ҚАРАМЛИК ҚАЧОНГАЧА?

210

Қўмита мажлисида айни шу масала бўйича Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг ҳисоботи ҳам эшитилди.

Маълумки, Президентимизнинг 2019 йил 1 майдаги «Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори маҳаллий ва хорижий бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Гарчи бу йўналишда ижобий ишлар амалга оширилаётган бўлса-да, айрим вазирлик ва идоралар, ҳудудий корхоналар, жисмоний шахслар томонидан Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга ўхшаш ва асосий фаолиятига хос бўлмаган товарлар импортини амалга ошириш давом этмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 878,8 миллион долларга тенг бўлган ўзимизда ишлаб чиқарилаётган товарлар импорт қилинган. Жумладан, «Ўзавтосаноат» АЖ, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, «Ўзметкомбинат» АЖ, «Ўзэлтехсаноат» АЖ, «Ўзчармсаноат» уюшмаси, Олмалиқ КМК томонидан республикамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга ўхшаш товарлар четдан сотиб олинган.

Бу борада етарли даражада назорат олиб борилмаётганлиги сабабли эса айрим ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари маҳсулотлар божхона қийматини камайтириб, баъзи ҳолларда эса кўпайтириб кўрсатишлари натижасида импорт қилинган маҳсулот ички бозорда 35 баробарга қимматга сотилмоқда.

Шу каби муаммолар ҳамда олинган маълумотлар таҳлилидан келиб чиқиб, мажлисда маҳаллий ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли товарлар билан тўлдириш, ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотларнинг ҳажмларини ошириш, импорт қилинаётган маҳсулотларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш, уларни маҳаллийлаштириш бўйича белгиланган вазифаларнинг Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан ижро этилиши талаб даражасида эмаслиги қайд этилди.

Мажлисда назорат йўқлиги ва тегишли чоралар кўрилмаганлиги натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида тармоқ корхоналари томонидан умумий қиймати 340 миллион доллар бўлган 8 объект ишга туширилмагани ҳам қайд этилди.

Маъмуржон ЮЛДОШЕВ тайёрлади.