ЕР МАЙДОНЛАРИ 50 ЙИЛГА БЕРИЛАДИ

41

Президентимизнинг 2019 йил 17 июндаги «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони айнан ана шу салбий оқибатларни бартараф этиш ва яроқсиз ҳолга келиб қолган ерларни босқичма-босқич қайта фойдаланишга киритиш мақсадини илгари суради. Сув тежовчи технологияларни, шунингдек, бу жараёнда салоҳиятли инвесторлар иштирокини таъминлашга доир энг долзарб масалаларни ҳал этишга қаратилгани билан ҳам бу фармон аграр соҳа ривожи йўлидаги муҳим ҳужжат бўлди. Фармон билан «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепцияси» ҳам тасдиқланиб, унда амалга оширилиши кўзда тутилган энг долзарб вазифалар белгилаб қўйилди.

Мазкур концепцияни амалга ошириш орқали қишлоқ хўжалиги экин ерларини ўзлаштириш 2019 йилда 3 минг 205 гектардан 2029 йилда 4316 гектарга етказилиши кўзда тутилган.

2019-2029 йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун фойдаланилмаётган ер майдонларини ўзлаштириш концепцияси доирасида халқаро молия институтлари жалб қилиниб, эксперимент тариқасида 2019 йилда Наманган вилоятининг Поп ва Мингбулоқ туманларида тажриба-синов ишлари олиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаевнинг айтишича, Концепция асосида ерга нисбатан бозор муносабатлари жорий қилиниб, Давлат хусусий шериклик шартлари ёки шартнома асосида ер майдонлари ва суғориш иншоотлари 50 йилгача бўлган муддатга берилади. Янги фермер хўжаликлари сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан мажбурий жиҳозлаш шарти асосида ташкил этилади. Шунингдек, ер майдонларини фойдаланишга киритиш сувни тежовчи технологиялар қўлланган ҳолда амалга оширилади.

Мавжуд суғориладиган ерларни энди ноқишлоқ хўжалик мақсадларида корхона, бино ва иншоот қуриш учун ажратишга чек қўйилишини ҳам таъкидлаш жоиз.
Маъмуржон ЮЛДОШЕВСоіа