Келажакка йўналтирилаётган трилллионлар

2019 йилнинг январь-апрель ойларида Самарқанд вилоятида 2 триллион 81,3 миллиард сўмдан ортиқ кредитлар ажратилиб, шу ҳисобдан 12 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилди

123

Марказий Банк Самарқанд вилояти Бош бошқармасининг Тижорат банкларида давлат мақсадли дастурлари ижросини мониторинг қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жасур Баҳриевнинг айтишича, давлат дастурлари ижросининг таъминланиши энг оғир муаммо – ишсизлик масаласини ҳал этишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

– Шунинг учун ҳам мутахассисларимиз асосий эътиборни энг чекка қишлоқ ҳудудларига қаратмоқдалар. Мақсадимиз – марказдан анча олис бўлган ҳудудларда ҳам саноат ва ишлаб чиқаришни, қурилиш ҳамда хизмат кўрсатиш ва албатта, аграр соҳани қўллаб-қувватлашдир. Буни жорий йилнинг январь-апрель ойларида саноат ва ишлаб чиқариш соҳасига 628, 6 миллиард сўм, қурилишга 145,7, хизмат кўрсатиш соҳасига 104,1, аграр секторга 520,3, транспорт ва алоқа хизмати учун 37,4 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилганида ҳам кўриш мумкин.

Шу ўринда Президентимизнинг  “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4231-сонли Қарори асосида 20 майга қадар 5 673 та хонадонга 133,4 млрд. сўм имтиёзли кредит ажратилганини қайд этиш мумкин.

Ушбу қарор энг аввало юртдошларимизнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, ҳар бир оила аъзосида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш орқали оилаларнинг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилгани билан ҳам юртдошларимиз эътиборини тортаяпти.

Ҳа, чиндан ҳам “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да Самарқанд ҳар томонлама ўзгаряпти. Энг аввало, оддий одамларга ислоҳотларнинг туб моҳияти хусусида етарлича маълумотлар берилаётгани, жамиятда кечаётган эскилик ва янгилик ўртасидаги курашда янгиликнинг қўли баланд келиши учун ҳалол меҳнат қилиш талаб этилаётгани қайта-қайта уқтирилаётгани реал натижаларга асос бўлмоқда.

Марказий банк Самарқанд вилоят бошқармаси мутасаддиларининг айтишларича, айни пайтда “мижоз манфаати ҳар нарсадан устун” тамойилига қатъий амал

қилинаётгани учун ҳам банкларга бўлган ишонч тобора ортмоқда. Ишонч бор жойда эса барака ҳам, унум ҳам бўлади.

Маълумотларга қараганда, жори йил вилоятда жами 898 та йирик лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.  Шундан 594 та лойиҳа бўйича тижорат банкларининг 1,4 трлн. сўм миқдоридаги кредити, 219,4 млн. АҚШ доллари (1,83 трлн. сўм эквивалентида) миқдоридаги чет эл валютасидаги кредитлар ажратилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳаларни молиялаштириш орқали эса 22 мингдан ортиқ янги ишчи ўрни очиш кўзда тутилмоқда.

Шу ўринда “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури асосида дастлаб 133 млрд. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши белгиланганини ,аммо Президентимизнинг 2019 йил 11 январда вилоятга ташрифларидан кейин мазкур дастур доирасида қўшимча равишда яна 100 млрд. сўм кредит ресурслари ажратилиши белгиланганини қайд этиш жоиз.

“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида эса 62,2 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу дастур ижроси Марказий Банк мутасаддилари томонидан доимий тарзда таҳлил этиб борилмоқда.

Маъмуржон Юлдошев,

“Иқтисодий Газета” шарҳловчиси