КОМИЛ АЛЛАМЖОНОВ: «ЮРТИМИЗДАГИ БАРЧА ЖУРНАЛИСТ ВА БЛОГЕРЛАР АГЕНТЛИГИМИЗ ҲИМОЯСИ ОСТИДА»

86

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов ўзининг твиттердаги саҳифасида Давлат солиқ қўмитасига мурожаат қилиб, блогер Азиз Ашурбаев билан боғлиқ ҳолатлар ўрганилиб, инспекторнинг хатти-ҳаракати қонунга зидлиги аниқланса, унга нисбатан чора кўрилиши лозимлигини таъкидлади.

«Солиқ идораси ходимлари блогер Азиз Ашурбаевнинг телефони ва унинг «Инстаграм» тармоғидаги саҳифасини олиб қўйишгани ҳақида маълумот келиб тушди. Давлат солиқ қўмитасидан ушбу ҳолатни ўрганиб, агарда инспекторнинг хатти-ҳаракати қонунга зид бўлса, чора кўрилиши талаб қилинади.
Солиқчиларимиз блогерларни солиққа тортиш ёки уларга қарши юқоридагидек зўравонлик қилишдан аввал тизимдаги коррупцияни йўқотиш, хуфиёна иқтисодиётга қарши курашиш каби долзарб муаммоларни ҳал этсалар, жамият ва иқтисодиётга кўпроқ фойда келтирган бўлар эдилар.
Шуни алоҳида таъкидлашни истар эдимки, юртимиздаги барча журналист ва блогерлар Агентлигимиз ҳимояси остида. Уларга нисбатан ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатга қарши туришга тайёрмиз!»