ЎЗБЕКИСТОН – БЕЛАРУСЬ ҲУКУМАТЛАРАРО ҚЎШМА КОМИССИЯСИНИНГ НАВБАТДАГИ ЙИҒИЛИШИ

48

17-19 июнь кунлари Минск шаҳрида Ўзбекистон ва Беларусь Республикалари ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг саккизинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Элёр Ғаниев ва Беларусь Республикаси Бош вазири ўринбосари Владимир Дворник раислик қилди. Йиғилишда икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон ва Беларусь бошқарув доиралари, вазирликлар, уюшмалар ва компаниялар вакиллари турли соҳаларда, хусусан, енгил ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика, чорвачилик, мебелсозлик ва қурилиш материаллари ҳамда бошқа cоҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди. Беларусь Давлат технологик университети ректори ва раҳбарлари билан учрашувда ҳамкорликда қурилиш соҳасида ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш келишилди. Тадбир доирасида Беларусь Миллий фанлар академияси ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривож ланиш вазирлиги ўртасида илм-фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги хужжатларни мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Мазкур ҳужжат икки давлат асосий йўналишлари бўйича инновацияларни жорий қилиш, илмий ва техник ривожланиш учун шароит яратиш ҳамда сўнгги технологияларни ўзлаштириш соҳаларида ҳамкорлик орқали Ўзбекистон ва Беларусь илмий муҳитини ривожлантириш учун самарали алоқалар мустаҳкамланишига туртки бўлади.

Шунингдек, танловдан ўтган 10 нафар аспирант ва 200 нафар ёш олимни қисқа муддатли стажировка курсларига юбориш учун Беларус Республикасининг етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида аспирантура ва докторантурада ўқиши учун илмий муассасаларни белгилашни тезлаштириш масаласи кўриб чиқилди.

Беларусь давлат университети ва “Унитехпром БГУ” технопарклари раҳбарлари билан учрашув ўтказилди. Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги “Яшнобод” технопарки ҳамда “Унитехпром БГУ” технопарки резидентлари ўртасида тажриба ўртоқлашиш ҳамда юртимизда ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар бўлиб ўтди.