Ортга йўл йўқ энди

Ортга йўл йўқ энди

104

Мамлакатимизда юз бераётган туб ўзгаришлар даврида Давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ишбилармонлар учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Зеро, жаҳон тажрибаси ушбу қатлам вакиллари қўллаб-қувватланган тақдирдагина миллий иқтисодиётлар ривожланиб, бир қатор ижтимоий муаммоларга ечим топиш учун қўшимча имкониятлар яратилганини кўрсатмоқда.
Албатта, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга турли давлатларда турлича ёндашилмоқда. Масалан, Туркияда бир пайтлар мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш учун тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиш билан бирга хорижга жўнатилган ҳар бир контейнер учун мукофот пули ҳам берилган. Бундай тажрибалардан деярли барча ривожланган давлатларда фойдаланилган ва айни пайтда ҳам самарали фойдаланилмоқда. Тадбиркорликни рағбат­лантиришга хизмат қилувчи бундай услублар бизда ҳам жуда катта иқтисодий режаларга йўл очиши мумкин.
Маълумки, бугун Ўзбекистонда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун жиддий тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Ушбу ташкилотга аъзолик эса товарлар ва хизматларнинг чегаралардан божхона тўсиқларисиз эркин ҳаракатланишини ва албатта, нархлар масаласида ЖСТ талаблари даражасидаги шароитлар яратилишини англатади. Ушбу нуфузли ташкилотга аъзо бўлиш ҳар қандай давлат учун жуда катта имконият ва имтиёзлар эшигини очиб беради, албатта. Аммо биз ана шу ташкилот талабларига тайёрмизми, ички бозорларимиздаги товар ва хизматлар нархи ривожланган мамлакатлардаги сифат ва нархлар билан рақобатлаша оладими, йўқми, деган саволларга ижобий жавоб қайтарган тақдиримиздагина ўзимизда ишонч пайдо бўлади. Аммо ҳозирча хорижлик ишбилармонларга тенглашиш, улар билан тенг рақобатга киришиш учун зарур шарт-шароитларга эга эмасмиз. Бунинг учун эса, энг аввало, илғор иқтисодий тажрибалардан максимал даражада фойдаланиш керак. Тўғри, кейинги 2,5 йил ичида Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан вазиятни ижобий томонга ўзгартириш мақсадида ўнлаб Фармон ва Қарорлар қабул қилинди. Тадбиркор ва тадбиркорликни қоғозда эмас, амалда қўллаш учун ҳатто янги тузилмалар ташкил этилди. Энг муҳими, тадбиркорларимиз ҳуқуқ ва манфаатларига оид қонунчилигимиз қайта кўриб чиқила бошланди. Аммо «беш қўл баробар эмас», деганларидек, аксарият ҳолларда реал ҳаёт билан қоғоздаги ҳаёт ўртасида жуда катта тафовут сақланиб қолмоқда. Биз кўпинча «хориж тажрибаси» деб гапиряпмиз-у, аммо ана шу тажрибани ҳаётга татбиқ этишда бир ёқламаликка йўл қўйилаётгандек. Кўпинча жаҳон стандартларининг жарима қисмини амалиётда қўллаяпмиз, холос. Ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатишга ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашувлар, профилактика йўли билан бартараф қилинадиган камчиликлардан катта муаммолар ясаш, режа учун жарима ундириш ҳолатлари эса бартараф этилмай қоляпти. Натижада аксарият тадбиркорлик субъектлари «оч қорним, тинч қулоғим» қабилида иш тутишни маъқул кўрмоқда. Шу ўринда назорат қилувчи субъектлар сони камайиш ўрнига, аксинча, ошиб бораётгани уларни ушлаб туриш жамиятга қанчага тушяптийкин, деган саволларни ҳам келтириб чиқармоқда.
Алоҳида олинган корхоналар ёки бошқа соҳаларга яратиб берилаётган ижтимоий шарт-шароитлар уларни ривожлантиришга эмас, аксинча, қувватсизлантиришга, бозорларимизда эса сифатсиз маҳсулотларнинг кўпайишига олиб келаётир. Яъни монополист ташкилотлар рақобатсизлик муҳитидан фойдаланиб, ўз билганларича иш тутмоқдалар. Бу эса товар ва хизматлар нархининг кўтарилишига олиб келмоқда. Монополия иқтисодиётнинг ривожланиши учун қанчалар зарарли эканини сифатсиз ва сунъий тарзда баҳоси оширилган «Chеvrolet»нинг енгил автомобиллари, сифатли, аммо ниҳоятда қиммат бўлган «МАН» юк машиналари, «Ўзбекистон» ҳаво йўллари, темир йўллари, Ўзбектелекомнинг ўта сифатсиз ва «бебаҳо» хизматлари туфайли ҳам мамлакатимизда товар ва хизматлар таннархи асоссиз равишда кўтарилиб боряпти. Агар юқорида номлари қайд этилган ишлаб чиқарувчилар маҳсулоти фуқароларимизга сотилаётган нарх ва сифатда хорижга чиқарилса, улар, шубҳасиз, касодга учрайдилар. Мана, оддий бир мисол. «Ласетти» русумли автомобилимиз ўзимизда 15 минг АҚШ доллари атрофида сотилса, Россияда 10 мингга, «Треккер» 20 мингга, Россияда 12 мингга сотилаётгани ҳақида ҳар қанча гапирилмасин, бу масалада бирон-бир ўзгаришга қўл урилмаяпти. Маълумки, дунёда ҳеч бир маҳсулот ўз таннархидан арзон сотилиши мумкин эмас. Юқоридаги демпинг эса монопол автокорхонамизнинг очиқдан-очиқ кўзбўямачилик билан шуғулланаётганини фош қилиб қўймоқда. Маълумки, ҳозирги кунда интернет орқали исталган автоэҳтиёт қисмлари қаерда ва қандай нархларда сотилаётганини бир неча сония ичида билиш мумкин. Бундай маълумотлар эса 3-5 минг АҚШ долларига йиғса бўладиган автомобиллар фуқароларимизга энг камида 4-5 баравар қимматга сотилаётганини кўрсатиб қўяяпти.
Эркин бозор ва унинг эркин талаблари ҳақида гап борганида яна бир муҳим масалага эътибор қаратиш мумкин. Маълумки, дунёнинг кўплаб мамлакатларида 2-3 йил хизмат қилган автотехникаларни ярим нархига сотиб олиш мумкин. Улар камида яна 8-10 йил хизмат қилиб бериши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Аммо аксарият ҳолларда божхона текшируви пайти ҳатто жорий йил ишлаб чиқарилган ва бир ойгина ишлатилган машиналар ҳам эски, деб таснифланишини ҳамда улар олиб кирилаётганда сиз сотиб олган нархларда эмас, балки божхона базасида мавжуд бўлган юқори нарх ҳисобидан 20 фоизлик бож ундирилишини тўғри, дея баҳолаш мумкинми? Масалан, 3 куб метрли юклагичнинг божхона базасидаги нархи 52800 АҚШ доллари миқдорида белгиланган. Тўлов эса 10560 АҚШ долларини ташкил қилади. Аслида бу турдаги юклагичларнинг нормал ҳолатдагисини 15, нари борса 20 минг долларга харид қилиш мумкин. Энди оддий ҳисоб-китоб қилиб кўрсак, божхона белгиланган режасини бажариш учун тадбиркорнинг 6-7 минг доллари ҳисобидан ортиқча тўлов жорий қилиб, шунинг эвазига кўрсаткичларини ушлаб турибди. Бундай ортиқча тўлов эса таннархга салбий таъсир кўрсатиб, истеъмолчининг гарданига тушиши билан ҳеч кимнинг иши бўлмаяпти. Худди шундай янги техникаларни 20 фоиз ҚҚС тўлаб олиб кириш ҳам мумкин. Аммо улар нархи жуда баланд. Эндигина оёққа тураётган тадбиркор учун бу анчайин оғирлик қилади. Кредит олиш учун эса гаров пули керак.
Юқоридаги талабларга кўниб иш юритаётган тадбиркор эса, табиийки, ўз товар ва хизматлари нархини оширишга мажбур бўлади. Қарабсизки, инфляциянинг катта ғилдираги ҳаракатга келиб, корхона ва ташкилотлар ўртасидаги иқтисодий муносабатларга таъсир қила бошлайди. Шу тариқа таннархни камайтириш, бозорга арзон ва сифатли маҳсулот чиқариш йўлидаги уринишларимиз чиппакка чиқаверади.
Яна бир ҳаётий мисолга эътибор қаратайлик. Яқинда пойтахтимизнинг Сирғали туманида барпо этилган арзон нархдаги уйларнинг нарх-навоси кўтарилиб кетгани билан боғлиқ муаммо ҳукумат даражасигача кўтарилди.
Маълум бўлишича, бунга асосан қурилиш материаллари нархининг қимматлиги сабаб бўлган. Сир эмаски, бинокорликда фойдаланиладиган қум, шағал, ғишт, цемент ва ер ишларини тайёрлаш ва бажаришда махсус техникалардан фойдаланилади. Келинг, ушбу махсус техникаларнинг хориж ва биздаги нархларини таққослаб кўрайлик. Хитойда ишлаб чиқариладиган 30 тонна сиғимли «ХОВО» машинаси 35 000 АҚШ доллари турса, бизда 25 тонна сиғимли «МАN» юк самосвали учун 130 000 АҚШ доллари тўланяпти. Юқоридагидек ҳолат бошқа техника воситаларига ҳам тегишлидир. Ана шундай қиммат нархдаги техникалар билан ишлайдиган тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотлари эса ўз-ўзидан қимматлашади, албатта. Таннархни пасайтириш учун эса арзонроқ хомашёдан, яъни сифати паст маҳсулотдан фойдаланилади. Шу тариқа ички бозоримиз сифатсиз молларга тўлиб боради. Яна бир мисол. Яқинда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори оширилди. Бу эса товар ва хизматлар таннархига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатишини кўпчилигимиз ўйлаб ҳам кўрмаганмиз.
Шу ўринда дунёнинг ривожланган давлатларида ҳаракат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар анча илгари пайдо бўлганини, у ерларда ҳам мутасаддилар мавжуд тартибсизликларга барҳам бериш учун узоқ вақт бош қотирганларини таъкидлаш жоиз. Маълумотларга қараганда, ривожланган давлатларда мақсадга эришишнинг икки йўли таклиф этилган. Бир тоифа кишилар молиявий чораларни маъқул топган бўлсалар, иқтисодчилар бунга қарши чиқиб, шахс эркинлигини чеклаш катта иқтисодий ва ижтимоий муаммоларга олиб келиши мумкин, деган фикрни билдирганлар. Шундан кейин йўлнинг очиқ жойларига тезликни ўлчайдиган радарлар ўрнатилган. Уларнинг мавжудлиги, қаерда ва қанча масофада жойлашганлиги тўғрисида эса ҳайдовчиларга доимий тарзда маълумотлар бериб турилган. Яъни ҳаракат хавфсизлиги билан боғлиқ талаблар кимларнидир жазолашга эмас, тарбиялашга хизмат қилган. Шу тариқа аҳоли маблағларининг фойдалироқ тарзда айланишини таъминлаш орқали иқтисодий барқарорликка эришиш учун қулай шарт-шароитлар яратилган.
Яна бир мисолга эътибор қаратайлик. Маълумки, Хитойда бозор иқтисодиётининг дастлабки йилларида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳеч қандай рақобатга чидамас эди. Аммо улар жуда арзон бўлиб, аҳоли кенг қатламининг харид қобилиятига мос бўлган. Дейлик, ғарбда ишлаб чиқарилган битта буюм 100 долларга сотилса, хитойликлар худди шундай маҳсулотларнинг 100 тасини 10 доллардан сотишган. Шу ўринда ушбу маҳсулотлар дунёнинг «қашшоқ харидор»ларига мўлжалланганини ҳамда бунда давлат томонидан берилган имтиёз ва эркинликлар тадбиркорлик субъектлари учун айни муддао бўлиб, уларнинг эркин ва босқичма-босқич ривожланишига хизмат қилганини таъкидлаш жоиз. Хитой айнан ана шундай йўллар билан Хитойга айланди.
Эсингизда бўлса, 80-йилларнинг охирларида Польша Халқ республикасига Собиқ Иттифоқ ҳудудидан фуқаролар бориб савдо қилишар, ўрнига Туркия, Хитойда ишлаб чиқарилган буюмларни харид қилишар эди. Польшага кириш учун чегаранинг ўзида 5 долларга «ваучер» сотиб олинарди.Энг қизиғи, ўзингиз билан олиб кираётган ва олиб чиқаётган нарсаларингизни ҳеч ким суриштирмасди. Бу ҳолат 90-йилларнинг ўрталаригача, яъни Польша бозорлари хом ашё ва мол-мулкка тўлгунига қадар давом этди. Ҳозирда ушбу давлат Европа қитъасидаги иқтисодий жиҳатдан энг бақувват мамлакатлардан бири саналади.
Бозор шароитида ўз ечимини кутаётган ва иқтисодий жараёнларга салбий таъсир кўрсатаётган омиллардан яна бири тўлов интизомининг бўшлигидир. Шунинг учун ҳам ушбу ҳолатни чуқурроқ таҳлил қилиб, бир ташкилот эмас, умумий иқтисодий жараёнларнинг келгусидаги истиқболини, яъни барча юртдошларимиз манфаатини ўйлаб, тўловлар жорий этилса, товар ва хизматлар нархи жиловланади. Маҳсулотлар арзонлашиб, аҳолининг бўш маблағлари кўпайтирилади ва уларнинг харид қобилияти ортади. Пировардида иқтисодий, ижтимоий фаровонликка эришилади.
Пул муомаласига келсак, бугунги кунда банк­лар томонидан берилаётган кредитлар аксарият ҳолларда хўжаликлар фаолиятини ривожлантиришга эмас, уларнинг қарздорлик ботқоғидан «кафолатли» тарзда жой олишига хизмат қилмоқда. Бундай пайтда айланма маблағингизни сарфлаб, ташкилотларга товар етказиб ёки хизмат кўрсатсангиз, иқтисодий жараёнларга улкан таъсир кўрсатаётган тўлов интизомининг қурбонига айланасиз. Бюджет ташкилотларини молиялаштириш масалаларидаги қийинчиликлар туфайли эса етказиб берган маҳсулотингиз ҳақини ҳатто йиллар мобайнида ҳам ололмаслигингиз мумкин. Ўз вақтида пулини олмаган тадбиркор эса ишчи-хизматчиларига ойлик бера олмайди, солиқларни вақтида тўламайди. Қарабсизки, битта муаммо бир нечта муаммога айланиб кетади. Тўлашга маблағи йўқлигини била туриб унга яна “пеня” қўйилади, яъни тадбиркорни қутқариш учун эмас, янада чўктириш учун қулай «шароитлар» яратилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон жуда катта режа ва ниятларни бутун дунёга эълон қилди. Туб ислоҳотлар мавсумий тадбир эмаслиги учун ҳам 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди. Давлатимиз раҳбари ўз чиқишларида ҳар қандай ислоҳот ва ўзгаришлар барқарор иқтисодиётсиз амалга ошмаслигини таъкидлаяптилар. Халқ тадбиркор, бой бўлса, давлат бой бўлиши қайта-қайта уқтириляпти. Аммо айрим соҳа ва тизимлардаги мутасаддилар энди орқага қайтишга йўл йўқлигини, ислоҳотларга тўғаноқ бўлиш давлат сиёсатига қарши чиқиш билан баробар эканини тушунмаяптилар, чоғи. Акс ҳолда юқоридагидек ҳолатларга йўл қўйилмаган бўлар эди.

Аббосхон Аҳмедов,
OZLiDeP Cиёсий Кенгаши аъзоси, тадбиркор