«БЕГОНА» МИЛЛИАРДЛАР ТАТИМАЙДИ

73

Маълум бўлишича, «Alan Systems Group»ни аслида Нодир исмли шахс ташкил этган. Ш.Абдуллаевга эса ҳар ой 1 млн.сўм миқдорида иш ҳақи ваъда қилиб, МЧЖ раҳбарлигига кўндирган. Шундан кейин икковлон фирма ҳужжатларини расмийлаштиришга киришишади.

АТБ «Asia Alliance Bank» банкнинг Шайҳонтохур филиалида асосий ва иккиламчи ҳисоб рақам очилади. Миробод туман ДСИдан ҳисоботларни электрон тарзда топшириш калити ҳам олинади. Хуллас, ҳаммаси силлиққина ҳал бўлади. Шундан кейин Ш.Абдуллаев жамият раҳбари сифатида Нодир тавсия этган турли хўжалик юритувчи субъектлар билан қурилиш материаллари сотиб олиш ва етказиб бериш бўйича шартномалар имзолаб, ўзаро товарсиз ҳисоб-китобни амалга ошира бошлайди.

Натижада пул ўтказиш йўли билан харид қилинган жами 84.158.190.000 сўмлик юқори ликвидли, харидоргир маҳсулотларни нақд пулга сотиб, савдо тушумларини белгиланган тартибда жамиятнинг ваколатли банкдаги ҳисоб рақамига кирим қилмасдан, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборади. Шунча миқдордаги пул маблағи айланмаси бўйича давлат бюджетига тўланиши лозим бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар юзасидан тегишли ҳисоботларни Яккасарой тумани ДСИга белгиланган муддатларда электрон шакл­да тақдим этади. Натижада 2018 йил 25 апрель ҳолатига «Alan Systems Group» МЧЖ нинг солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан 8.634.892.600 сўмлик боқиманда қарздорлиги вужудга келади.

Бундан ташқари Ш.Абдуллаев «Alan Systems Group» жамиятини Яккасарой туман ҳокимлигида рўйхатдан ўтказмай ва тегишли лицензия олмасдан 2 ой мобайнида 5.961.055.000 сўмлик ноқонуний равишда улгуржи савдо қилишга ҳам улгуради.

Бундан ташқари Самарқанд вилоятида фаолият юритадиган «Ibrat-Avtotrans» МЧЖга тегишли лицензияни «Alan Systems Group» номига расмийлаштирган ҳолда қалбакилаштириб, ноқонуний тарзда автотранс­портда 7.836.333.000 сўмлик юк ва йўловчиларни ташиш фаолиятини “амалга” оширади.

Ш. Абдуллаев ҳамтовоғи Нодир билан миллиард-миллиард фойда келаётганидан қувониб, ўз фаолиятини кенгайтира бошлайди. Хусусан, сохта шартнома асосида «Kamron story Servis» МЧЖ раҳбари Эргашбой Пайзиевдан 227.500.000 сўмни фирмаси ҳисобига тушириб, тезда нақдлаштириб олади. Ўз хатти-ҳаракатларини яшириш ва жавобгарликдан қутулиб қолиш учун эса бирламчи бухгалтерия ҳужжатлари, жамиятнинг қатъий ҳисобдаги гувоҳнома ва бошқа таъсис ҳужжатларини йўқ қилади.

Қилмиш-қидирмиш, дейдилар. Кўп ўтмай, Жиноят Кодексининг бир неча моддалари бўйича Ш.Абдуллаев айбдор, деб топилди. Ундан давлат фойдасига 8 миллиард 684 миллион 813 минг 600 сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ундириладиган бўлди. Шунингдек, «Alan Systems Group» МЧЖнинг Тошкент шаҳар АТБ «Asia Alliance Bank»нинг Шайхонтоҳур филиалидаги ҳисоб рақамида хатланган 34 925 минг 649 сўм зарар ҳам қопланади. Ш.Абдуллаевга эса Жиноят кодексининг 59, 61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил уч йил-у олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

А.Ғ.ФАЙЗИЕВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси Сергели туман бўлими бошлиғи ўринбосари