ЭРТАГА КЕЧ БЎЛАДИ!

38

Одамлар аксарият ҳолларда ўз ихтироларининг «қули»га айланиб қолганига тарихдан истаганча мисоллар келтириш мумкин. Айни пайтда ХХ асрнинг буюк кашфиётларидан бири саналган интернет хусусида ҳам ана шундай фикрлар билдириляпти. Бундай хулосалар қанчалик ҳақиқатга яқин ёки аксинча эканини англаш учун эса атрофимизга назар ташлашнинг ўзи кифоя.
Статистик маълумотларга кўра, жаҳон миқёсида интернетдан фойдаланувчилар сони бир кунда 1 миллион кишига ортяпти. Бу ҳар бир сонияда 11 киши виртуал олам фуқаросига айланмоқда, деганидир. 2019 йилнинг январь ҳолатига жами интернетдан фойдаланувчилар сони 4,39 миллиарддан ошди.
Шуни эътироф этиш жоизки, 1969 йили АҚШда пойдеворига илк ғишти қўйилган ушбу тизим 50 йил ичида дунёни батамом эгаллади, инсоният қарашлари, миллат ва элатларнинг урф-одатлари ва анъналари, яшаш тарзига истаганча таъсир эта оладиган қуролга айланди.

Ҳа, чиндан ҳам интернет бугунга келиб ҳаётимиз, айниқса, ёш авлод турмуш тарзининг ажралмас қисми бўлиб қолди. Энди уни тақиқлаш, йўлига «Хитой девори» тиклаш, ўғил-қизларимизни турли йўллар билан ундан узоқлаштиришга уриниш салбий оқибатларга олиб келиши муқаррар. Ўзи шундоқ ҳам ҳаётий муаммолар, муносабатлардаги зиддиятлар туфайли ўзаро ришталар нозиклашиб, аждодлар ва авлодлар ўртасидаги масофа кенгайиб бормоқда. Бунинг объектив ва субъектив сабаблари бор, албатта. Бунга кимлар ва нималар сабабчи экани ҳақида тинимсиз баҳслашиш ҳам мумкин. Энг қизиғи, аксарият ҳолларда ана шундай баҳсу мунозаралардан кейин ҳар ким ўз фикрида қоляпти. Ва, буни демократия, фикрлар хилма-хиллигига йўйиб, ҳар кимнинг ўз қарашлари бўлиши мумкин, дея хулоса чиқаряпмиз.
Аммо бундан 50-60 йил илгари йўл қўйилган хатолар туфайли инсоният бир неча авлодни бой берганини тан олгимиз келмаяпти. Бой берилган авлод, унутилиб бораётган қадрият ва урф-одатлар, кўз олдимизда тобора қадрсизланаётган анъаналаримиз эса маънавий инқирозни яқинлаштирмоқда.
Булар ортида асосан ижтимоий тармоқларда ёшларга ибрат ва намуна сифатида тақдим этилаётган эркин ҳаёт, ҳар қандай чиқишида фаҳш ва беҳаёликни тарғиб этаётган бир сиқим иймонсиз кимсалар турганини афсуски, дунё жамоатчилиги кеч англади.

Тўғри, бундай мулоҳазаларга эътироз билдираётганларни ҳам тушуниш керак. Ижтимоий тармоқлар, Facebook, Telegram ва YouTubeлар чиндан ҳам ноёб кашфиёт.

Улар туфайли одамларнинг оғири енгил, узоғи яқин бўлди, тараққиёт том маънода тезлашди. Бугунга келиб интернет ёрдамида энг сўнгги – тўртинчи саноат инқилоби сари дадил одимлаяпмиз. Интернет, компьютер технологиялари имкониятлари ёрдамида ўзга сайёралар тадқиқ этиляпти. Уларда ҳаёт бор, деган тахминларни ҳам илгари сура бошладик.

Бундан ҳеч ким кўз юммаяпти. Аммо ана шу воситалар одамлар, айниқса, ёшларни қулга айлантираётганини, барқарор тарзда ўзига қарам қилиб қўяётганини, энг ёмони уларни жисмонан ва руҳан хаста бўлишларига хизмат қилаётганини тан олмаслик мумкин эмас. Айнан интернет орқали махсус кучлар, марказлар, турли миллат ва элатларнинг қадриятлари, урф-одат ва анъаналарини чил-парчинқилмоқда.

Тилини, тарихини илдизларидан узоқлаштиряпти. Глобал ахборот тизимининг беқиёс имкониятлари эса инсониятни аллақачон тўртинчи жаҳон уруши қатнашчисига айлантириб бўлди. Агар эътиборсизлик қилишда давом этаверсак, бу – демократия, бу – фикрлар хилма-хиллиги, дея бағрикенгликка берилаверсак, жанг майдонидаги энг чуқур жарликка қулаш жараёни тезлашади, холос.
Аччиқ ҳақиқат шундаки, айни пайтда бутун дунё аҳли билан бир қаторда Ўзбекистон ҳам маънавий таназзул ва маърифатсизликнинг энг кир кўринишларига гувоҳ бўляпти. Биз одатда меҳрибон, мунис сўзларини қўшиб ишлатадиган айрим опа-сингилларимизнинг ижтимоий тармоқларда тобора тубанлашиб бораётганлари, қўшни қўшнини, ўртоқ ўртоғини, ходим ўз бошлиғини суратга олиб, унинг кирдикори, хатоси, алжирашларини кўз-кўз қилиши оддий ҳолга айлангани ҳам тубанликнинг юқори нуқтасидир.
– Бу фақатгина бизнинг мамлакатимизга хос эмас, – дейди «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Алишер Қодиров «Ишонч» газетасига берган интервьюсида. – Ҳозирда бутун дунёда инсоннинг маънавий қиёфаси муаммоси пайдо бўлди. Энг ривожланган давлатлар ҳам, ҳар қанча тараққий этган бўлмасин, бу муаммони енгишда баъзан ожизлик қилмоқда. Муаммо илдизи эса инсониятнинг туганмас моддий эҳтиёжлари (нафси)нинг ошиб бориши билан ҳам боғлиқдир. Яъни нафс йўлида баъзан инсонийлик чегарасидан чиқиб кетиш ҳолатлари бугун тез-тез кузатилмоқда. Буни ижтимоий тармоқлардаги «Эркинлик – чексиз, чегарасиз, уни бўғиш инсон ҳуқуқларини оёқ ости қилишдир» қабилидаги фикр (пост)лар ва уларни қўллаб-қувватловчи нишон (лайк)лар ҳам исботлаб турибди.

Бугун ҳаммамиз виртуал оламда яшаётганимизни инкор этиб бўлмайди. Ижтимоий тармоқлар фикр ва мулоҳазаларнинг асосий майдонига айлангани ҳам рост.
Бугун ахборот қуролга айланиб улгурганлигини ҳам тан олмасликнинг иложи йўқ. Буни яқин ва йироқ мамлакатлар ҳаёти мисолида ҳам кўриб турибмиз. Ўзбекистон ривожланиш йўлидан кетаётган бир пайтда ўзининг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий манфаатларини ҳимоя қилишни хоҳлайдиган кучлар пайдо бўлиши ҳам табиий бир ҳол. Улар жамиятимиздаги ана шу кичик ҳолатлардан ҳам катта зиддиятлар, катта воқеликлар келтириб чиқаришга уринади. Агар ёш авлод маънавиятини, маърифатини юксалтирмас эканмиз, бу курашда ғолиб бўлишимиз қийин кечади.

Буюк давлат арбоби Маҳатма Ганди «Уйимизга тоза ҳаво кириши учун деразаларни очсак, шабада билан бирга чанг, ғубор ва довуллар ҳам ёпирилиб кириб келади, бизни безовта қилади, ҳатто, талофат ҳам етказиши мумкин», деган эди. Бугунги дунёда кечаётган интеграциялашув жараёнида чиндан ҳам ахборот оқими қуюқлашди. Айниқса, бунда ижтимоий тармоқларнинг катта ҳиссаси бор. Қайси ахборот тўғри, қайси бири холис, қайси бирида ғараз бор, ажратишга ҳаракат қилмай, бирваракайига қабул қилинмоқда…
Ҳа, чиндан ҳам Алишер Қодиров таъкидлаганидек, бугун ким аслида ким, деган саволга аниқ ва лўнда жавоб қайтарилиши талаб этилмоқда. 33,5 миллионли улкан оиланинг ўз манзили сари дадил одимлаши, ҳар бир оила аъзосининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини истаган киши ҳеч қачон оила йўлига тўғаноқ бўлмайди. Ҳали дунёқараши, тафаккури шаклланиб улгурмаган фарзандларини йўлдан уришга уринмайди. Аммо оғзига талқон солиб олган айрим мутасаддилар, ўз бурчи, вазифасини унутган маҳалла вакиллари, ташаббуссизликка кўникиб қолган ўқитувчилар, энг аввало лоқайд ота-оналарнинг эътиборсизлиги, хатолари туфайли эса аксарият болаларимиз ижтимоий тармоқларнинг «ўгай фарзанди»га айланиб, унинг макру ҳийласи олдида тиз чўкиб бўлди.

Энди уларни «чинакам оила»га қайтариш осон кечмайди. Бундан буён биз фарзандларимизга дўст бўлиш, улар кўнглига йўл топиш орқалигина уларни Маҳатма Ганди айтган чанг, ғубор ва довуллардан огоҳ эта оламиз.

Маънавият ва маърифатчиларимиз томонидан эса айни пайтда Ўзбекистонда узлуксиз тарбия методикаси ишлаб чиқилиб, унга асосан фарзанд тарбияси онанинг хомиладорлик давридан бошланиб, 18 ёшида мактабни тамомлаб, катта ҳаётга қадам қўйиши билан тугалланиши белгиланганини қайд этмоқдалар. Бунда мутахассислар тарбия бутун умр давом этади, дегувчилар қарашини инкор этмаган ҳолда, ТАРБИЯ пойдевори айнан ана шу даврда якуний шакл олиб бўлишини таъкидламоқдалар. Шунингдек, соҳа мутахассислари мактабларда ўргатиладиган фан дарсликлари билан теппа-тенг тарбия дарслиги ҳам жорий этилиши, «Одобнома», «Миллий ғоя» сингари турлича номлар билан чиқарилган дарсликлар бугун барчамизни тарбиядан чалғитаётганига эътибор қаратишмоқда.

Хулоса қилиб шуни айтиш жоизки, ниҳоят Абдулла Авлонийнинг «Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир» деган гаплари тўғри англанаётган кўринади. Яъни инсонни ўзгартирсаккина, жамиятни ўзгартириш мумкин бўлади.

Улуғбек АБДУРАҲМОНОВ,
«Иқтисодий Газета» шарҳловчиси