ШЕРЗОД ҚУДРАТХЎЖАЕВ НИМАДАН НОРОЗИ?

240

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзод Қудратхўжаев ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида деярли ҳар куни кўз ўнгимизда содир бўладиган, аммо аксарият ҳолларда кўз юмиб кетадиган ҳолатларга муносабат билдирди. Таниқли журналистнинг ёзишича, ҳар қандай инсон доимо комиллик сари интилиши лозим.

– Мени доим ўйланти­радиган нарса бу – бир номақбул ҳолатдан чиқиш учун иккинчи шундай ҳолатга тушишимиздир. Нега биз хатонинг хато эканини била туриб, ўзимизни тиймаймиз, нега фақат хоналар ёки кўчаларда кузатув камералари бўлсагина, ҳаракатларимизни ўйлаб амалга оширамиз, нега йўлларда ёки иш жойида инспектор, назоратчини кўргачгина ўзимизни қонун доирасида тута бошлаймиз. Биздан юқорида турувчи зот – Аллоҳ кўраётганини билсак ҳам ўзимизни шунга лойиқ тутмаймиз…

Куни кеча одамлар аввалига ифтор кейин эса Таровеҳ намозига шошганча йўл ҳаракати қоидаларини бузаётганларига гувоҳ бўлдим. Аслида фақатгина кеча эмас, Рамазон ойи аввалидан бери шу аҳвол. Шаҳримизнинг катта чорраҳаларидан бирида ҳайдовчилар вужудга келган тирбандликка бир озгина сабр қилмай, қарама-қарши йўлга чиқиб ҳаракатланишлари ҳам одатий ҳолга айланяпти. Тирбандлик узоғи билан беш дақиқада тарқайдиган эди аслида. Аммо одамлар шунга ҳам сабр қила олишмаяпти. Ўзику майли, ҳаракатлари оқибатини кўрар, аммо бошқа ҳайдовчилар, қоронғуда йўл кесиб ўтаётган йўловчилар-чи?! Бундай сабрсизлик оқибатида бир инсон умри завол, бир оила увол бўлмайдими? Наҳот, шунчалик бефарқ бўлиб қолдик?!

Кеча эрта тонгда яна бир ҳолатга гувоҳ бўлдим. Якшанба – дам олиш куни бўлишига қарамай, субҳидамдан (чамаси соат олтилар эди) қўшни уйда тош кесувчи арра ишлай бошлади (аслида бир ойдан бери аҳвол шу). Бу техниканинг шовқини, айниқса, сокин тонгдаги ҳавони ларзага келтиришини таърифламасам ҳам яхши биласиз. Тўғри, бегим кунлари иш, ўқиш учун эрта уйғонамиз, усталарнинг ҳам вақтлироқ иш бошлашлари ўзларига фойда – индамаймиз. Аммо, дам олиш кунига, яна рўзада, одамлар саҳарлик қилиб, энди ором олай деганларида наҳот усталарга бир кун кечроқ иш бошлаб туришни, бошқалар дам олишлари кераклигини хонадон соҳиблари тушунтирмайдилар? Бунинг учун қанча фаросат керак? Маълумки, Тошкентда ҳовлилар кичик, сал қаттиқроқ гапирилса, товушимиз қўшни ҳовлисигача чиқади. Шундай экан, электр арра шовқини ўнлаб қўшни хонадонларга эшитилишини наҳотки билмасак?! Ҳеч бўлмаганда якшанба куни соат 9 дан кейин иш бошласак, иморатимиз битмай қоладими?! Ёки шундай ҳолатларга ҳам ички ишлар ходимлари аралашиб, тартибга солишларини кутиш керакми? Шуни ҳам порталга ёзиш керакми? Нега шуларни ўз ақлимиз билан тартибга сололмаймиз? Наҳот шунчалар бефарқмиз?!

Нега қонунни бузаётганимизда, бу билан бирон кишининг ҳаётига зомин бўлишимиз мумкин бўлганида ЙХХББ ходимларидан эмас, Худодан қўрқмаймиз? Нега ҳеч бўлмаса Рамазон ойида ён-атрофимиздагиларни ранжитишдан, бирор кимсага ёмонлик қилишдан хавфсирамаймиз? Бизга ёқмаган – кундузи автомобиль чироқларини ёқиб юриш ҳақидаги янги қоидага нисбатан шунчалик норозилик билдираяпмизу, бундай ҳолатларга бефарқлигимизча қоляпмиз! Нега? Чунки биз бундай ҳолатларга аллақачон кўникиб бўлдик, кундалик ҳаётимизда ўз қобиғизмизга, қулайлик ҳудудимизга ўраниб олганмиз, ундан чиққимиз йўқ ҳечам. Энг ёмони, биз жамиятни шундай қабул қилмоқчимиз ва жамиятни ҳам бизни боримизча қабул қилишига ундаяпмиз. Ўзгаришга, ўзгартиришга, юрт, жамият ривожи учун ҳаракат қилмоқчи эмасмиз. Йўқ, ёндашув шундай бўлса, биз ривожлана олмаймиз, мамлакатни ҳам, ўзимизни ҳам ислоҳ этолмаймиз. Шу тариқа ривожланган давлатларга ҳавас қилиб, ўтиб кетаверамиз.

Нега биз мусулмон бўла туриб, ҳеч бўлмаса муборак Рамазон ойида озодаликка риоя этмаяпмиз? Кимдир кўчанинг ўртасига ахлат ташласа, нега «ташлама» деёлмаймиз? Бозорларимиз, мозорларимиз, айниқса, тупук маконига айланган авто бекатларга бир қарайлик. Зилол сувли ариқларнинг балчиқ ва сассиқ ҳидига кўникдикми? Озодаликни қачондан, қаердан бошламоқчимиз ўзи?!

Масжидга киришдан олдин автомашиналаримизни йўловчилар ва бошқа ҳайдовчиларга ҳалақит беришини билганимиз ҳолда ўзимизга қулай ҳолича қолдириб кетамиз. Тўғри, биз ибодат қилиш учун боряпмиз, шунинг учун шошяпмиз. Лекин намозни номақбул ишларимизга парда қилишимиз жоизмикан?! Бир ўйлаб кўрсак: шундай дилозорликлар, қоидабузарлик, тартибсизликлар эвазига қилган ибодатимизни Аллоҳ даргоҳида қабул қилармикан? Яратган биздан машинамиздан тушмай улоқтирган ахлатимиз, қўшнимизнинг тинчини бузганимиз, қоида бузиб йўловчилар ҳаётига хавф солганимиз учун рози бўлармикан?!

Рамазонда таровеҳ намозлари чоғида эътиборимни тортган яна бир ғалати ҳолат бор. Бу ака-укаларимиз, ёши улуғларимизнинг бошдан-оёқ покистонлик, саудияликларга хос кийимлар билан масжидларга бораётганларидир. Наҳотки, биз тушунмасак, бу либослар ўша юрт, ўша миллатнинг миллий либослари, ахир, ибодат либоси эмас! Ёки миллий кийимларимиз ибодатга тўғри келмай қолдими? Қачондан бошлаб ўзбек дўпписи ўзбекнинг бошига торлик қиляпти, ўзбек яктагининг араб ридоси (гандора)дан кам жойи борми? Нимага юз, балким, минг йиллар бошимизда тож бўлган ва бизни ғоз қилган дўппи ўрнига ўзгаларнинг бош кийимини бошимизда кўтаряпмиз. Энди ўзимизга бир савол берайлик: улар ўзбек дўпписини киярмикинлар? Ахир, дўппимиз билан ўзлигимиз, дўппимиз билан ғуруримиз, дўппимиз билан оримиз кетмаяптими? Марғилон дўпписи, Самарқанд дўпписи, Андижон дўпписи, Бухоро дўпписини киймасак биз ўзбекмизми? Бугун дин, деганда мазмун қолиб шаклга берилиб кетмаяпмизмикан? Тўғри, ислом дини битта, Аллоҳ ягона, унга элтувчи йўл ҳам барча учун бир, аммо миллийлик бошқа масала. Ҳар бир миллатнинг ўзига хос анъанаси, маданияти бор. Шу билан ҳам у бошқалардан ажралиб туради. Бу ҳолатларни кўриб рости ўзимизга ачинаман, ўйланаман. Шунда Эркин Воҳидовнинг бир шеъри ёдимга келади:

Муслим бўлдик арабдан ортиқ,

Ўрис бўлдик, русдан зиёда.

Бирни топсак ёруғ дунёда,

Ўн каррани қилганмиз тортиқ.

Ичдик, чекдик шўро юртида,

Ўздик барча оғалардан ҳам.

Юзсизликда ошмасак бўлди,

Овропалик тоғалардан ҳам.

Ачинарли, тўғрими?!

Мустафо Камол Отатурк таърифи билан айтсак, «Ухлаб ётган миллат ёки йўқ бўлиб кетади ёки қул бўлиб уйғонади». Биз ана шундай уйқудаги миллатлардан бири бўлиб қолмаслигимиз лозим.

Албатта, ушбу фикрларим билан ҳеч кимни танқид қилмоқчи эмасман. Бу табаррук ойда на ҳаракатим, на сўзларим билан бирон кимсанинг дилини оғритиш ниятим ҳам йўқ. Шунчаки, халқимиз, мамлакатимиз, юртимиз, жамиятимиз барча соҳаларда энг юқорида бўлишини, ҳеч кимга тақлид қилмай, ўз ҳолича, ўз ақли, ўз тили ва фаросати билан ислоҳ этилишини, эътиқоди ҳам ғурури, номуси каби баландда бўлишини истайман, холос.

Биз кимларгадир ҳавас қилиб яшамайлик, аксинча, ўзгалар бизга ҳавас қилсинлар.  Биз ўзгалар либосига меҳр қўймайлик, аксинча, ўзбекнинг эгнидаги кийим­лар уларга тароватлироқ туюлсин.

Барчангизга Рамазон ойи яна бир бор муборак, рўзадорларга Аллоҳдан сабр, тақводорларга ибодатлари ижобатини тилайман!