ЗАРАР ҚОПЛАБ БЕРИЛМАЙДИ-МИ?

113

Ўтаётган ҳафта мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларида кузатилган ёғингарчиликлардан кейин кўплаб фуқароларимиз табиий офат зарарини қоплаш масаласини қизғин муҳокама қила бошладилар. Аммо «Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси матбуот хизмати маълумотларига кўра, ҳар доим ҳам суғуртачилар мижозлар кутганидек моддий зарарни қоплаб бера олмайди.

Масалан, дейлик кучли шамол бўлиб, кўп қаватли уй атрофида турган машина устига дарахт йиқилди ва машина пачоқ бўлди. Машина эгасининг ўзи моддий зарар кўрди, лекин у кимнингдир зарарини тўлаб беришга мажбур бўлмади. Бундай ҳолатда суғуртанинг мажбурий автосуғурта тури бўйича ҳеч қандай моддий зарар қоплаб берилмайди.

Агар ҳайдовчи автомобилни бошқариш вақтида кутилмаганда учинчи шахснинг соғлиғи ёки мулкига зарар етказиб қўйса, суғурта компанияси ушбу зарар учун ҳайдовчига эмас, жабрланувчига зарар миқдорича ёки кўпи билан 12 миллион сўмгача пул тўлаб бериши мумкин.

Суғурталанган ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги оқибатида кимнингдир соғлиғи ёки ҳаётига жиддий зарар етган бўлса, 12 миллион сўмнинг 65 фоизи, яъни 7,8 миллион сўмгача, агар мулкига етган зарар учун 35 фоизи, яъни 4,2 миллион сўмгача маблағ тўлаб берилади.

Ушбу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 16 март куни қабул қилинган тегишли қарори билан 2019 йилнинг 16 июнидан ўзгаради, яъни зарарни қоплаб бериш суммаси 12 миллион сўмдан 40 миллион сўмгача оширилади.