«KAFOLAT SUG‘URTA KOMPANIYASI» «INTERNATIONAL UNDERWRITING ASSOCIATION OF LONDON» АЪЗОСИДИР

55

Компания бошқаруви раиси Саидолим Насретдиновнинг таъкидлашича, суғурта бозори ўзига хос тарихга эгадир. 1688 йили Англияда йўлга қўйилган суғурта муносабатлари, мана 330 йилдирки, янги суғурта маҳсулотларининг яратилишида замин бўлиб келяпти. Эндиликда жаҳон иқтисодиётини суғурта бозорисиз тасаввур этиш қийин. Ўзбекистон суғурта компаниялари томонидан ҳам бу борада инқилобий ўзгаришларга эришилмоқда.

Тадбир давомида иштирокчиларга ана шулар ҳақида кенг тушунчалар берилди. Жумладан, 2018 йилнинг ўзида «KAFOLAT sug’urta kompaniyasi» AJ томонидан 1 млн. АҚШ доллари ҳажмида суғурта хизматлари экспорт қилинди.

– 2018 йили Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) каби дунёнинг нуфузли ташкилотлари вакиллари, шунингдек, Хитой Халқ Республикаси экспертлари мамлакатимизга ташриф буюриб, соҳада амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар, – дейди компаниянинг қайта суғурталаш ва халқаро алоқалар департаменти бош менежери Жасур Жўрабоев. – Компаниямиз ходимлари суғурта йўналишида етакчи саналган Япония, Германия, Буюк Британияда доимий тарзда малака оширмоқдалар. Шунингдек, қўшни Қозоғистон, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатларда ўтказилган Халқаро форумлар, анжуманлар, бизнес учрашувлар давомида 100 дан ортиқ суғурта ташкилотлари билан ҳам ўзаро алоқалар йўлга қўйилган. Айни вақтда Польша, Панама, Жанубий Корея, Ҳиндистон, БАА, Россиядаги суғурта ва қайта суғурталаш компаниялари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланганини ҳам таъкидлаш жоиз.

«KAFOLAT sug’urta kompaniyasi» AJ Ўзбекистон суғурта бозорини кенгайтириш ҳамда халқаро суғурта олами мавқеи учун бор имкониятлардан фойдаланмоқда. Жумладан, Лондонда жойлашган «International Underwriting Association of London» (IUA) вакиллари билан олиб борилган музокаралар натижасида «KAFOLAT sug’urta kompaniyasi» Ўзбекистон суғурта ташкилотлари орасида биринчи бўлиб ушбу Халқаро ассоциация аъзолари сафига киришга муваффақ бўлди.

Шу ўринда 2019 йилнинг I чорагида компания томонидан 394,3 минг АҚШ долларига тенг суғурта экспорти амалга оширилганини таъкидлаш жоиз. Бу ўтган йилнинг айни даврига нисбатан 239,8 минг долларга кўпдир.

Жорий йилнинг 28-29 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро молия-банк форуми доирасида “KAFOLAT sug`urta kompaniyasi” AJ ва Белорусс миллий қайта суғурта ташкилоти, шунингдек, Словениянинг «Sava Re» суғурта компанияси билан ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Айни пайтда ушбу компаниянинг 219 та филиали фаолият юритмоқда. 2019 йилнинг I чорагида 231,4 мингдан ортиқ суғурта шартномалари имзоланди ва 37,3 млрд. сўм суғурта мукофоти жамланди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 151,4 фоизни ташкил этади.

Миллий суғурта бозоридаги кучли рақобат шароитида мижозларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш AJнинг устувор вазифаси қилиб қўйилган. Жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 2604 мурожаат бўйича 7,4 млрд. сўм суғурта қопламаси тўлаб берилди. «SAIPRO» ахборот-рейтинг агентлиги ташкилотнинг «uzA++» (энг юқори молиявий кўрсаткич) рейтингини тасдиқлади.

Айни кунда Ўзбекистон суғурта бозорида фаолият юритаётган 30 дан ортиқ суғурта компанияларидан иккитаси халқаро рейтингга эга. Шундан биттаси «KAFOLAT sug’urta kompaniyasi»дир.
«Fitch Ratings» халқаро нуфузли рейтинг агентлиги AJ рейтингини «В+»дан «ВВ-» га ошириб, унинг истиқболини «Барқарор», дея баҳолагани ҳам бежиз эмас.
Матбуот анжуманида шунингдек, замонавий суғурта бозори, бугунги туб ўзгаришлар жараёнида унинг ўрни ва ижтимоий аҳамияти ҳақида ҳам сўз юритилди.

Аслиддин АННАЕВ