ТЎРА БОБОЛОВ МУТАСАДДИЛАРНИ ФУҚАРОЛАР МУРОЖААТИГА АЛОҲИДА МАСЪУЛИЯТ БИЛАН ЁНДАШИШГА ЧАҚИРДИ

222

Шу кунларда Сурхондарё вилоятининг барча шаҳар ва туманларида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Алишер Усмонов, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Тўра Боболов, ҳудудий секторлар раҳбарлари ҳамда Халқ қабулхоналари мутасаддилари томонидан сайёр қабуллар ўтказилмоқда.

Агар 2-12 апрель кунлари вилоятнинг 14 та ҳудудида сайёр қабуллар ўтказилган бўлса, уларда 3114 нафар жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мурожаатлари кўриб чиқилди.

Таҳлиллар фуқаролардан тушган мурожаатларнинг 245 таси (9.1%) ички йўллар ва кўприкларни таъмирлаш, 223 таси (8.3%) ичимлик суви ва 206 таси (7.1%) уй-жой билан таъминлаш, 164 таси (6.1%) ишга жойлашиш, 135 таси (5%) кредит ажратиш, 132 таси (4.9%) тадбиркорлик ва фермерлик учун ер ажратиш, 113 таси (4.2%) электр энергияси таъминотидаги муаммолар билан боғлиқ эканини кўсатди. Қолганлари эса мактаб, боғча ва спорт залларини қуриш ҳамда таъмирлаш, кадастр, тиббиёт, паспорт ва фуқароликни олишга доир масалалардир.

Шу ўринда мурожаатларнинг энг кўпи Бойсун, Шўрчи, Узун, Сариосиё, Қумқўрғон, Шеробод ва Олтинсой туманлари ҳиссасига тўғри келганини таъкидлаш жоиз.

Навбатдаги қабуллар эса Музрабодда ўтди. Унда 180 га яқин мурожаатлар муҳокама этилиб, улар ижроси юзасидан тегишли ташкилотларга топшириқлар берилди.

– Мурожаатларнинг аксарияти маҳаллий идоралар томонидан ҳал этилиши мумкин бўлган муаммоли масалалардир, – дейди вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Тўра Боболов.

 – Уларнинг ечимини жойида топиш учун туман сектор раҳбарлари уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганиш билан боғлиқ вазифаларга масъулият билан ёндашишлари, яъни халқ розилиги учун сидқидилдан меҳнат қилишлари лозим.