УРГУТЛИК ЁШЛАРГА ЗАМОНАВИЙ КУТУБХОНА

121

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили Самарқандда бўлганларида 3 нафар ургутлик фаоллар билан суҳбатлашиб, юқоридаги масалага ҳам эътибор қаратган эдилар.

Шундан сўнг Ургут истироҳат боғида замонавий кутубхона қурилиб, Ўзбекистон ёшлар итти­фоқи Ургут туман Кенгаши балансига берилди. Кутубхонада бир пайтнинг ўзида 100 нафар ёшларга хизмат кўрсатиш имконияти яратилган. Интернет тармоғига уланган 50 та компьютер эса ёшларга қўшимча қулайликлар яратмоқда.

1 май куни «Фавворалар сайли»га чиққан туман аҳли ҳамда ёшлари янги кутубхона билан танишиш имконига эга бўлдилар.

Шу ўринда туманда ўтказилаётган «Меҳнат ярмаркаси» ҳам ёшларни иш билан таъминлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлаш жоиз.

Туманимизда аҳоли бандлигини таъминлаш давлат дастурига асосан, барча йўналишларда жами 3543 та иш ўрни яратиш белгиланган. Бунинг учун 2019 йилнинг I чорагида 4 маротаба бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди. Унда меҳнат бозорига биринчи маротаба кириб келаётган ёшлар, одам савдосидан жабрланганлар, ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда муаммоларга учраган, банд бўлмаган аҳоли қатлами ва хотин-қизлар иштирок этишди.

Ярмаркада 313 та корхона ва ташкилот ўзининг 787 та бўш ва квота иш ўринлари билан қатнашди. Тадбирга жами 259 нафардан ортиқ банд бўлмаган фуқаролар жалб қилиниб, 52 нафар йигит-қизларга ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди.

Аббос ҲАҚБЕРДИЕВ,

“Ёшлар иттифоқи” туман  Кенгаши ижтимоий ҳимоя ва матбуот

билан ишлаш бўйича бош мутахассиси