ЭНГ ЗАИФ БЎҒИН

Қарийб 3 йилдирки, Юртбошимиз кам таъминланган, ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқароларни қоғозда эмас, амалда қўллаб-қувватлаш, айниқса, ночор оилаларни уй-жой билан таъминлаш масаласини давлат сиёсати даражасига кўтариб, аҳолини рози қилиш Ўзбекистон сиёсатининг асоси эканини таъкидламоқдалар.

310

Очиғини айтиш керак, Ўзбекистонда кейинги 3 йил давомида юз берган ўзгаришлар жараёнида сиёсий партияларнинг ўзини томошабиндек тутаётгани ҳақида мулоҳазалар билдирилаётгани бежиз эмас. Буни парламент аъзоларининг икки марта Президентимиз томонидан кескин танқид қилинганидан ҳам сезиш мумкин. Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг 2017 йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномасида «… депутатлар, сенаторларимиз уйғониши керак, бу – ҳаёт талаби, деган гаплар гаплигича қолиб кетди,» дея бежиз таъкидланмади. Гарчи ушбу мулоҳазалардан кейин « ниҳоят сиёсий партиялар фаолиятида ижобий ўзгаришлар юз беради,» деган таҳминлар билдирилган бўлса-да, аммо ислоҳотлар шамоли ҳадеганда Олий Мажлиснинг маҳобатли биноси деворларидан ичкарига киритилавермади.

Тўғри, депутатларимизнинг ҳаммасини ҳам томошабин, ҳаммасини ҳам лоқайд, ҳаммасини ҳам сайловчи олдидаги бурчини унутганлар, десак хато бўлади. Лекин шуни тан олишимиз керакки, миллионлаб сайловчилар онгида қонун чиқарувчи даҳоларимиз бугунги ислоҳотларнинг етакчи кучига айланиш ўрнига уларнинг кетида эргашиб юрибдилар, деган фикр аллақачон шаклланиб бўлган. Албатта, бундай хулоса Олий Мажлис қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловлар 2019 йилнинг мамлакатимиз сиёсий ҳаётида ҳам туб бурилишлар йили бўлишидан далолат беряпти. Шу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёев даврида шаклланадиган илк депутатлар корпусига бугунги ислоҳотлар талабидан келиб чиққан ҳолда жуда катта масъулият юклатилиши айтилаётганини таъкидлаш жоиз. ЭНГ ЗАИФ БЎFИНлар ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Масалан, Президентимиз ўз фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ коррупция, маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик каби иллатлар давлат ҳокимиятини обрўсизлантириб, иқтисодиётнинг ўсиши ва тадбиркорликнинг ривожига жиддий тўсиқ бўлаётгани, коррупция балосини таг-томири билан йўқ қилиш учун бутун жамоатчилик оёққа туриши лозимлигини қайта-қайта такрорлаб келяпти. Бу борада муҳим қонунлар ҳам қабул қилинди. Вазият ижобий томонга ўзгаравермагач, 2019 йилнинг май ойида Президент қарори ҳамда унинг ижросини таъминлаш юзасидан Давлат дастури қабул қилинди. Бу борада турли идоралар, мутасадди ташкилотларга топшириқлар берилиб, тизимли ишлар йўлга қўйилди. Бу жараёнда айрим депутат ва сенаторларимиз ҳам ўзига хос таклифларни илгари сурдилар. Аммо масалага чуқурроқ ёндашилса, бирон-бир партиянинг коррупция масаласида бутун партия ресурсларини ишга солиб, тизимли ишлар олиб борганини, ОАВ воситалари орқали ҳеч бўлмаса ўз электорати вакилларини коррупцияга қарши курашга чорлаб, том маънода бонг урганини кўрмадик.
Президент томонидан ҳуқуқ-тартибот идоралари, айниқса, судлар, прокуратура тизимида йўл қўйилаётган хато ва камчиликларга нисбатан ҳам бир неча бор кескин муносабат билдирилди. Аммо сиёсий партияларимиз бу масалада ҳам ўзларини ўтга-чўққа урмадилар.

Яна бир муҳим масала. Қарийб 3 йилдирки, Юртбошимиз кам таъминланган, ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқароларни қоғозда эмас, амалда қўллаб-қувватлаш, айниқса, ночор оилаларни уй-жой билан таъминлаш масаласини давлат сиёсати даражасига кўтариб, аҳолини рози қилиш Ўзбекистон сиёсатининг асоси эканини таъкидламоқдалар. Мабодо бирон-бир нуфузли анжуман кун тартибига иккита масала киритилса, биринчиси албатта, камбағал ва етим-есирларга ёрдам кўрсатиш масаласи сифатида танлаб олиняпти. Аммо бу жараёнларда ҳам сиёсий куч эгалари ортиқча эҳтиросга берилмадилар. Айниқса, қарийб 30 йилдан бери кам таъминланган, ижтимоий муҳофазага муҳтож сайловчиларнинг қўллови туфайли парламентнинг салқин хоналарини эгаллаб келаётган, Сенатнинг маҳобатли залларини тўлдириб ўтирган партия вакиллари бирон-бир жўяли таклиф билдирдиларми? Ҳатто Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги арзон уйлар бўйича можаролар авжига чиқиб, ушбу масаланинг хукумат раҳбари даражасида муҳокама қилиниши эълон қилинганда ҳам қарсакбоз партия вакиллари томошабинлик минбаридан тушмадилар.


Маълумки, Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган асосий ғоя ва ташаббуслар иқтисодиётимиз билан чамбарчас боғлиқдир. Бунда айниқса, мулк ва мулкий муносабатларни такомиллаштириш, тадбиркорларнинг эмин-эркин фаолият юритишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, божхона, солиқ сингари тизимларнинг тартиб-таомилларини ўзгартиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Натижада, ўнлаб дастурлар, йўл хариталари ишлаб чиқилмоқда. Турли институтлар, вазирлик ва қўмиталар, олимлар ва ҳатто кеча ўқишга кирган талабаларгача бу борада ўз фикрларини билдиришмоқда.

 

Лекин бу масалада ҳам партияларимиз қўлларини кўксига қўйганча камтарлик йўлини тутдилар. Тасаввур қилинг, қаердадир тадбиркорнинг мулки, қаердадир фермернинг ери тортиб олиняпти, бир журналист бу ҳақда мақолалар ёзиб, репортажлар тайёрламоқда. Ҳатто хукумат мутасаддилари мавжуд ҳолатга муносабат билдиришяпти. Лекин «юқори»нинг раъйини кутишга кўниккан депутатларимиз одоб сақлашда давом этишяпти. Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг ўзимизда қиммат нархларда сотилаётгани хусусида матбуот жар соляпти, капитал қурилиш, таълим тизими коррупцияга ботиб кетди, дея хукуматнинг ўзи гапиряпти, судлар мустақиллиги қоғозда, Ўзбекистонни шарманда қилаётган айнан ушбу тизим эканидан нолиб, минг-минглаб тадбиркорлар, фуқаролар шикоят қилишяпти. Депутатларимиз эса яна кимдандир топшириқ кутгандек сукут сақламоқдалар.

Айрим таҳлилчилар кўпчилик депутатлар ҳалигача депутатликнинг асл моҳиятини тўла англаб етмаяптилар, деган фикрни ҳам билдиришмоқда. Уларнинг фикрича, аксарият халқ вакиллари ҳалигача ички қўрқувдан халос бўлолмаяптилар. Узоқ йиллар мобайнида депутатларимизнинг қон-қонига сингиб кетган ушбу иллатдан қутулишнинг ягона йўли эса мандатини хусусий мулкка айлантириб олган депутатлардан воз кечишдир.

Маълумки, кейинги кунларда барча сиёсий партиялар сайловчилар – электорат вакилларига «содиқ» эканликларини яна намойиш қила бошлашди. «Топган гул, топмаган бир боғ пиёз» қабилида турли корхона-ташкилотлар, кам таъминланган оилаларга ташрифлар уюштириляпти. Шу ўринда айтиш жоизки, гўё орада қарийб беш йиллик сукунат бўлмагандек, партия вакилларининг сайловчилар олдида очиқ-ойдин ялтоқланаётганликлари акс этган лавҳалар ижтимоий тармоқлардан тушмай қолди.

 

Машҳур Итальян файласуфи Никколо Макиавеллининг бир ибораси бор: «Шуни билингки, дунёда режалаштирилиши оғир, ижроси хавфли, муваффақияти эса мавҳум бўлган бир юмуш бор. У ҳам бўлса, эски тартиблар ўрнига янгиларини ўрнатишдир.»

Балки чиндан ҳам сиёсий кучларнинг кейинги йиллардаги фаолияти айнан эски тартибларни ўзгартиришга журъат топа олмаётганлари натижасидир. Тўғри, кейинги бир-икки ой ичида ХДП ва «Миллий тикланиш» сингари партиялар раҳбариятида ўзгаришлар юз берди. Аммо шунга қарамай, кўплаб фуқароларимиз айниқса, бугунги янгиланиш ва ўзгаришларни чин дилдан қўллаб-қувватлаётган юртдошларимиз мамлакат сиёсий майдонига янгича қарашларни ўзида мужассам этган янги партиялар кириб келиши лозимлигини таъкидлаяптилар. Чунки Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган ғоя ва ташаббуслар ижросини таъминлаш жараёнида ҳар томонлама кучли партияларга эҳтиёж сезилаётгандек. Ушбу рақамларга эътибор беринг: 2019 йилнинг олти ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг қонун ташаббускорлиги ҳуқуқи асосида атиги 9 та қонун киритилган бўлиб, шундан учтасигина сиёсий партиялар фракциялари томонидан тайёрланган.

Бундан ташқари, 6 ойда сиёсий партияларнинг фракциялари томонидан муайян масалалар бўйича бор-йўғи 26 та ташаббус илгари сурилган. Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан жами 8 та эшитув ўтказилиб, уларнинг бор-йўғи 6 таси муайян қонунлар ижросига қаратилган, холос. Бош Қомусимиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Давлатимиз раҳбари «Ҳаммамиз яхши тушунамизки, қонунларни қабул қилиш – бу ишнинг бир қисми, холос. Асосий масала – қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда қонун талабларига қатъий амал қилишни таъминлашдан иборатдир,» деган эдилар.

Сир эмаски, айни пайтда тобора глобаллашиб бораётган дунё аҳли ғоят мураккаб муаммолар билан юзма-юз келмоқда. Хусусан, дунёда рўй бераётган геосиёсий манфаатлар тўқнашуви, жаҳон бозоридаги беқарорликлар, айрим таҳлилчилар қайд этаётганидек, яна қайтарилиши мумкин бўлган жаҳон иқтисодий инқирози, табиий ресурслар учун кураш, энг ёмони коррупция ва «оммавий маданият» сингари кундан-кунга авж олаётган балоларнинг олдини олишдек масъулиятли жараёнларда аҳоли, айниқса, ёшлар онгига эзгу ғояларни синдира оладиган, юрт тинчлиги ва ватан равнақи учун жон фидо қилишга тайёр бўлган кучларга жуда катта эҳтиёж сезилади.

Аччиқ бўлса-да, бир ҳақиқатни тан олишимиз керак. 20 йилдан буён депутатлик мандатини йўқотиб қўйишдан чўчиб яшайдиган, бирон-бир масалада мустақил фикр билдирмайдиган депутатлар бор партияларимиз сафида. Улар учун партия ҳам, парламент ҳам аҳамиятли эмас. Улар учун энг муҳими хукумат поликлиникаси ва касалхонасига имтиёз берувчи ваколат эрталаб ва кечқурун маҳаллангга кириб чиқадиган хизмат машинаси… Улар депутатлик нишонисиз ўзларини ёмон ҳис эта бошлайдилар.
Маълумки, айни пайтда дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги партиялар хукумат ва фуқаролик институтларини боғловчи асосий тизимга айланди. Агар Цицерон даврида «партия» ва «фракция» сўзлари салбий маънода қўлланилган бўлса, бугунга келиб, ушбу институтлар оддий халқ ва хукумат ўртасидаги энг мустаҳкам кўприкка айланди. Аммо афсуски, кейинги йилларда айнан ана шу кўприкка нисбатан Ўзбекистонда ишонч йўқолгани бор гап. Буни кейинги йилларда оддий одамларнинг тўғридан-тўғри хукуматга мурожаат қилишни афзал кўраётганларида ҳам кўриш мумкин.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, бугун аксарият партияларимиз қари от қўшилган Қўқон аравани эслатяпти. От бечорани ҳар қанча қамчиламанг, барибир фойда йўқ…

Бошқача айтганда, юртимизда парламентнинг ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши ҳозирча орзулигича қоляпти. Юртбошимиз Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида Сенат фаолиятига тўхталиб, «Сенат деганда… халқ манфаатларининг чинакам ифодачиси ва ҳақиқий ҳимоячиси бўлган катта бир кучни тасаввур қиламиз», деган фикрни билдирдилар. Бундай таъкид замирида эса жуда чуқур маъно борлигини англаш қийин эмас. Зеро, қуйи палатадан ўтган қонунлар Сенатда ўз тасдиғини топмоқда. Аммо реал ҳаёт ҳақиқати кўплаб қонунларнинг ислоҳотлар самарасига таъсири етарлича эмаслигини, энг ёмони уларнинг ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишдаги роли пастлигича қолаётганини кўрсатяпти.

Хулоса қилиб шуни айтиш жоизки, юртимизда кечаётган бугунги тарихий ўзгаришлар, туб янгиланишлар даврида ислоҳотлар учун мукаммал ҳуқуқий механизмларни яратиб бера оладиган, энг асосийси эса ислоҳотлар ташаббускори бўлишга қодир миллий парламент шакллантирилмас экан, кутилган натижаларга эришиш қийин кечаверади.

Умид АРСЛОНБЕКОВ