рухсатномасиз тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлар сони эса ўтган йилга нисбатан (3,6 мингга) камайган.

Маълумотномада хорижга ишга чиқувчилар сони 19,4 минг кишига камайгани ҳам қайд этилган. Январь-март ойларида эса бандлик идораларига 173,2 минг киши мурожаат қилиб, шундан 61,9 минг нафари доимий ишга жойлаштирилган, 49 минг киши жамоатчилик ишларига, 6 977 киши эса қайта малака оширишга йўналтирилган. 3863 фуқарога эса ишсизлик нафақаси белгиланган.

М.Мўминова