РУСЛАНБЕК ДАВЛЕТОВ: «КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ БЎЙИЧА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИШЛАР ЯНАДА КУЧАЙТИРИЛАДИ»

123

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида, АҚШнинг халқаро ривожланиш бўйича агентлиги (USAID), БМТ Тараққиёт дастури, БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бошқармаси (UNODC), «Ҳудудий мулоқот» халқаро ташкилоти, «Газпромбанк» АЖ ва бошқа ташкилотлар ҳомийлигида ташкил этилган йирик тадбирда 37 мамлакатдан 240 нафар делегат иштирок этмоқда. Умумий иштирокчилар сони эса минг нафардан ортиқлиги таъкидланмоқда.

Форумда Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов сўзга чиқиб, Ўзбекистонга келаётган ҳар бир инвестор ҳуқуқий ҳимояда бўлиши шартлигини таъкидлади.

 – Бугун кўп сонли юристлар бир жойга жам бўлганидан фойдаланиб айтмоқчиманки, бу бизнинг энг асосий вазифаларимиздан бири. Сармояси билан Ўзбекистонга кириб келаётган ҳар бир инвестор келишидан олдин бу ерда уни қандай вазият кутаётганини билиши лозим. Буни, яъни ҳуқуқий ҳимоя кафолатини юристлар таъминлаши ва бу ҳақда инвесторларга етарлича маълумотлар беришлари керак. Зеро, қулай инвестиция муҳити – энг аввало, ҳуқуқий кафолатдир. Буни эса юристлар яратиши керак, – дея қайд этди вазир.

 Таъкидланишича, Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган Халқаро юридик форумнинг номланиши ҳам бежизга баҳор билан боғлиқ эмас. Бу сафарги баҳор фасли нафақат ҳуқуқ соҳаси, балки бошқа соҳаларда ҳам Ўзбекистоннинг янги ривожланиш босқичига қадам қўяётган палла – том маънодаги янгиланиш айёмини англатади.

Адлия вазири мулк ва меҳнат ҳуқуқлари кафолатларига ҳам эътибор қаратиб, мулк ҳуқуқи – энг юксак қадрият даражасига кўтарилиши кераклигини таъкидлади. Унинг айтишича, хусусий мулк ҳуқуқи ҳимояси бўйича замонавий ҳуқуқий кафолатлар тизимини яратиш энг долзарб масалалардандир.

– Меҳнат қонунчилиги бўйича шундай дейиш мумкин, – деди Р.Давлетов.  – Гарчи бу соҳаларга оид ҳуқуқий кафолатлар мавжуд бўлса-да, улар эски концепциялар асосида қабул қилинганидан кўз юма олмаймиз. Бундан буён бу соҳаларда янгича, яъни талаб даражасидаги, халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган қонунлар яратилади. Дунёнинг энг илғор юристлари билан бугун бу соҳада ҳам фикр алмашамиз. Фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш бўйича ҳам шундай дейиш мумкин. Биз бу борада келгуси йилгача мутлақо янги Фуқаролик кодексини ишлаб чиқишни режалаштирганмиз. Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳам амалга оширилаётган ишлар янада кучайтирилади. Жамоат назорати механизмлари кучайтирилади. Интернетдаги муносабатларни тартибга солиш ҳам кун тартибида турибди.

Маъмуржон ЮЛДОШЕВ,

тайёрлади.