ЯШИЛ ЙЎЛАКДАГИ ДОҒЛАР

60

Албатта, миришкорлик Ўзбекистонга ҳам бегона эмас. Зеро, она заминимизда етиштирилган ҳар қандай мева ҳамда полиз маҳсулотларига мутахассислар азалдан юқори баҳо бериб келишган. Аммо шуни тан олиб айтишимиз керакки, узоқ йиллар давомида ушбу соҳага етарлича эътибор қаратилмади. Натижада мева ва сабзавотларга оид кўрсаткичлар асосан қоғозларда «ўсди», холос.

2017-2018 йиллардагина ушбу соҳа ҳамда миришкор деҳқонларимизга бўлган муносабат амалда ўзгарди. Яъни Ўзбекистонда аграр соҳа деганда фақат пахта ва ғаллани тушуниш нотўғри экани тан олиниб, чинакам ер эгаларининг манфаатлари ифода этилган бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Бундай саъй-ҳаракатлар натижаси узоқ кутдирмади. 2018 йилнинг ёзидаёқ Ўзбекистонда етиштирилган мева-чевалар дунё, илк бор Европа бозорларига чиқарилди. Ҳатто Британиянинг Лондон шаҳрида Ўзбекистонда етиштирилган гилос савдоси йўлга қўйилди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, 2018 йили мамлакатимиз гилос экспорти бўйича Испанияни қувиб ўтиб, Чили, АҚШ ва Туркиядан кейин 4-ўринни эгаллади. Шу тариқа ўтган йили ўзбек деҳқонлари хорижга 45-50 минг тонна атрофида гилос сотдилар.

Ана шундай ўзгаришлар асносида «Ўзагроэкспорт» АЖ ҳам ўзининг хориждаги савдо уйлари сонини 20 тадан оширди. Давлат Статистика Қўмитаси маълумотларига қараганда, 2018 йили мамлакатимизда 239,2 цент./га. сабзавот, 114,2 цент/га мева ҳамда резавор маҳсулотлар йиғиб олинган.

Айни пайтда «УзАгро» бренди остида янги ва қайта ишланган мева-сабзавотларимиз Хитой, Корея, Европа, Араб мамлакатлари ҳамда «Магнит», «Х5», «Мария-Ра» сингари дунё миқёсида тан олинган йирик савдо тармоқларига ҳам етказиб берилмоқда.

Жорий йил охиригача эса қиймати 1,55 миллиард АҚШ доллари ҳажмидаги экспорт шартномалари асосида хорижлик истеъмолчиларга 2,2 млн. тонна сархил маҳсулот етказиб бериш кўзда тутилган. Хусусан, 2019 йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистон билан Украина ўртасида мева ва сабзавотлар, қуритилган мевалар экспорти бўйича қарийб 3 млн. долларлик шартномалар имзоланган.
Япония ва Ўзбекистон ўртасида ҳам 28 турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, яъни хурмо, тарвуз, малина, анжир, ерёнғоқ, бодом, грек ёнғоғи (ташқи пўстлоғисиз), ловия, мош, кунжут, коврак, жийда, кабачки, айсберг салати, укроп, кашнич, петрушка, сельдерей, райхон, руккола, ялпиз, латук, яшил пиёз, пиёз, сабзи, карам, қовоқ ва редиска экспорти бўйича келишувларга эришилди.

Шу ўринда пахтанинг бир гектаридан 25-50$, ғалладан 150 $ миқдорида фойда олинаётганини, боғдорчиликда эса бу кўрсаткич 600 $ дан 3500 $ га етишини ҳам айтиш жоиз.
Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида барча соҳалар қатори аграр соҳада ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш, тизимнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш орқали белгиланган натижаларга эришиш учун салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу муҳим ҳужжат асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 ноябрдаги «Республикада 2019-2020 йилларда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, ушбу ҳужжат юқоридаги натижаларга асос бўлаётир.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, 2019 йилда мева-сабзавот маҳсулотларини қуритиш корхоналарини ташкил қилишнинг манзилли дастури тасдиқланди. Яъни мамлакат бўйича 28 та йирик лойиҳани амалга ошириш режалаштирилиб, уларнинг йиллик қуввати 73 минг 20 тоннага етказилади. Қарорда шунингдек, давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари билан бирга мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қуритиш бўйича амалга ошириладиган лойиҳаларнинг ижроси учун жавобгар этиб белгиланди.

Бўка туманидаги «TNA Agroinvest tomorqa xizmati» масъулияти чекланган жамиятида мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва қуритиш йўлга қўйилди. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган мазкур корхонада 50 дан ортиқ киши иш билан таъминланган. 2018 йили Бельгия, Россия ва Германияга 400 минг доллар ҳажмида маҳсулот экспорт қилинган бўлса, бу йил ушбу кўрсаткични 1 миллион доллардан ошириш режалаштирилган– Айни пайтда кунлик ишлаб чиқариш ҳажмини 2 тоннага етказдик, – дейди «TNA Agroinvest tomorqa xizmati» МЧЖ раҳбари Шерали Умиров. – Йил охиригача 4-5 тоннага чиқарамиз. Асосан булғор қалампири, ошқовоқ, қизил лавлаги, карам ва турли кўкатларни қайта ишлаяпмиз. Ички имкониятларимиздан фойдаланиб, янги линиялар қуришни ҳам бошлаб юбордик.

Соҳа мутасаддиларининг қайд этишларича, 2021-2029 йиллар давомида ҳудудларда 330 дан ортиқ инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Шунингдек, жойларда 1 минг 780 та музлаткичли омборхона барпо этилади. Уларнинг сиғими 1 миллион 340 минг тоннага тенгдир. Келаси ўн йилда вилоятлардаги корхоналарнинг эскирган ускуналари модернизация ва реконструкция қилиниши натижасида экспортбоп, юқори қўшимча қийматли – музлатилган, қуритилган мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми янада кўпаяди.
2017 йили мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажми 18,4 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йилда ушбу кўрсаткични 22,4 фоизга етказиш режалаштирилган. Ҳа, чиндан ҳам режаларимиз зўр. Шунга яраша жойларда тизимли ишлар олиб бориляпти. Аммо узоқ йиллар давомида эгалланган бозорларга ўзбек миришкорларининг кириб бориши осон кечмаётганини ҳам тан олишимиз керак.
Хусусан, мева-чеваларимиз таъми ширинлигига қарамай, мева етиштириш технологиясининг эскирганлиги, маҳсулот саралаш тизимининг мавжуд эмаслиги, энг асосийси, жойларда совутиш ва қадоқлаш технологияларининг етишмаслиги экспорт йўлида ғовга айланмоқда. Шу ўринда маркетинг масаласидаги оқсоқлигимиз туфайли мавжуд имкониятлардан тўла фойдаланилмаётганини ҳам қайд этиш жоиз. Фақат биргина ютуғимиз бор – бу ҳам бўлса ўзбек гилосининг арзонлиги, дея таъкидланяпти. Аммо кўрсаткични ютуқ сифатида баҳоламаслик керак.

Чунки дунё аҳолисининг экологик жиҳатдан тоза маҳсулотларга бўлган талаби кундан-кунга ошиб бораётганини инобатга олсак, яқин йилларда Ўзбекистонда етиштирилган мева-чевалар дунё бозорида ўзининг ҳақиқий нархини топишига ишончимиз комил.

«Evrostat» маълумотларига қараганда, мева-чевалар истеъмол қилишда Буюк Британия, Дания ва Нидерландия аҳолиси етакчи экан. Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти бир киши кунига 400 грамм миқдорида мева-сабзавот истеъмол қилишини қатъий тавсия этмоқда. БМТ эса айнан мева-сабзавотларни етарлича истеъмол қилмаслик натижасида 2017 йили 3,9 млн. киши бевақт ҳаётдан кўз юмганини маълум қилмоқда.

Юқоридаги ҳолат, рақамлар ва хулосалар дунё бозорларида Ўзбекистонда етиштирилган маҳсулотларга талаб юқори эканидан далолат, албатта. Аммо сара маҳсулотларимиз, шириндан-шакар мева-чеваларимизни ҳар қанча мақтамайлик, хорижлик истеъмолчи сувни кўрмай этик ечмаслигини англаб етишимиз керак. Бу эса миллий маркетинг тизими ишлаши, аграр сектор вакилларига ёрдам бериш учун ташкил этилган ташкилотларнинг бироз тер тўкишларини талаб қилади. Шундагина мева-сабзавотларнинг йиллик экспорт ҳажмини 10-15 миллиардга етказишга эришамиз.

Улуғбек АБДУРАҲМОНОВ,
««Иқтисодий Газета» шарҳловчиси