ЕВРОПАГА ТАШРИФ САМАРАЛИ БОШЛАНДИ

Айни кунларда «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков бошчилигидаги делегация ишчи ташриф билан Европа давлатларида бўлиб турибди. Делегация аъзолари бир қатор илмий-тадқиқот, эксперт-таҳлилий йўналишдаги муассасалар, “Ақл марказлари” билан ўзаро ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйиш мақсадида қатор учрашувлар ўтказиб, музокара олиб боришмоқда.

26

Жумладан, жорий йилнинг 25 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонаси кўмагида Париж шаҳрида жойлашган Европа ривожланиш ва хавфсизлик институти тадқиқотчилари билан давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда «Тараққиёт стратегияси» маркази раҳбари томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг мазмун-моҳияти ва ижросини таъминлашга оид тақдимот ўтказилди. Унда франциялик эскпертлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгича давлат сиёсати, барча соҳаларда олиб борилаётган янгиланиш ва ўзгаришлар, инновацион ғоялар ва технологияларни иқтисодиётга, ижтимоий соҳа ва давлат бошқарувига жорий қилиш бўйича белгиланган комплекс чора-тадбирлар ва уларнинг натижалари билан батафсил таништирилди. Ўз навбатида, «Тараққиёт стратегияси» марказининг асосий мақсад ва вазифалари ҳақида ҳам йиғилганларга атрофлича маълумот берилди.

– Франция Ўзбекистон давлати раҳбарининг шахсий ташаббуси асосида олиб борилаётган туб ислоҳотлар, жумладан, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, минтақани хавфсиз ва барқарор ривожланиш зонасига айлантиришга қаратилган сиёсатини юксак баҳолайди, – деди Европа ривожланиш ва хавфсизлик институти директори Э.Дюпюи. – Айниқса, Ўзбекистоннинг минтақадаги сув муаммоларини ҳал қилишда эришаётган ютуқларини юқори баҳоламоқ лозим.

Элдор ТУЛЯКОВ,

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори

Шунингдек, Э.Дюпюи Ўзбекистон Президентининг терроризм ва диний экстремизмга қарши кураш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, бу ғояларнинг ҳаётга татбиқ этилиши нафақат Марказий Осиё, балки халқаро ҳамжамият учун ҳам фойдадан холи бўлмаслигини ҳамда Франция Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибасини ўрганиши ва қўллаши мумкин эканини эътироф этди.

Э.Дюпюи икки мамлакат тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорлик масалаларига тўхталар экан, у раҳбарлик қилаётган Европа ривожланиш ва хавфсизлик институти Ўзбекистоннинг «Ақл марказлари» билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қилди. Шу билан бирга, у раҳбарлик қилаётган институт франциялик экспертлар билан ҳамкорликда «Марказий Осиё давлатлари: мустақилликдан 30 йил ўтгач» мавзусида тадқиқот ишлари олиб бораётганини таъкидлади.

 

Европа ривожланиш ва хавфсизлик институти етакчи эксперти Ж.Эстиневарт эса, ўз сўзида узоқ йиллар мобайнида наркотрафикка қарши курашиш бўйича Европа Иттифоқи тузилмаларида ишлаганини, шундан келиб чиқиб, Афғонистонда гиёҳванд моддалар етиштириш йил сайин ўсиб бораётганидан хавотирланаётганини билдирди. Ўзбекистоннинг бу масаладаги қатъий позициясини эътироф этган ҳолда, гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича Европа тузилмалари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигига эътибор қаратди.

Марказ раҳбари Э.Туляков бунга жавобан, жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида «Марказий Осиё – умумий уйимиз» мавзусида халқаро конференция ўтказилиши, унда Марказий Осиёда миллатлараро зиддиятлар таҳдидларига қарши биргаликда курашиш ва миллатлараро тотувлик тамойилларини тасдиқлаш учун тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, гиёҳвандликка қарши курашиш масалалари ҳам кенг муҳокама қилинишини таъкидлаб, Франция томонини мазкур тадбирга таклиф қилди.

Европа Иттифоқи масалалари бўйича Франция институти эксперти К.Делару Франциядан Европа парламенти депутати ёрдамчиси бўлган П.Лалонда Марказий Осиё мавзуси бўйича бир қатор илмий-тадқиқот ишларини олиб борганини қайд этиб ўтди. Унинг фикрига кўра, Европа парламенти Ўзбекистонда амалга оширилаётган янги босқичдаги ислоҳотларни диққат билан кузатмоқда ва бу, Европа парламенти аъзолари томонидан ижобий баҳоланмоқда. Депутатлар томонидан мамлакат тараққиётининг барча жабҳаларида қилинаётган ижобий саъй-ҳаракатлар, шу жумладан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланишнинг олдини олишда эришилган ютуқлар алоҳида эътироф этилмоқда. Бу борада Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни яна кенгайтириш долзарб экани айтиб ўтилди.

Давра суҳбати якунида «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамда Европа ривожланиш ва хавфсизлик институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

«ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ» маркази ахборот хизмати