РОССИЯ ИҚТИСОДИЁТИ ТАНАЗЗУЛГА ЮЗ ТУТЯПТИМИ?

86

Халқаро шарҳловчилар Петербург иқтисодий Форумининг ўта пессимистик руҳда ўтганини таъкидламоқдалар.
Чиндан ҳам нуфузли тадбирнинг биринчи сессиясидаёқ кўплаб мутахассислар Россияда «жиддий силжишлар учун имкониятлар йўқ»лигини эътироф этдилар. Яъни, агар мамлакат иқтисодиётида ижобий ўзгариш ва янгиланишлар юз бермаса, Россия Президентининг ЯИМ ўсиши бўйича дунёнинг кучли бешталигига киришга доир Фармони амалга ошмай қолади.
Россия Ҳисоб палатаси раиси Алексей Кудриннинг сўзларига қараганда, «Baring Vostok» жамғармаси асосчиси Майкл Калвининг қамоққа олиниши мамлакат иқтисодиёти учун кутилмаган зарба бўлиб, мамлакатдан чиқиб кетаётган маблағлар ҳажмининг икки баробарга ортишига сабаб бўлди.
А.Кудриннинг фикрича, айни пайтда бизнес Россия суд тизимига ишончсизлик билан қарамоқда. Кудрин ана шу фикрни билдирар экан, Пушкиннинг «Дубровский» асарини эслади. Унда бой-бадавлат помещчик Кирилл Троекуров судьяни сотиб олиб, Андрей Дубровскийга тегишли ерларни эгаллаб олади.
Кудрин айни пайтда ҳам Россияда шундай ҳолатлар кўзга ташланаётганини ҳамда йил бошидан буён четга олиб чиқиб кетилган маблағ икки баробарга ортиб, 40 миллиарддан ошганини қайд этди.

Фирдавс ҲАМИДУЛЛАЕВ