ОЧИҚ МУЛОҚОТДА «ЁПИҚ» МАСАЛАЛАР ҲАМ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

64

Маълумки, тўрт мингйиллик тарихга эга бўлган Чуст ўзининг қўли гул ҳунармандлари, айниқса, дунё тан олган пичоқ ва дўппилари билан довруғ қозонган. ЎзМТДП Наманган вилояти кенгаши раиси Ғайратжон Тўйчибоев, «Ҳунарманд» уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Жаҳонгир Валиев, Чуст тумани ҳокими ўринбосари – туман хотин қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўриновалар модераторлик қилган тадбирда ушбу йиғилиш учун бежиз айнан ушбу туман танланмагани таъкидланди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда миллий ҳунармандчиликни тараққий эттириш учун изчил саъй-­ҳаракатлар олиб борилмоқда. Ҳунарманд аҳли ҳам халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлашда ўз ўрнига эга. Айниқса, Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, ҳунарманд ларни ҳар томонлама қўллаб­ қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонидан кейин Наманганда ҳам оилавий тадбиркорлик, ҳунармандлик билан шуғулланаётганлар учун қулай шарт­шароитлар яратилиб, қўшимча имкониятлар берилди.

– Бугунги мулоқотдан кўзланган мақсад ҳунармандлар фаолияти билан яқиндан танишиб, уларнинг муаммоларини атрофлича ўрганиш, – деди ЎзМТДП вилоят кенгаши раиси Ғайратжон Тўйчибоев. – Чунончи, юксак эстетик қимматга эга бўлган миллий ҳунармандчилик турларини қайта тиклаш ва соҳани ривожлантириш, бу йўналишдаги қадимги мактаблар анъаналарини сақлаб қолиш партиямизнинг устувор вазифаларидан ҳисобланади. Бу борада фаолларимиз ва депутатларимиз томонидан амалий ишлар олиб борилмоқда. Айтиш лозимки, Президент фармони ва қарорларига биноан, «Ҳунарманд» уюшмаси аъзоларига 42 та имтиёз берилгани соҳа ривожига хизмат қилиш билан бирга уюшманинг ўрни ва нуфузини ҳам оширди. Қолаверса, ҳунармандчиликни ривожлантириш мақсадида уларга ускуна сотиб олиш учун 8 фоизли, маҳсулот харид қилиш учун эса 16 фоизли имтиёзли кредит ажратиш назарда тутилган. Шу ўринда мазкур ҳужжатлар қабул қилингач, Наманганда «Ҳунарманд» уюшмасидан рўйхатдан ўтган ҳунармандлар сони уч баробарга ошиб, 2 минг 500 нафарга ошганини таъкидлаш жоиз. Айни пайтда вилоят ҳунармандлари республика ва халқаро миқёсдаги фестивал, савдо кўргазмаси ва бизнес анжуманларида ҳам фаол иштирок этишмоқда. Яқинда Беларусь Республикасида бўлиб ўтган икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокидаги форумда ҳам миллий ҳунармандчилик намуналари, хусусан, Чуст пичоқлари ва дўппиларига катта қизиқиш билдирилди. Мулоқотда ҳунармандчилик маҳсулотларини ташқи бозорда ҳам кенг тарғиб этиш мақсадида Чустда «Дўппи тикдим ипаклари тиллодан» мавзуида халқаро фестивал ўтказиш режалаштирилаётгани маълум қилинди. Дебатда «Мадина Зиё» ўқув маркази раҳбари, «Ташаббус ­2019» республика кўрик ­танлови ғолиби, партия фаоли Мадина Ваҳобова, тунукасоз ­уста Олимжон Охунов, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси Воҳиджон Ғиёсовлар сўзга чиқиб, соҳа вакилларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлайдиган алоҳида қонун ишлаб чиқиш, ҳунармандларга кўрсатиладиган банк хизматларини осонлаштириш, бир қатор имтиёзлар берилганига қарамай, кредит олишдаги муаммоларни бартараф этиш, усталарга ер­жой ажратиш каби долзарб масалаларни тезда кўриб чиқиш лозимлигини таъкидладилар. Партия Дастури ва 2020­2025 йилларга мўлжалланган сайловолди платформасида ҳам ушбу масалалар ўрин олиши лозимлигини қайд этдилар. Тадбирда Наманганда ҳунармандчиликнинг дўппидўзлик, пичоқчилик, чеварлик, дурадгорлик, ўймакорлик турлари оммалашгани ҳолда кулолчилик санъати ниҳоятда оқсаётганига ҳам эътибор қаратилди. Бор ­йўғи икки нафар ҳунарманднинг кулолчилик билан шуғулланаётгани ачинарли ҳол, албатта. Ваҳоланки, қўшни Фарғона вилоятининг биргина Риштон туманида 4 минг нафар кулол бор. Мулоқот якунида партия ташкилоти фаоллари ҳунармандларнинг таклифмулоҳазлари, мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда мазкур йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифаларни белгилаб олдилар.

Оқилхон ДАДАБОЕВ, «Иқтисодий Газета»нинг Наманган вилоятидаги мухбири