СЕНАТОРЛАР ДАВЛАТ ҚЎМИТАЛАРИНИНГ ҲИСОБОТИНИ ЭШИТДИ

171

 

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ибратжон Каримовнинг таъкидлашича, янги қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, атроф-муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун товон пулини ҳисоблаб чиқиш ва ундириш борасида зарур чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, ҳудудлардаги 50 мингдан зиёд хонадонда профилактик тадбирлар ташкил этилди. Бу тадбирларда 4 минг 200 дан ортиқ ҳуқуқбузарлик аниқланди.

Сенаторлар мамлакатда экотуризмни ривожлантириш, экологик саёҳатнинг истиқболли турларини қўллаш масалаларига ҳам эътибор қаратди. Қайд эттил­ганидек, Президентимизнинг 2019 йил 20 мартдаги “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, “Йўл харитаси” тасдиқланган. Унга кўра, 2020 йилда Ҳисор, Чотқол, Зомин, Сурхон, Нурота, Қизилқум давлат қўриқхоналари ва Қуйи-Амударё давлат биос­фера резерватининг қўриқланадиган зоналарини ташкил этиш назарда тутилган, бу эса экотуризмни ривожлантиришда кенг имкониятларни яратади.

Ўз навбатида, БМТнинг Тараққиёт дастури, Глобал экология жамғармаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг қўшма лойиҳасига асосан Ҳисор давлат қўриқхонасининг Шаҳрисабз шаҳридаги маъмурий биносида сайёҳлар учун Ташриф-маркази ташкил қилинади.

Мажлисда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси белгиланган вазифаларни амалга оширишда бир қатор камчиликларга йўл қўйгани хусусида ҳам сўз юритилди.

Жорий йилда 46 та автопарк, 29 та чиқинди йиғиш пункти қуриш бўйича пудратчи ташкилотларни белгилаш ва шартнома тузиш ишлари кечиктирилган. Экологик саёҳат турларини аниқлаш доирасида Ҳисор давлат қўриқхонасининг Сувтушар шаршараси, Ҳазрати Султон платоси, Амир Темур ғори ва Динозавр изи каби ноёб объектларни қўриқхона ҳудудидан чиқариш ва уларни қўриқланма (буфер) зонасига ўтказиш якунига етказилмаган.

 

Корея Республикасининг икки компанияси билан 2019 йил 4 мартда тузилган 55 миллион АҚШ долларлик лойиҳа доирасида “Оҳангарон” ва “Майдонтол” маиший чиқиндилар полигони ҳудудида дренаж иншоотларини ўрнатиш ишлари ўз вақтида бажарилмаяпти.

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг ҳисоботида айтилишича, “Doing Business” глобал рeйтингида Ўзбeкистон Республикасининг кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида мулк ҳуқуқи ва тақиқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ягона давлат портали ишга туширилган.

Яъни, 2019 йил январь ойидан бошлаб “Davreestr.uz” ахборот тизими фаолияти йўлга қўйилиб, ҳар бир мулкдорга элeктрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда, рeспублика ҳудудида жойлашган кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотларни олиш имконияти яратилди.

Мутахассислар айтишича, қишлоқ хўжалиги eрларини ошкора, шаффоф ва самарали тақсимлаш мақсадида “Yer Elektron” автоматлаштирилган ахборот тизими яратилмоқда. Ўз ўрнида махсус гeопортал ва вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликларининг расмий вeб-сайтларида захирадаги қишлоқ хўжалиги eрлари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиш орқали фeрмeр хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига бўш eрларни бeриш тизими ишга туширилиши кутилмоқда.

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси айрим йўналишларда йўл қўйган хато ва камчиликлар ҳам айтилди. Иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳада хизматларни кўрсатиш учун рақамли картографик матeриалларни ўз ичига олган кeнг доирадаги маълумотларни расмий ва очиқдан-очиқ фойдаланишга чиқариш, гeодeзия ва картография соҳасида хизматларни кўрсатувчи тадбиркорлик субъeктлари сонини ошириш бўйича ишлар тўлиқ амалга оширилмагани қайд этилди.

Мажлисда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

* * *

Шу куни Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси яна бир мажлис ўтказиб, унда “Чиқиндилар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг чиқиндиларни сақлаш, кўмиб ташлаш ва утилизация қилишга доир талабларига оид қисмининг Сурхондарё ҳамда Фарғона вилоятларидаги ижроси муҳокама қилинди.

Республикада чиқин­диларни сақлаш, кўмиб ташлаш ва утилизация қилиш борасидаги ишларни тартибга солишга йўналтирилган норматив ҳужжатлар қабул қилини­шига қарамай, ҳудуд­ларда уларнинг ижроси тўлиқ бажарилмаётгани аниқланган.

Хусусан, Фарғона вилоятида маиший чиқиндиларни кўмишга мўлжалланган 23 полигон бўлиб, йилига ўртача 1,6 миллион тонна чиқинди ҳосил бўлади. Вилоятда уларни қайта ишлашга ихтисослашган 20 та корхона фаолият юритмоқда.

Муаммо шундаки, вилоятда чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш ва уларни утилизация қилиш учун махсус техникалар етишмайди. Бу эса хизмат кўрсатиш сифатига таъсир қилиб, аҳоли эътирозига сабаб бўлмоқда. Яна бир гап, вилоятдаги полигонларнинг 5 таси ўралмаган, 6 тасида санитар тармоқ, 7 тасида маиший хона ҳамда 8 тасида техника ювиш ва дезинфекция қилиш жойлари мавжуд эмас.

Мажлисда таъкидланганидек, “Тоза ҳудуд” ДУКга қарашли полигонларни 2017-2018 йилларда қайта таъмирлаш учун маҳаллий бюджет маблағларидан 7,5 миллиард сўм ажратилганига қарамай, вилоятда ушбу йўналишдаги ишлар етарли даражада ташкил этилмаган. Мисол учун, Шеробод, Жарқўрғон ва Қўмқўрғон туманларида чиқиндиларни жойлаштириш объектлари ўралмаган, уларда санитар тармоқ, маиший хона, техника ювиш ва дезинфекция қилиш жойлари умуман йўқ. Бундан ташқари, вилоятдаги чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган корхоналарнинг асосий қисми кадастр ва давлат экология экспертизасининг хулосасини олмасдан фаолият юритмоқда. Бу борадаги муаммолар бошқа вилоятларга ҳам тегишли.

Нурилло НАСРИЕВ,

ЎзА мухбири