ИСТЕЪФОГА ЧИҚАМАН

273

Шу ўринда 2019 йилнинг 27 майида қабул қилинган ушбу Фармон мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш тизимини тубдан такомиллаштириш зарурати юзага келгани учун ҳам қабул қилинганини таъкидлаш жоиз.

Маълумки, коррупцияга қарши кураш Халқаро ташкилоти – «Transparency International»нинг 2018 йил учун эълон қилган коррупцияни ҳис этиш индексида Ўзбекистон 100 баллик тизимда 23 баллга эришиб, 2017 йилга нисбатан 1 балл кўп жамғарган бўлса-да, умумий рейтингда 1 поғонага пастлаб, 180 та давлат давлат орасида 158 ўринни эгаллади. Бундай хулосалар асоссиз эмаслигини «Ижтимоий фикр»
жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан яқинда ўтказилган сўров натижалари ҳам исботлади,
дейиш мумкин. Мажлисда қайд этилишича, сўров қатнашчиларининг 66,5 фоизи Ўзбекистонда коррупция ҳолати тарқалган, деб ҳисобламоқда. 17 фоиз иштирокчилар коррупция барча соҳа ва тизимларни қамраб
олган, 29 фоизи эса мансабдорлардан ҳар иккинчиси коррупционер, деган фикрни билдирганлар.

Сўровда иштирок этганларнинг 26 фоизи бу жараёнда очиқлик ва ошкоралик таъминланмаётгани ҳамда
оммавий ахборот воситаларида етарли даражада ёритилмаётгани сабаб коррупция авж олаётганини
қайд этганлар. Маълумки, кейинги йилларда давлат хизматчиларининг кимларгадир қарам бўлмасликлари учун уларга барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Аммо шунга қарамасдан, идоралараро кенгаш мажлисида 2018 йилда оғир жиноят содир этган 2 минг нафарга яқин мансабдор шахснинг жиноий жавобгарликка тортилгани маълум қилинди.

Ўтган йили 116 нафар банк раҳбари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда бош ҳисобчиларига нисбатан ҳам 68 та жиноят иши қўзғатилган. Мажлис раиси Халқ таълими вазирлиги тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга қарамасдан, қарийб 150 нафар ходимга нисбатан 103 та жиноят иши очилганига урғу бериб, уларнинг 24 таси порахўрлик билан боғлиқ жиноят экани вазирлик мутасаддиларини ташвишга солиши кераклигини билдирди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги 93 нафар шахсга нисбатан ҳам қарийб 70 та жиноят иши қўзғатилган. Бу эса соҳада олиб борилаётган, мутлақо янги мазмун-моҳият ва комплекс чора-тадбирлар ижроси йўлида сунъий тўсиқлар мавжудлигини англатади, албатта. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 11 нафар мансабдор шахсига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилгани ҳам тизимда
коррупция хавфи мавжудлигидан далолатдир.

Энг хавотирли жиҳати шундаки, коррупцияга қарши курашнинг олдинги сафларида турган ва шу турдаги жиноятларнинг олдини олишга бевосита масъул бўлган идораларнинг ўзида коррупцияга барҳам берилмаяпти. Масалан, 2018 йили 39 нафар ички ишлар тизими, 10 нафардан зиёд прокуратура, 2 нафар давлат божхона тизими ходими, 1 нафардан судья ва адвокат порахўрлик жинояти устида қўлга олинган.

Энг ачинарлиси, бундай мисолларни деярли барча давлат органлари фаолиятида учратиш мумкин. Айрим соҳа ва тармоқларда коррупция билан боғлиқ жиноят ва ҳуқуқбузарликлар оммавий тус олгани масъул раҳбарларда ушбу иллатга қарши курашишда қатъият ва ирода, узоқни кўра билиш, сезгирлик ва ҳушёрлик етишмаётганини кўрсатади.

Мажлисда Президентимиз Фармонига биноан, 2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси амалга оширилиши белгилаб қўйилганига эътибор қаратилди.

Маълумки, ҳар қандай ислоҳот муваффақияти биринчи навбатда таълим жараёнидаги соғлом ва барқарор муҳитга бориб тақалади. Шунинг учун ҳам Давлатимиз раҳбари томонидан таълим тизимига ушбу соҳага жуда катта эътибор қаратилиб, бюджетдан миллиард-миллиард маблағ ажратиляпти. Мамлакатимиз да кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганини ҳам юртдошларимиз мамнуният билан эътироф этмоқдалар.

Бироқ, соҳада ҳамон ечимини кутаётган ва энг ёмони коррупцияга йўл очиб бераётган муаммолар сақланиб қолмоқдаки, уларни буткул ҳал этмай туриб, капитал қурилишда «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини самарали амалга ошириб бўлмайди. Мажлисда бугунги амалиётга кўра, қурилиш соҳасида фаолият юритиш учун 4 турдаги лицензияга эга бўлиш талаб этилиши, ҳар бир лицензияни бериш алоҳида низом билан тартибга солиниши ҳамда лицензия бериш муд дати ва унга тўланадиган давлат божи миқдори ҳар хил эканига ҳам эътибор қаратилди. Яъни ушбу соҳада «Умумий», яъни универсал лицензия олиш имкони йўқ. Қурилиш учун ер майдони ажратиш масаласи ҳам мураккаблигича қолмоқда.

Амалдаги тартибга кўра, қурилиш учун ер ажратиш жараёни 60 кун давомида 12 та ташкилот иштирокида кечади. Айнан ана шу ҳолатнинг ўзиёқ соҳада коррупцияга барҳам бериш кафолатларини деярли йўққа чиқаради. Бундан ташқари, қурилишни бошлашга рухсат берувчи бошқа ҳужжатларни олиш ҳам муайян вақт талаб этади.

Йиғилишда ханузгача ечими топилмаётган яна бир муаммога кенгаш аъзолари эътибори қаратилди. Бу қурилиш материаллари ва жиҳозлари ишлаб чиқариш учун республика бўйича бор-йўғи биттадан корхона танлаб олингани ва улар марказлашган ҳолда етказиб берилаётгани масаласидир. Агар ушбу масала чуқурроқ ўрганилса, атайлаб рақобат муҳити чеклангани, кимларгадир бу борада жуда катта имтиёз берилгани англашилади. Рақобат муҳитининг йўқлиги эса қурилиш материаллари ва жиҳозларининг сифати ёмонлашувига олиб келмоқда.

Бундан ташқари, қурилиш материалларининг фақат Тошкент шаҳридаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилиши, уларни жойларга етказиб беришда ортиқча харажатларни келтириб чиқариш билан бирга, қишлоқ жойларида намунавий уйлар таннархининг ошишига ҳам олиб келяпти. Яъни Қўнғирот ёки Тошлоқда ишлаб чиқарилиши мумкин бўлган оддий темир дарвозани нима учундир айнан Тошкентда ишлаб чиқарилиши белгиланган. 3 йиллик таҳлиллар эса бу муаммолар ҳалигача барҳам топмаганини кўрсатяпти.

Ўша пайтда марказлашган тарзда жойларга етказиб бериладиган қурилиш маҳсулоти ва жиҳозлари сони 7 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунда улар сони 20 тадан ошган. Бундай марказлашган тизим эса коррупция учун кенг имкониятлар яратмаяптими? Маълумотларга кўра, 2017– 2018 йиллар ва жорий йилнинг 4 ойи мобайнида қурилиш соҳасида қарийб 600 нафар шахсга нисбатан 359 та жиноят иши қўзғатилган. Хусусан, арзон уй-жойларнинг қурилиши юзасидан қарийб 60 нафар шахсга нисбатан 30 дан зиёд жиноят очилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 январдаги Фармони билан Давлат солиқ ва «Ергеодезкадастр» давлат қўмиталарига юклатилган бўш турган ва қурилиши тугалланмаган объектларни аниқлаш ва хатловдан ўтказиш ҳамда уларнинг ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини ошириш вазифалари ҳам шу кунга қадар бажарилмаётгани мажлисда кескин танқид қилинди. Оқибатда мамлакат бўйича бўш турган, қурилиши тугалланмаган, самарасиз фойдаланилаётган жами 39 мингга яқин объектнинг ягона маълумотлар базаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат солиқ ва «Ергеодезкадастр» қўмиталарида шакллантирилмаган.

Мазкур объектларнинг 11,6 минг тасининг мулкдорлари томонидан инвестиция лойиҳалари ўз вақтида тақдим этилмаган ва «Йўл хариталари» ишлаб чиқилмаган…

Коррупция аталмиш ушбу иллатни таг-томири билан йўқ қилиш осон эмас, албатта. Чунки иқтисодиётимизни ичдан емираётган, аҳоли фаровонлигига тўсиқ бўлаётган ушбу иллат бир кунда пайдо бўлгани йўқ. Президент фармони ва бу борада қабул қилинган махсус дастур кўлами эса масаланинг ниҳоятда долзарб эканини, бундан буён ушбу муаммога нисбатан томошабин бўлиб туриш ниҳоятда қимматга тушиши мумкинлигини англатиб турибди. Бас шундай экан, бу борадаги ишлар биргина комиссия аъзолари ёки идоралараро кенгашнинг иши, дея қарамаслик керак. Бунда «YUKSALISH» умуммиллий ҳаракати раҳбари Акмал Бурхонов таъкидлаганидек, жамоатчилик назорати институти имкониятларидан ҳам максимал даражада фойдаланиш лозим.

– Коррупцияни бартараф этишда бирёқламаликка йўл қўйиб бўлмайди, – дейди юридик фанлар доктори, профессор Илхом Насриев. – Агар маҳаллий ва хорижий экспертлар, депутатлар, нодавлат-нотижорат ташкилотлари яъни барча манфаатдор ташкилотлар бирлашмаси, бу борада ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди. Шу ўринда бу жараёнда сиёсий партиялар, ОАВлари бонг уриши, камчиликларни аёвсиз фош этиш керакки, шундагина мазкур иллатни йўқ қилиш имконияти пайдо бўлади.

Илҳом Насриевнинг фикрича, бу жараёнда судлар мустақиллигини таъминлаш масалаларнинг масаласидир. Чунки айнан судлардагина коррупция тазарруси бўйича сўнгги сўз айтилади.